Миср собиқ президентининг турмуш ўртоғи озодликка чиқарилди

Ҳусни ва Сузанна Муборак Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Муборак хонадони ҳокимиятдан четлатилгунга қадар Мисрнинг мутлақ ҳокими ҳисобланарди

Миср давлат радиосининг расмийларга иқтибосан маълум қилишича, собиқ президент Ҳусни Муборакнинг хотини ҳибсхонадан озод этилган.

Бироқ Сюзанна Муборак ҳалиям коррупция айблови билан сўроқ қилинмоқда.

У қимматбаҳо вилла дохил ўз бойликларини Миср ҳукуматига топшириши ортидан ҳибсхонадан озодликка чиқарилган.

Миср ҳукумати ихтиёрига топширилган бойлик миқдори тахминан тўрт миллион АҚШ долларига тенг экани хабар қилинмоқда.

Собиқ президентнинг турмуш ўртоғи ўтган ҳафта ҳибсга олиниши ортидан афтидан юрак хуружига учраган ва ҳозирда Ҳусни Муборак билан бирга Шарм аш-Шайхдаги шифохонага ётқизилган.

Ҳусни Муборак ҳам юрак хуружини ўтказган.

Эр-хотин соғлигининг ёмонлашуви уларни қамоқхонадан сақлаб қолди, дейди Би-би-сининг Мисрдаги мухбири.

Уларнинг икки фарзанди Алаа ва Гамал қамоққа олинган.

Миср матбуотидаги хабарларга кўра, ҳукумат ва Ҳусни Муборак ўртасида келишув масаласи кўриб чиқилаётган бўлиши мумкин.

Хабарларда айтилилишича, томонлар келишувига мувофиқ, жаноб ва хоним Муборак авф эвазига ўз бойликларини Миср ҳукуматига топширишади ва Миср халқидан ёзма кечирим сўрашади .

Ҳозирча Миср собиқ раҳбари ва унинг турмуш ўртоғи устидан тергов ишлари давом этмоқда.