Каримов араб инқилоблари ва Андижон воқеалари учун ташқи кучларни айблади

Image caption Ўзбекистон президенти учинчи кучлар хавфи ҳақида аввал ҳам бир неча бор гапирган, бироқ аниқ далил-исботлар келтирмаган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов араб давлатларидаги инқилоблар ташқи кучлар томонидан бошланганини иддао қилган. У, шунингдек, олти йил аввал Андижонда бўлиб ўтган хунрезликларни "тушунмовчилик" дея тасвирлаб, араб дунёсидаги ҳодисаларга солиштирган.

Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан нутқ сўзлаган президент "катта бойликка" эга мамлакатлардаги нотинчликларни савол остига олди, бироқ бу мамлакатлардаги оддий аҳоли қандай аҳволда кун кечирганига тўхталмади.

"Нима учун тинчгина юрган энг бой давлатлар бундай кунларга келди? Бунинг сабаби нима деб сўрайдиган одамлар ҳозир жуда кўп. Хулоса шундан иборатки, араб давлатларини оламини бузиш, тинчлигини бузиш, бир-бирига қарши қўйиш, албатта бу четдан туриб таъсир ўтқазмасдан туриб бу нарса бўлмайди. Буни халқимиз тўғри тушуниши керакки, албатта бу кимнингдир режаларига киради. Катта кучларнинг режаларига киради. Жуда катта бойликка эга бўлган юрт бунақа бузғунчилик, бунақа қарама-қаршилик, бунақа урушларни тасодифан пайдо бўлишига ман ишонмайман", деди Ислом Каримов.

У Андижон воқеаларини ҳам учинчи кучлар таъсир билан боғлади.

"Ман бир вақтлар айтувдим, Андижон воқеалари билан ўзимизнинг Ўзбекистонда бўлган ҳодисаларни эсласа агар, шу пайтда айтувдимки, минг афсуски, қайси давлат ерости ва ерусти бойликларига эга бўлса, нефть ва газ билан бой бўлса агар, бу давлатларда бундай тушунмовчилик, бир қарашда тушунмовчилик деймиз (бўлади). Орасига адоват уруғини сепиш, бир қарашда ҳуддики ичидан чиқаяпти, чуқурроқ қарайдиган бўлсак, албатта четдан туриб таъсир бўлмаса, кимкидир тайёргарлик кўриб, катта маблағ бунга ташлаб, четдан таъсир қилмаса, ўйлайманки бунақа можаролар, бундай зиддиятлар ҳеч қачон бўлмайди", деди Каримов жаноблари.

Аммо, у шу йилнинг январида Тошкентда Вазирлар Маҳкамасининг йиғинида гапира туриб Андижондаги ҳодисалар ортида ижтимоий муаммолар турганини тан олган ва маҳаллий ҳукуматни айблаганди.

"Андижон раҳбарлари қандайдир бемаза ишларга берилиб, ўзини йўқотиб, бепарво бўлиб, ҳаром ишларга берилиб кетганлари шунча одамларни хароб қилди. Мана шу Андижон воқеаларида қатнашганларни ҳам мана, вақт ўтганда айтмоқчиман", деб айтганди у кечаги баёнотидан фарқли ўлароқ.

Хўш, ўзбек президентининг янгича қарашлари нақадар асосли? Би-би-си бу савол билан Лондон Университетининг Шарқ ва Африка Тадқиқотлари Институти илмий ходими Алишер Илҳомовга мурожаат этди.

Илҳомов: Араб давлатлари борасидаги баёнотига келсак, ё президентнинг ўзи чуқур адашаяпти, ёки атайлаб бошқача талқин қилишга уринаяпти ва одамларни алдашга уринаяпти. Чунки инқилоблар бошланган Тунис ва Мисни оладиган бўлсангиз, у ердаги оммавий ғалаёнлар ҳатто Ғарб давлатлари учун ҳам кутилмаган воқеа бўлди. Улар учун бу нафақат кутилмаган ҳодиса, балки исталмаган ҳодиса эди. Тунис ва Мисрдаги рахбарларни Ғарб дастаклаб келаётганди. Бу икки мамлакатда нефть ё газнинг йирик заҳиралари йўқ. Ливияда, тўғри, табиий бойликлар кўп, лекин Шимолий Африкада домино эффекти юз берган, бирида бўлган нотинчлик иккинчисига таъсир қилган ва умумий тил араб тили бўлгани, улар қўшни давлатлар экани, ҳамда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазият рол ўйнаган.

Би-би-си: Лекин, жаноб Каримовга кўра, Ўзбекистон бойликларига кўз олайтираётганлар бўлиши мумкин.

Илҳомов: Ўзбекистон нефть ва газ заҳираларига бой давлат эмас. Унда газни экспорт қилиш салоҳияти бор, лекин масалан Туркманистондагичалик эмас. Жаҳон газ бозорида у муҳим мамлакат ҳисобланмайди. Нефтга келсак, Ўзбекистон нефть учун бошқа мамлакатларга қарам бўлиб қолган, у ҳали ҳам бензинни қўшни мамлакатлардан сотиб олади. Ўзбекистон ўта бой заҳираларга эга деган эскича бу таассурот шахсий асосларга эга. Ундан ташқари Ғарб ҳам, АҚШ, Россия ва Хитой Ўзбекистондаги раҳбарга пул тикишган, улар Ўзбекистонда тинчлик бўлишидан манфаатдорлар. Айниқса Афғонистондаги можаро ҳисобга олинса.

Би-би-си: Нима учун унда Президент Каримов учинчи кучлар ҳақида гапираяпти? Ёки халқ шундай баёнотни эшитишни истайди деб ўйлайдими?

Илҳомов: Бу бир андозага айланиб қолган усулдир. Афсонавий учинчи кучлар тилга олинади, лекин ҳеч қандай далил-исбот ёки тасдиқловчи фактлар келтирилмайди. Бундай баёнотларга асос бўладиган қарашларнинг ўзи янглиш қарашлар. Учинчи кучлар ҳақидаги огоҳлантиришларни маълум турдаги режимлар бўрттириб кўрсатишдан манфаатдорлар. Чунки улар масалан араб давлатларидаги ёки Шимолий Африкадагидек инқилобларнинг юзага келишидан чўчишади.

Би-би-си: Лекин, Президент Каримов хотира кунида чиқиш қила туриб, фақат иккинчи жахон уруши қурбонлари ё фахрийлар ҳақида гапириш мумкин эди. Нима учун у айнан араб давлатларидаги воқеалар мавзусини кўтарди ва нима учун андижондаги хунрезликлар билан уларни солиштиришга уринди? Ё бирон нимадан қўрққанми?

Илҳомов: Ҳа, табиий, у қўрқаяпти. Ўтган 10 йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилган сиёсат онгли равишдаги қарашларга ёки келгуси сиёсатлар борасидаги рационал фикрлашга асосланмаган, балки параноя, яъни қўрқув комплексига асосланган. Ўзбекистонда ҳукумат расмийларининг ҳатти-ҳаракатларига қўрқув туртки беради. Бу сафарги чиқишга келсак, Андижон воқеаларининг санаси яқинлашиб келаяпти, ва Каримов шу баҳона билан хорижда бўлаётган воқеалар Ўзбекистондаги вазиятга таъсир қилишининг олдини олиб қўймоқчи. Нима хавотирга солса, шуни гапираяпти президент. У биладики, ўзбек сиёсий мухолифати орасида фаоллашув кузатилган, баъзи гуруҳлар араб давлатларидагидек сценарийларни Ўзбекистонда ҳам бошлашни таклиф қилишган.