Сергей Ежков: 'Бин Лодиннинг ўлими Ўзбекистон учун янгилик эмас'

Image caption Президент Бердимуҳамедов билан матбуот анжуманида жаноб Каримов Бин Лодиннинг ўлимига "Покистондаги сўнгги ҳодиса" дея ишора қилган.

Жаҳон матбуоти ўзбек оммавий ахборот воситаларининг Бин Лодин ўлимини ёритмаганига эътибор қаратган.

"Ўзбекистон ўн йилликнинг янгилигини ёритмади" деб сарлавҳа қўйган ўз мақоласига Британияда чиқадиган The Telegraph рўзномаси.

"Телеграф" га кўра, Ўзбекистон рўзномалари ва телевидениеси ушбу хабарни ёритмаган дунёдаги ягона матбуот деган ғалати шарафга муяссар бўлган бўлса, ажаб эмас.

Британ рўзномаси Ўзбекистон ҳукуматининг минбари бўлган "Правда Востока" рўзномаси вакилининг "интернет бўлмагани учун Бин Лодиннинг ўлгани ҳақида хабар беролмадик" деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Би-Би-Си ўзбек матбуоти Ал-Қоида раҳбарининг ўлими борасида нима учун сукут сақламоқда, деган савол билан "Правда Востока" рўзномасининг собик ходими ва ҳозирда Узметроном нашри бош муҳаррири Сергей Ежковга мурожаат қилган.

Сергей Ежков: Бу ерда гапирадиган нарсанинг ўзи йўқ. Ҳамма нарсани гапириб бўлишди. Биз янги бир нарсани қўшимча қилолмаймиз. Умуман, ким бўлишидан қатъий назар, бировнинг ўлимига хурсанд бўлиш яхши эмас. Шахсан мен ҳам бу ҳақда ҳеч нарса ёзганим йўқ. Чунки ҳамма ёзиб, хабарнинг сийқасини чиқариб бўлди. Шунигш учун маҳаллий даражада бир нарсани ёзиб ўтириш ортиқча. Одамлар шундоқ ҳам ҳамма нарсадан хабардор.

Би-би-си: Ўз вақтида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари дунёни ларзага солган Нью Йорк ва Вашингтондаги ҳужумлар ҳақида орадан икки кун ўтиб, хабар берган эди. Бу каби воқеаларни ёритишда қандайдир бир мантиқ амал қиладими?

Сергей Ежков: Ҳа, шундай бўлган. Бу маслаҳатлашув жараёни билан боғлиқ. Биласиз-ку, ўзбек матбуоти маслаҳатлашмасдан ҳеч нарса ёзмайди. Масалан, Россия телеканалининг Ўзбекистондаги русларнинг аҳволига бағишланган сюжетига ҳам орадан икки ҳафта ўтиб, муносабат билдирилди. Аммо бу давлатниннг эмас, балки матбуотнинг муаммоси. Бу давлатнинг айни воқеага муносабатини англатмайди. Бу ерда ҳеч қандай сиёсий сабабни қидириб ўтиришига ҳожат йўқ.

Би-би-си: Аммо Президент Каримов Президент Бердимуҳамедов билан матбуот анжуманида Бин Лодиннинг ўлимига "Покистондаги сўнгги ҳодиса" деб ишора қилди, аммо унинг номини тўғридан-тўғри тилга олишдан қочди. Бин Лодин номини тилга олмаслик айнан президентдан чиқмаяптими?

Сергей Ежков: Мен ўйлайманки, агар Гурбангули Бердимуҳамедов билан матбуот анжуманида Ислом Каримовга "сиз АҚШ денгиз кучлари Бин Лодинни ўлдирганига қандай қарайсиз," деб савол беришганида, у бу саволдан қочмаган ва албатта, жавоб берган бўлар эди. Аммо тўғридан-тўғри савол берилмагани ва матбуот анжуманининг мавзуси икки томонлама муносабатлар бўлгани учун президент ҳеч нарса демади.

Би-би-си: Бу яна бир марта Ўзбекистонда цензуранинг мавжудлигини кўрсатмайдими?

Сергей Ежков: Йўқ менимча. Цензура-ку йўқ, аммо ҳамма тепага қараб, иш қилади. Иккинчи томондан, Ўзбекистон телеканаллари "Евронюс" ва бошқа халқаро каналларнинг янгиликлари асосида блоклар қилишади ва уларда ҳамма нарса берилди. Мен Бин Лодиннинг ўлими ҳақидаги хабар берилди. Очиғи, мен қайдайдир жўн ўзбек сиёсатшуносининг Бин Лодиннинг ўлими ҳақида биронта янги гап айтишини тасаввур ҳам қилолмайман.

Би-би-си: Аммо иккинчи томондан, ўзбек матбуоти, дейлик, Англиянинг чекка бир минтақасида юз берган ва биз Лондонда ўтириб, эшитмайдиган кичик бир сув тошқини ҳақида батафсил ахборот беради.

Сергей Ежков: Қайтараман, бу халқаро янгиликларда. Халқаро янгиликларда Бин Лодиннинг ўлимини беришди. Бу ерда ҳар-хил майда -чуйда газетлар кўп. Уларда ҳам бу ҳақда ахборот бор.

Би-би-си: Расмий матбуотнинг Бин Лодин ўлимини ёритмагани унинг Ўзбекистон ҳукумати учун аҳамиятсиз эканини англатадими? Умуман, ҳукумат учун бу қандай янгилик, деб ўйлайсиз?

Сергей Ежков:Биласизми, бу ҳеч қандай янгилик эмас. чунки Бин Лодин бир рамз, холос. Бин Лодинни бартараф этиш билан Қўшма Штатлар халқаро терроризмни бартараф этгани йўқ. Русларда "муқаддас жой бўш қолмайди" деган нақл бор. Бин Лодин йўқ қилинди, аммо унинг ташкилоти йўқ қилингани йўқ. Терроризмнинг сабаби хали ҳам турибди. Шунинг учун менинг назаримда бу ҳеч қандай янгилик эмас. Хўп, йўқ қилишди, барака топишсин. Аммо кейин-чи?..

Би-би-си: Яъни сизнингча, Бин Лодиннинг ўлими, у билан алоқаси бор, деб кўриладиган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сингари ташкилотларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайдими?

Сергей Ежков: Албатта йўқ. Тажриба шуни кўрсатадики, террорчи ташкилотлар уларнинг раҳбарлари йўқ қилинганидан кейин йўқ бўлиб кетмайди. Бир одамнинг ўрнига бошқаси келади. Шунинг учун ҳам бу Ўзбекистон учун ҳеч қандай янгилик эмас.