Жаҳон банки вакили: Роғун масаласида "...саволлар жуда ўринли, аммо..."

Теодор Алерс

Олма ота шаҳрида Роғун лойиҳаси юзасидан Амударё дарёси ёқасидаги ҳукумат вакиллари ва нодавлат ташкилотлар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтди.

Унда Марказий Осиёнинг беш давлати ҳамда Афғонистон вакиллари қатнашди.

Жаҳон банкининг Роғун сув омбори қурилишини тадқиқ қилиш доирасида ушбу учрашув илк маротаба ташкил қилинган.

Би-би-си Жаҳон банкининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича стратегиялаш ва амалга ошириш бўйича директори Теодор Алерсдан Роғун сув омбори бўйича баҳолаш тадқиқотлари ҳақида сўради.

Теодор Алерс: Энг аввало, сув ва энергия масалаларининг ривожланиши ва бошқаруви ҳар бир давлат учун муҳим масала эканлигини айтишим жоиз. Бу Роғун сув омбори режасидан тортиб жуда кўп масалаларни қамраб олади. Иккинчидан, Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатида бизнинг миллий масалалар билан муштарак сув ва энергияга оид лойиҳаларимиз бор. Роғун сув омбори бўйича Тожикистон ҳукумати баҳолаш тадқиқотларини ўтказиш учун биздан молиялашимизни сўрашган. Тавсиялар бериш мақсадида минтақадаги ҳар бир давлат билан кенгашгач, ўз баҳоларимизни берамиз.

Тадқиқотларимиз икки саволга жавоб беришни мақсад қилган. Сув омборининг ҳавфсизлиги ва шу каби масалаларни қамраб олувчи техник ва иқтисодий саволлар ҳамда экологик ва ижтимоий саволлар. Жаҳон банки тадқиқотларни баҳолаш учун молия ажратиш билан бирга тажрибали халқаро мутахассисларни ҳам жалб қилганмиз.

Би-би-си: Баҳолаш тадқиқотлари ҳозир қайси босқичда кетмоқда?

Теодор Алерс: Техник, иқтисодий, экологик ва ижтимоий баҳолаш тадқиқотлари бўйича маслаҳатчилар билан шу йилнинг бошида шартнома тузилди. Май ойида улар Роғун қурилиши керак бўлган жойга боришади ва ушбу лойиҳа бўйича шу вақтгача йиғилган маълумотлар билан танишиб муҳокамаларда иштирок этишади. Улар бошланғич ҳисоботларини тайёрлашади. Ушбу бошланғич ҳисобот лойиҳани қуришдаги асосий саволларни аниқлаб унга қандай жавоб бериш керак каби масалаларга аниқлик киритувчи қоралама бўлади.

Би-би-си: Якуний хулосалар қачон эълон қилинади?

Теодор Алерс: Бошланғич ҳисоботнинг хулосалари веб саҳифамизда эълон қилинди. У сув омборининг хавфсизлиги ва экологик масалаларга жавоб берувчи мутахассислар томонидан шарҳланган. Ушбу ҳисоботда кўтарилган масалалар шу кунларда Олма отада манфаатдор давлатларнинг ҳукумат вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Энди Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатидан келган фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасида кўриб чиқилади.

Икки тадқиқотнинг бутунлай тамомлаш камида 18 ойни талаб қилади. Яъни якуний хулоса 2012 йил тугамасдан берилмайди. Бу ерда жуда ҳам муҳим бўлган ва манфаатдор давлатлар ҳамда фуқаролик жамияти ўртасида 18 ой давомида муҳокама қилинадиган ўтиш даври тадқиқотлари бор. Кейинги учрашув шу йил кузда бўлиб ўтиши мумкин.

Би-би-си: Сиз бизга хулосалар нималардан иборат бўлиши мумкинлиги борасида бирор ишоралар бера оласизми?

Теодор Алерс: Мен бу борада сизга ҳеч нарса деёлмайман. Чунки Роғун сув омбори бўйича жуда ҳам муҳим саволлар ўртага ташланган. Бунга сув омбори қурилмоқчи бўлган маконннинг жўғрофий хусусияти, сейсмик фаоллиги ва баландлик билан боғлиқ муҳим жиҳатларни қамраб олувчи режа киради. Биз ушбу масалаларни жуда ҳам муҳим деб биламиз. Биз уларнинг жавобини билмаймиз. Биз ушбу тадқиқотларга катта эътибор бермоқдамиз. Чунки бу минтақадаги ҳамма давлат учун жуда ҳам муҳим. Уларга ушбу лойиҳа яхшими ёки ёмон деган саволга олий сифатли техник жавоблар керак.

Би-би-си: Ўзбекистон сув омбори лойиҳасига тиш-тирноғи билан қарши бўлиб келмоқда. Сизнинг расмий Тошкент томонидан қўйилаётган сув тошқини ва бошқа талофатлар хавфи қанчалик асосли?

Теодор Алерс: Ўзбекистон кўтараётган саволлар жуда ўринли, аммо уларга бизда ҳозирча жавоб йўқ. Буларнинг ҳаммаси жўғрофий жойлашув, сейсмик фаоллик билан боғлиқ сув омбори хавфсизлигига оид саволлар. Яна қайтараман бу саволларга жавоб олиш ўта муҳим. Тадқиқотларнинг мақсади ушбу саволларга мақбул жавоб топишдир.

Би-би-си: Аммо айрим кузатувчилар Ўзбекистон кўтараётган хавотирлар шунчаки сувни лойқалатиш учун қилинаётгани, асосий мақсад бепоён далалардаги пахталарни сувсиз қолдирмаслик эканини айтишади. Бу борада нима деб ўйлайсиз?

Теодор Алерс: Ўзбекистон Афғонистон ва Туркманистон сингари Амударёнинг қуйи қисмидан сув ичади. Бу давлатлар учун Амударё ҳавзасидан оқилона фойдалаиш ўта муҳим ва келажак билан боғлиқ масаладир. Ваҳш дарёси Амударёнинг бир бўлагидир. Роғун сув омбори айнан шу дарё бошига қурилиши мўлжалланган. Аммо сув омборининг хавфсизлиги борасидаги масаладан бири агар у қурилса ушбу тизим қандай қилиб амал қилади деган савол қўйилган. Чунки қуйи оқимда жойлашган давлатлар шу жумладан Ўзбекистонининг ҳам сувга бўлган эҳтиёжини қондириш масалалари ечимини топиши керак.

Би-би-си: Ўзбек матбуотида Роғун ГЭСи келажакда Марказий Осиё учун сунами бўлиши мумкин деган хавотирларни билдирган. Сизнинг мутахассисларингиз бу каби тахминларни ҳам назарга олганми?

Теодор Алерс: Бу сув омбори хавфсизлигининг яна бир мунозарали жиҳатидир. Чунки дунёдаги тепаликда жойлашган ҳар қандай сув омбори бузилса, у жуда катта талофат ва қуйи қисмда инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келиши мумкин. Ҳар қандай юқоридаги сув омборининг хавфсизлик масалаларини кўриб чиқиш жуда ҳам муҳим. Унинг хавфсиз эканига ва қурилиш давомида, бир йилдан сўнг, ҳаттоки 50 йилдан сўнг ҳам, бузилмаслига амин бўлиш керак. Ушбу савол бизнинг икки баҳолаш тадқиқотимизда ҳам ўрин олган.

Би-би-си: Баъзи кузатувчилар Тожикистонда энергия ишлаб чиқариш учун бирмунча хавфсиз ва арзон йўллар ҳам борлигини айтишади. Сизнинг ташкилотингиз ушбу вариантларни ҳам тадқиқ қиладими?

Теодор Алерс: Тожикистонда ҳам бошқа давлатларники каби заҳираларни ривожлантириш ва энергия чанқоғини қондириш учун кўплаб имкониятлари бор. Жаҳон банки Тожикистондаги барча энергетик лойиҳаларни ўрганишни ўз зиммасига олган. Чунки бирор лойиҳани танлашдан олдин унинг амалга ошиши қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ва яхшлигини исботлаш учун бошқалари билан солиштириш лозим. Бундан ташқари тартиб билан амалга ошириш масаласи бор. Йиллаб давом этувчи кўплаб лойиҳалар ичида қайси бирини биринчи бўлиб амалга ошириш афзал деган савол келиб чиқади.

Би-би-си: Жаҳон банки Роғун лойиҳасини ўрганишга киришишидан олдин Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар совуқлаша бошлади. Икки давлат орасидаги муносабатни мувофиқлаштиришда Жаҳон банки қўшимча босимлар сезмоқдами?

Теодор Алерс: Жаҳон банкининг ҳам Тожикистон ва ҳамда Ўзбекистон билан алоқалари жуда яхши. Икки давлатда ҳам бизнинг мустаҳкам ҳамкорликка асосланган давтурларимиз бор. Роғун лойиҳаси бўйича техник саволларга қониқарли ва профессионал жавоб топиш учун қийинчиликларсиз ишламоқдамиз.

Би-би-си: Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги қарама қаршиликни ечимини нимада кўрмоқдасиз? Сув омборини қуриш керакми керак эмасми?

Теодор Алерс: Тадқиқотларнинг мақсади Тожикистон ва бошқа манфаатдор давлатлар учун бу каби сув омборларининг фойда, хавф ва эҳтимолий баҳоси қандай бўлиши борасида маълумот бериш. Сув омборини қуришлиши борасидаги ҳар қандай хулоса ушбу тадқиқотлар тугамагунча бутунлай ноўриндир. Жаҳон банкининг Роғун сув омбори билан уни тадқиқ қилишни молиялашдан бошқа ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки бу ҳар бир манфаатдор давлат учун техник, иқтисодий, экологик ва ижтимоий масалаларда жавоб олиш ўта муҳимдир.