HRW Олмонияни Владимир Норовнинг сафаридан фойдаланиб қолишга чақирмоқда

"Хьюман Райтс Вотч"га кўра, Олмония Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини Владимир Норовнинг Берлинга сафаридан инсон ҳуқуқлари соҳасида аниқ ўзгаришларга ундашда фойдаланиши лозим. Жаноб Норовнинг Олмонияга сафари 24-26 май кунлари режалангани айтилади.

"Олмония Ўзбек ҳукуматига алоқаларнинг кучайиши инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг амалда ўнгланишига боғлиқ эканини очиқ-ойдин билдириб қўйиши керак," дейди халқаро ташкилот.

Ташкилот Ўзбек ҳукуматининг бу борадаги ўта абгор кўрсаткичлари ва Оврўпо Иттифоқининг аҳволни яхшилашга оид даъватларига қулоқ тутмай келаётган бир паллада Олмония бирор бир шартларсиз Ўзбекистон билан муносабатларини чуқурлаштирганини ҳам айтади.

"Ўзбекистонлик юқори мартабали мулозимларга мезбонлик қилишнинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аянчли аҳвол ҳақида сўз юритиш каби масъулияти ҳам бор," дейди "Хьюман Райтс Вотч"нинг Ўзбекистон бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири муовини Владимир Норов президент Ислом Каримов ҳукуматининг кўзга кўринган мулозимларидан бири. Яқин-яқингача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган. Ўз вақтида Ўзбекистоннинг Олмониядаги элчиси ҳам бўлган.

Хабарларга кўра, жаноб Норов Олмония Ташқи ишлар вазирлиги, инсон ҳуқуқлари қўмитаси мулозимлари ва парламент вакиллари билан учрашади.

Халқаро ташкилот бу хусусдаги баёнотида ўндан ортиқ инсон ҳуқуқлари фаоллари, қатор журналистлар ва сиёсий фаоллар ўз фаолиятлари учун Ўзбекистон қамоқхоналарида азоб чекаётганликларига тўхталади.

Улардан аксариятининг қийноқлар ва бошқа номақбул муносабатларга дучор этилганликларини ҳам айтади.

Ўзбекистон бўйлаб ҳибсхона ва қамоқхоналарда бу каби ҳолатларнинг кенг тарқалгани, Ўзбек ҳукумати изчил равишда "Хьюман Райтс Вотч" дохил маҳаллий ва халқаро нодавлат ташкилотларининг мамлакатда фаолият олиб боришларига изн бермай келаётганлигини таъкидлайди.

Ҳар йили юзлаб инсонларнинг диний экстремизмда айбланишлари ва яна кўпларини йиллаб ҳибсда сақлаш учун, жазо муддатларини ўтаб бўлишлари ортидан, қамоқхона тартибини бузганликка оид сохта айбловлар билан қайта ҳукм этилишларини айтади.

Йиллик пахта йиғим-терими мавсуми чоғида болалар меҳнати дохил мажбурий меҳнатдан кенг кўламда фойдаланилиши Ўзбекистондаги кўпчиликнинг хавотирларига сабаб бўлиб келаётган масалалардан бири эканини ҳам таъкидлайди.

"Хьюман Райтс Вотч" энг сўнггида Оврўпо Иттифоқи Ташқи ишлар кенгаши томонидан киритилган инсон ҳуқуқларига оид критериялар дохил, аниқ қандай ўзгаришларни кўзда тутаётганликларига ҳам тўхталиб ўтади.

Халқаро ташкилотга кўра:

қамоқдаги барча инсон ҳуқуқлари фаоллари ва виждон маҳбуслари озод этилиши

ноҳукумат ташкилотларининг Ўзбекистонда эркин фаолият олиб боришларига изн берилиши

БМТларнинг барча лозим махсус ҳисоботчилари билан тўлиқ ҳамкорлик қилиниши

Сўз ва матбуот эркинлиги кафолатланиши

Болалар меҳнатига оид конвенциянинг амалда ҳаётга тадбиқ этилиши

Сайлов жараёнларининг халқаро стандартларга мувофиқлаштирилиши, лозим.

Стив Свердловнинг айтишича, "Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада яқинда юз берган ҳодисалар ўта авторитар тузумларни ҳеч бир шартларсиз дастаклаш нафақат барқарорлик, балки инсон ҳуқуқлари соҳасида олдинга силжишларни ҳам кафолатлай олмаслигини кўрсатган".

"Олмония Марказий Осиёдаги жиддий таъсири ва Оврўпо Иттифоқига аъзо давлат мавқеидан фойдаланиб, Ўзбек ҳукуматига ўзаро алоқаларнинг ривожланиши инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аниқ ўзгаришларга боғлиқ эканини Ўзбек ҳукуматига билдириб қўйиши лозим," дейди халқаро ташкилот тадқиқотчиси.