Oxus Gold Ўзбекистон ҳукуматини ноқонуний амалларда айблади

Британиядаги Oxus Gold олтин ишлаб чиқариш ширкати Ўзбекистон ҳукуматини ноқонуний амалларда айблади.

Ширкат эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукумати Oxusни мамлакат қонунчилигини бузганликда айблаганини танқид қилган.

"Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги йирик хорижий сармоядор ҳақида ёлғон ва нотўғри таассурот қолдирадиган баёнотлар тарқатди", дейилади Британ ширкати баёнотида.

Oxus Gold баёнотига кўра, Ўзбекистондаги кўп йиллик муваффақиятли фаолиятидан кейин ширкат Ўзбекистон ҳукуматининг ресурсларни национализация қилиш нишонига айланган.

Оксусга кўра, Ўзбекистон ҳукумати олтин ишлаб чиқарадиган "Амантайтау Голдфилдс" қўшма корхонасидаги ўзига тегишли бўлган 50 фоиз акцияларни сотишни таклиф қилган, бу борада икки томон январ-феврал ойларида музокаралар ўтказган.

Март ойида Oxus Gold баҳсни халқаро маҳкамада ҳал этиш ҳаракатларини бошлаган, шундан кейин Марказий Қизилқумдаги Омонтойтовдаги корхонада Ўзбекистон ҳукумати молиявий текширишларни бошлаган, "Амантайтау Голдфилдс"даги амалиётларга Оксусга изн берилмаган.

Британ ширкати ўзининг деярли барча ходимларини Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдан чиқариб юборди, дейди.

Шундан кейин ширкат форс-мажор ҳолати эълон қилишга мажбур бўлганини айтади.

Ўзбекистон томонига кўра эса олтин ишлаб чиқариш кўзланганидан кам бўлаётгани учун "Амантайтау Голдфилдс"қўшма корхонасини тугатишга қарор қилинган, бунга эса қўшма корхонанинг 50 фоизлик акциялари эгаси Oxus Gold қаршилик қилаяпти.

Шу кунларда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, сармоялар ва савдо вазири ўринбосари Шавкат Тўлаганов Британия ширкатини ўз мажбуриятини бажармаганликда айблаб чиққан.

Унга кўра, Оксусга бир неча йил давомида қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилган, бироқ бу имтиёзлар фурсати тугаганидан кейин инвестор ўз зиммасига олган қўлга киритган даромадини соҳага яна қайта инвестиция қилиш мажбуриятини бажармаган.

Шундан кейин Ўзбекистон ҳукумати қўшма корхонани ликвидация қилишга қарор бергани, бироқ Оксус эса ўзига тегишли бўлган акцияларни хорижий сармоядорларга сотишга ҳаракат қилгани айтилган.

Ўзбек мулозими бу ерда сиёсий сабаб йўқлигини, бу оддий хўжалик баҳси эканини айтган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати халқаро маҳкамада "Амантайтау Голдфилс"ни касодга учратиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун курашади, деб айтган ўзбекистонлик мулозим.

Ўзбекистондаги ягона хорижий "олтин" корхона

Oхus Goldнинг Ўзбекистондаги муаммоларига хитойлик сармоядорлар маблағ ажратмагани сабаб бўлгани айтилади.

Маълум бўлишича, асосан Хитойнинг давлат маблағларидан иборат бўлган консорциум "Амантайтау Голдфилдс" қўшма корхонаси фаолияти учун маблағ ажратган, бу "маблағ эвазига акция" тартиби бўйича йўлга қўйилган.

Хитой консорциуми билан келишув 2010 йил декабригача бўлган, хитойликлар 2011 йил учун маблағ ажратишдан воз кечганлар.

Олдинроқ Oхus Gold Хитой консорциуми 185 миллион доллар маблағ беришни рад этгани ҳақида эълон қилган.

"Амантайтау Голдфилдс" Ўзбекистондаги олтин ишлаб чиқариш соҳасида хориж сармояси билан фаолият юритаётган ягона ширкат эди.

Британ-Ўзбек қўшма корхонасининг Ўзбекистон тарафдан таъсисчилари - Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати.

"Амантайтау Голдфилдс" 2003 йилда марказий Қизилқумда умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган олтин ажратиб оладиган корхона ишга туширган.

Хабарларга кўра, ушбу корхонада ишлаб чиқарилган олтин миқдори кўзланганидан кам бўлган.

Ўтган йили ҳисоблари музлатилган "Зеромакс" ширкатининг асосчиси Миродил Жалолов Oxus Gold нинг бошқарув кенгаши аъзоси ва ноижроий директори бўлган.

Феврал ойида Oxus Gold Жалоловнинг истеъфо берганини айтган.

Аммо Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованга яқинлиги айтилган Миродил Жалоловнинг 2010 йилги текширувлардан кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Ўзбекистон дунёнинг йирик олтин ишлаб чиқарувчи давлатларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда 40 дан ортиқ олтин конлари мавжуд ва йилига 80 тоннадан кўпроқ олтин ишлаб чиқарилади.