Би-би-си меҳмони - Рассл Занка

Image caption Рассл Занка Ўзбекистонда яшаб, ўзбекларнинг турмушини яқиндан ўрганган

BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига америкалик ўзбекшунос олим, профессор Рассл Занка жавоб беради.

Чикагодаги Иллинойс Университети профессори Рассл Занка (Russell Zanca) ўзбекларнинг миллий ўзлиги, мусулмончилик, ўзбек қишлоқларидаги турмуш тарзи, меҳмондорчилик ва ўзбекларнинг бошқа анаъаналари, шунингдек, Ўзбекистондаги коллективлаштириш ва замонавий меҳнат муҳожирлигига оид ўнлаб тадқиқотлар муаллифи.

1990-йилларнинг иккинчи ярмида Тошкент ва Фарғона водийсида яшаган муаллиф Foreign Policy блогида чоп этилган сўнгги мақолаларидан бирида мана бундай ёзади:

"Мендан антрополог бўлганим учун кўпинча Каримовнинг ҳокимиятда узоқ вақт қолаётгани ўзбеклар маданиятининг баъзи жиҳатлари билан боғлиқ эмасмикан, деб сўрашади. Кўпчилик ўзбеклар табиатан итоаткор ва уларнинг катталарга ҳурмат маданияти сиёсий ҳокимиятга сўзсиз итоат қилиш даражасига кўтарилган, деб ҳисоблайди.

Ҳатто, ўзбекларнинг ўзлари ҳам баъзида одамлар қорин тўйдириш ҳақида кўпроқ ўйлашлари ва тирикчилик ташвишлари билан бандликларини айтишади.

Эҳтимол, бу тахминларда ҳақиқатнинг бир зарраси бордир. Аммо фақат бир зарраси бор, холос.

Ўзбекларнинг тарихи, халқ қўзғолонлари мисоллари билан тўла. Хусусан, 19-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ўзбеклар амирларни ағдарганлар, чор подшоси ва Шўро кофирларига қарши курашларда ўзларининг исёнкор руҳларини намойиш этишган".

Рассл Занкага кўра, ҳозир ўзбеклар тузумга бўлган нафратларига қарамасдан, кўчаларга чиқишмаяпти, чунки хавф жуда ҳам катта.

"Бунинг ўрнига улар ўз норозиликларини носиёсий йўл билан, жумладан, Қозоғистон ва Россияга ишга кетиш орқали билдиришаяпти".

Би-би-си: Alex деб исм қўйган тингловчимиз сизга ўзбек тилига қизиқишингиз учун миннатдорчилик билдирибди ва "айнан нимага қизиқасиз, тилгами, дингами,табиат, минерал заҳираларгами, одамлар ёки Ўзбекистоннинг сиёсатигами?" деб сўраяпти. Марҳамат.

Рассл Занка: Умуман, 23-24 йил аввал менда Совет Иттифоқи, айниқса Ўрта Осиёга қизиқиш катта бўлган. Шунинг учун мен Ўзбекистоннинг маданиятини ўрганишга қарор қилдим. Умуман олганда, мен учун маданият қизиқарли. Дин эмас, сиёсат эмас. Урф-одатлар, шунга ўхшаш нарсалар қизиқарлироқ. Мен ўзим этнографман. Этнография антропологиянинг бир бўлими.

Би-би-си: Нима учун айнан Ўзбекистон ва ўзбекларнинг маданиятини танладингиз?

Рассл Занка: Дастлаб мен Ўзбекистон яҳудийлари билан Нью Йоркда танишдим. Уларнинг тили, феъл-атвори мен учун қизиқ ва одатдан ташқари эди. Ўзимнинг ишим орқали уларнинг урф-одатлари билан танишдим.

Би-би-си: Хурсанд Дармон исмли тингловчимиз Австралиядан савол йўллабди: "Ассалому алайкум ҳурматли Рассл. Сиз Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида кўп бўлгансиз, ўзбек оилаларининг ҳаётини ўргангансиз. Қишлоқ аҳолисининг иқтисодий, сиёсий, маданий ва маърифий ҳаёти шаҳарликларникидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?".

Рассл Занка: Умуман, қишлоқда шароитлар шаҳардагига қараганда жуда паст. Масалан, газ йўқ, уйнинг ичкарисида ичимлик суви йўқ, имкониятлар кенг эмас. Ҳар куни нон-чой, нон-чой. Албатта, куз фаслида овқат кўпроқ. Лекин умуман, маданий имкониятлар кам. Кино, театр, адабиётлар етарли эмас. Лекин бошқа томондан, Ўзбекистонда шаҳарлар ва қишлоқлар орасида алоқалар яхши. Йўллар, автобуслар бор. Шунинг учучн ҳам ўзбек қишлоқларидаги аҳоли шаҳар ҳаётидан яхши хабардор. Лекин барибир қишлоқ одами учун перспектива жуда ҳам тор.

Би-би-си: Айни пайтда урбанизация, шаҳарлашиш жараёни Ўзбекистонда ҳам кузатилади. Шундай эмасми?

Рассл Занка: Лекин "қишлоқизация" ҳам бор. Яъни шаҳарларниннг қишлоқлашуви. Чунки кўпчилик қишлоқлардан шаҳарларга иш қидириб келади. Одамлар иқтисодиёт, маданият, маълумот, маърифат қидириб келишади шаҳарга. Умуман, бу жараён дунёда бўлган, лекин пост Совет Иттифоқи ҳудуди учун бу янги кўриниш. Масалан илгари, 1991-92-йилларда бундай жараёнлар кузатилмаган.

Би-би-си: Тошкентдан Дилшод Муҳаммедов ёзибдилар: "Авваламбор ассалому алайкум жаноб Рассл.Мен сиз юқорида таъкидлаб ўтган ўзбекларда азалдан адолатсизликка қарши исённинг бўлгани ва бу руҳият хали ҳам халқ хотирасидан ўчмагани ҳақидаги фикрларингизга қўшиламан. Бундай руҳият собиқ тузум давридаги зуғумлар ва ундан кейин Ислом Каримовнинг қийноқлари сабаб бироз чекинган бўлиб кўринмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда учраётган маҳаллийчилик кайфияти азал-азалдан халқни бу қадар тубанликка етаклаганми ёки бу жараён ҳам собиқ шўролар даврида сунъий шаклда шундай ҳолатга келтирилганми?".

Рассл Занка: Менимча иккаласи. Советлардан олдин ҳам бўлган, советлар замонида ҳам бор эди ва ҳозир ҳам давом этаяпти.

Би-би-си: Шуҳрат исмли тингловчимиз ёзаяпти: "Президент Каримовни америкалик дипломатлар ҳам кучли раҳбар, деб тан олишган. Сиз шу фикрга қўшиласизми?".

Рассл Занка: Албатта, у кучли раҳбар. Жуда ҳам кучли. Аммо савол-Ўзбекистон учун кучли раҳбардан қандай фойда бор?. Масалан, Ўзбекистонда бугун уруш йўқ. Бу яхши нарса, албатта. Лекин бошқа томондан, кўпчилик учун ҳар кунлик ҳаёт яхши эмас. Иш кам, овқат кам, пул кам. Ўзбекнинг болаларини қандай келажак кутаяпти? Бу саволга жавоб йўқ. Қанча-қанча ўзбеклар бошқа мамлакатларга иш қидириб боришаяпти. Чунки ўз ватанларида иш топишолмайди, келажакларини кўрмайдилар.

Би-би-си: Аммо сиз санаб ўтган камчиликларга қарамасдан, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон, Президент Каримов билан яқиндан ҳамкорлик қилаяпти. Буни қандай изоҳлайсиз.

Рассл Занка: Чунки Афғонистондаги уруш бор. Каримов керак Америкага. Ўзбекистоннинг бу ерда муҳим роли бор. Бундан ташқари Ўзбекистон дунёвий давлат, Каримов эса замонавий раҳбар. Америкага бу яхши.

Би-би-си: Дунёвийлик ҳақида гапирдингиз, Насимий исмли тингловчимиз "Ўзбекистонда келажакда исломий давлат қурилиши мумкинми?" деб сўраяпти.

Рассл Занка: Ҳамма нарса мумкин. Фанатик давлат ташкил топиши ҳам мумкин. Аммо Ўзбекистон тарида бунга мисоллар жуда кам. Агар бугун мендан "Ўзбекистонда мусулмон террорчилари борми?", деб сўрашса, албатта, бор, деб жавоб бераман. Бизда, Америкада ҳам исломчи террорчилар бор. Террорчилик менталитетит бугун ҳамма жойда бор. Бошқа томондан, ҳукуматнинг репрессив сиёсати терроризм хафини янада кучайтиради. Шунин учун ҳам одамларга кўпроқ эркинлик берилиши керак.

Би-би-си: Япониядан Комрон сизнинг ўзбекларнинг сиёсий маданияти чекланган ёки маҳаллийчилик билан чекланиб қолмаган, деган фикрингизга қўшиламан, деб ёзаяпти ва "марказий ҳукумат билан маҳаллийчилик кўринишидаги ижтимоий қудрат ўртасидаги курашни қандай баҳолайсиз ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик маданиятини қандай шакллантириш мумкин?" деб сўраяпти. Марҳамат.

Рассл Занка: Давлат фуқаролик маданиятини шакллантиришда раҳбарлик ролини ўйнаши лозим. Кланларга келсак, бу масала Ўзбекистонда очиқ муҳокама қилинмайди. Клан нима демак? Бу алоқалар, дегани. Масалан, сиз билан мен дўстлармиз, айни вилоятдан келганмиз ва бизнинг оилавий борди-келдиларимиз ҳам бор. Ўзбекистон бу борада уникал эмас. Ҳатто менинг шаҳрим Чикагода ҳам шундай тармоқ бор. Лекин давлатнинг шундай қилиши кеаркки, фуқаролар сиёсатда максимал даражада иштирок этишлари керак. Кланлардан, маҳаллийчиликдан қутулиш учун асрлар керак эмас. Бунинг учун битта авлод алмашса, етади. Биз буни колониал Африка, хусусан, Мали мисолида бугун кўришимиз мумкин. Нима учун Ўзбекистонда ҳам бўлмасин? Ўзбекистон типик учинчи дунё давлати эмас. У ерда саводхонлик даражаси юқори. Ҳатто қишлоқларда ҳам. Мен қишлоқдаги оддий ўзбек билан шахмат ўйнаганман. У кунда 10 соат далада кетмон чопади. У билан шахмат ўйнаб, адабиёт ҳақида суҳбатлашдик. Бу жуда зўр нарса. У Де Мопассан, Виктор Гюго, Достоевский, Марк Твенларни ўқиган. Америкада рости гап, қишлоқ жойларида бундай одамлар, суҳбатлар жуда кам. Шунинг учун менимча Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар тез суратларда юз бериши мумкин.

Би-би-си: John деб исм қўйган тингловчимиз сўраяпти:"Сиз янги ташкил этилган "Ўзбекистон Халқ Ҳаракати" га қандай қарайсиз?. Ўзбекистонда ҳам араб услубидаги инқилоб юз бериши мумкинми?".

Рассл Занка: Албатта, мен интернет орқали бу ҳақда ўқияпман. Ва менинг учун бу жуда қизиқ. Бу батамом янги, яп-янги бир ҳаракат. Менимча ҳозир ҳақиқий оппозицион ҳаракат бошланмоқда. Албатта, бу ерда технология, интернет катта рол ўйнаяпти. Бу ерда "араб баҳори"нинг таъсири бор. Менинг назаримда ҳозир хорижда яшаётган ўзбеклар орасида биринчи ҳаққоний оммавий мухолифат ҳаракати пайдо бўлаяпти. Аммо Ўзбекистон араб услубидаги инқилоб бўсағасида турибдими, йўқми, деган саволга аниқ жавоб бериш қийин. Ўзбек халқи қачон бу қашшоқлик, порахўрлик ва репрессиядан безиб, унга қарши бош кўтаради, деган саволга менда жавоб йўқ. Жуда кўпчилигимиз Андижонни ўзбекларнинг сабр косаси тўлганининг белгиси ва Каримов ҳокимиятининг тугаши, деб ўйлагандик. Аммо ундай бўлмади. Каримов ўзининг кучли эканини яна бир марта кўрсатиб қўйди. Аммо менинг хорижда яшаётган ўзбеклардан умидим катта. Чунки мамлакат ичкарисидаги ўзбеклар учун хавф жуда катта. Менда қанча ўзбек хорижда юргани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Балки 3, балки 3 ярим миллиондир. Лекин улар мамлакатга ўзгаришлар олиб келишга қодир. Биз глобаллашувни қанчалик танқид қилмайлик, унинг қанчалик ёмон томонлари бўлмасин, ирқчилик, ишчилар учун шароитларнинг ёмонлиги ва ҳоказо, бошқа томондан муҳожирлар, "гастербайтерлар" учун янги оламнинг перспективаси очилмоқда. Бу глобаллашувнинг ижобий томонларидан биттаси, деб биламан. Глобаллашув Ўзбекистон учун жуда фойдали бўлади. Бу менинг умидим.

SMS рақамимиз: +44 (0) 207 5571709

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk