АҚШ президенти Оврўпо мамлакатлари бўйлаб сафарини бошламоқда

Барак ва Мишел Обама
Image caption Барак Обаманинг Оврўпога сафари арафасида хавфсизлик чоралари кучайтирилди

АҚШ Президенти Барак Обама ўзининг Оврўпо давлатларига бир ҳафталик сафарини Ирландиядан бошламоқда.

Барак Обама шунингдек Британия, Полша ва Франсада бўлади.

Франсага ташрифи чоғида АҚШ раҳбари дунёнинг саноати ривожланган саккиз давлати - "Йирик саккизлик" раҳбарлари саммитида иштирок этади.

Вашингтондаги Би-би-си мухбири Марк Марделлнинг хабар беришича, Обаманинг Оврўпо мамлакатларига сафари марказида Афғонистондаги вазият ва араб дунёсидаги инқилоблар тўлқини мавзуларини муҳокама қилиш турибди.

Америка президентининг Оврўпога ташрифи арафасида мезбон мамлакатларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Кўпчиликнинг ишонишича, хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига илк навбатда ал-Қоида раҳбари Усама Бин Лодиннинг АҚШ махсус кучлари томонидан шу ой бошида Покистонда ҳалок этилиши сабаб бўлган.

Ирландияда Барак Обама мамлакат раҳбарлари билан учрашишдан ташқари она тарафидан катта бобосининг она қишлоғи ҳисобланган Манигаллга ташриф буюради.

Ҳаммаси бўлиб 300 нафар аҳолиси бўлган Манигалл қишлоғидаги асосий кўча Америка байроқлари билан безатилган.

Маҳаллий аҳоли Обама ва унинг хотини Мишел шарафига қишлоқ пивохонасида учрашув кечаси ташкиллаштиради.

Пивохонадан саройга

Сешанба куни Барак Обама Британияга уч кунлик давлат ташрифини бошлайди.

У ва Мишел қиролича Елизавета II саройида меҳмонда бўлишади.

АҚШ президенти Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон билан ҳам музокаралар ўтказади.

Унда асосан НАТОнинг Ливиядаги амалиёти муҳокама этилади.

Барак Обама шунингдек Британия парламентининг иккала палатасида чиқиш қилади.

Оқ Уйга кўра, Обама ташрифи АҚШ ва Британия ўртасидаги "хос алоқаларнинг" қудратини кўрсатиш имконини беради.

"АҚШнинг дунёда Британиядан яқинроқ иттифоқчиси йўқ. Халқаро хавфсизлик дохил муҳим масалаларда биз ва британияликларнинг фикрлари бир хилдир. Ва, албаттаки, ўн йиллар давомида бизни боғлаб турган нарса чуқур илдизга эга умумий қадриятлардир," - дейди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси муовини Бен Роудз.

"Йирик саккизлик" саммити

Пайшанба куни Барак Обама Франсанинг Довил шаҳрига йўл олади. У ерда "Йирик саккизлик" саммити чорчўбасида АҚШ президенти Франса Президенти Николя Саркози, Япония Бош вазири Наото Кан ва Россия Президенти Дмитрий Медведев билан алоҳида учрашувлар ўтказади.

Жума куни АҚШ президенти Оврўпода ракеталарга қарши янги ҳимоя тизимини яратиш ҳақидаги таклифларни муҳокама этиш учун Полшага учади.

Би-би-си мухбири Марк Марделл сўзларига кўра, "Президент Обама АҚШнинг баъзи иттифоқчилари билан алоқаларини яқинлаштиришга умид қилмоқда".