Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон қамоқхонасида яна бир диндорнинг вафот этгани маълум бўлди

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳбуба Қосимованинг маълум қилишича, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги қамоқхонадан Оқилхон Зиёхоновнинг жасади чиқарилган.

"Эзгулик" жамиятининг Маҳбуба Қосимовадан иқтибос келтиришича, 60 ёшли Зиёхоновнинг жасади шу ой бошида яқинларига топширилган ва тупроққа қўйилган.

Ўлим тафсилотлари маълум эмас.

"Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятига кўра, 60 ёшли Оқилхон Зиёхонов бундан ўн уч йил муқаддам Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, наркотик моддалар ва қурол-яроқ сақлашда айбланиб, аввалига 8 йилга, 2004 йилда эса айни айблов билан яна беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Image caption БМТ маърузачиси Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларнинг мунтазам қўлланилишини айтган

2003 йилнинг февраль ойи аввалида амнистия билан жазо муддатини ўташдан озод қилинган Оқилхон Зиёхонов иккинчи марта жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани суди ҳукми билан 5,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

2004 йилдаги террорчилик ҳаракатлари содир этилиши ҳамда валютафурушликда айбланган Зиёхонов шундан бери қамоқда сақланаётган бўлган.

Оқилхон Зиёхонов таниқли имом Обид қори Назаровнинг издоши сифатида кўрилган.

Ўзбекистон расмийлари Обид қори Назаровни ваҳҳобийлик диний оқимининг раҳнамоларидан бири сифатида айблайдилар.

"Эзгулик" жамияти Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, Оқилхон Зиёхоновнинг вафоти, унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани эҳтимолига ойдинлик киритишни сўраган.

Собиқ милиционер

Ҳозирда Швецияда бошпана топган Обидхон қори Назаров марҳумни "ажойиб инсон эди" деб хотирлайди.

Унга кўра, Оқилхон Зиёхонов ўтмишда ички ишлар тизимида хизмат қилган, аммо Исломни яқиндан таниганидан сўнг, ДАН ходимлигидан истеъфо берган.

"У киши нафақат бизга, балки бошқа холис имомлар ва мусулмонларга ҳам яқин эди",- дея хотирлайди Би-би-си билан суҳбатда Обидхон қори Назаров.

Собиқ имомнинг айтишича, Оқилхон Зиёхонов ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлагани учун давлат идоралари билан зиддиятларда мусулмонларга ўз маслахатлари билан ёрдам берган.

Обидхон қори Назаров Зиёхонов Ўзбекистондаги бошқа кўплаб мусулмонлар қатори ноҳақ айбланганини айтади.

Би-би-си билан суҳбатда таниқли имом ўзбек ҳукуматини араб дунёсидаги ўзгаришлардан хулоса чиқариш ва мусулмонларга қарши тазйиқларга чек қўйишга чақирди.