Ўзбекистонда маҳбусларга амнистия эълон қилинмаган

Image caption Юсуф Жуманинг озод этилиши бошқа сиёсий маҳбусларнинг яқинларида ҳам умид уйғотган

Ўзбекистон расмийлари мамлакат мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилингани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон Сенатининг суд-ҳуқуқ ва қонунчилик қўмитаси раиси Светлана Ортиқова президент томонидан Сенатга ҳозирча бу каби ҳужжат тақдим этилмаганини билдирди.

"Ҳозирча президентимиз томонидан бундай ҳужжат тақдим қилингани йўқ. Бу одатий ҳужжат эмас. Амнистия президентнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. У киши хоҳласалар мустақилликдан бир ҳафта, хоҳласалар икки ҳафта олдин тақдим қиладилар. Шундан кейингина Сенат қарорларни тайёрлайди ва эълон қилади",- дейди сенатор Ортиқова.

Ўтган ҳафта таниқли шоир Юсуф Жуманинг қамоқдан озод этилиши билан боғлиқ хабарларда унга нисбатан мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия қўлланилгани айтилганди.

Америка Қўшма Штатларининг Тошкентдаги элчихонаси диссидент шоирнинг инсонпарварлик белгиси сифатида озодликка чиқарилганини айтган.

Тошкентлик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, Юсуф Жуманинг озод этилиши Америка ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги сиёсий савдолашув натижаси экани тобора ойдинлашмоқда.

"Юсуф Жуманинг озод этилиши АҚШ юқори мартабали мулозимларининг Ўзбекистон ҳукумати билан олиб борган мулоқотлари натижаси экани маълум бўлаяпти. Бу биринчиси эмас. Аввалроқ "Серқуёш ўзбекистоним" коалицияси раҳбари Санжар Умаров ҳам ана шундай мулоқотлар натижасида озодликка чиқарилган, у ҳам Навоийдаги қамоқхонадан чиқарилгани заҳоти Америка Қўшма Штатларига учиб кетган эди", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Юсуф Жума АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтоннинг ўтган йил декабрида Тошкентга сафари чоғида унга тақдим этилган 14 нафар сиёсий маҳбуслар рўйхатида бўлган.

Рўйхатни Клинтон хонимга тақдим этган инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, у кейинроқ яна 25 нафар маҳбуснинг рўйхатини Америка расмийларига топширган.

Юсуф Жума охирги 3 ойдан камроқ вақт мобайнида озодликка чиқарилаётган иккинчи кўзга кўринган сиёсий маҳбусдир.

Шу йил мартида мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг қамоқдаги укаларидан бири Рашид Бекжон 12 йилдан сўнг, кутилмаганда озод қилинганди.

Яқинларига кўра, Рашид Бекжон қамоқдаги маҳкама унинг муддатини яна 3 йилга узайтирганидан бир неча кун ўтиб, озод этилган.

Сурат Икромовнинг айтишича, ғарб сўнгги пайтларда Президент Каримовга сиёсий маҳбусларни озод этиш борасида босимларни кучайтирган.

"АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи томонидан Ўзбекистон ҳукуматига ҳеч бўлмаса, халқаро жамоатчиликка маълум бўлган сиёсий маҳбусларни озод этиш орасида босимлар бор. Ўтмишдан Ўзбекистон ҳукумати халқаро босимлар кучайган пайт бир, икки, менинг маълумотимча, тўрттага қадар сиёсий маҳбусларни озод қилган ҳоллар бўлган. Умида Ниёзова, Мўътабар Тожибоева, кейинроқ Санжар Умаровлар худди шу йўсин озод этилган. Ўзбекистон ҳукумати бу каби акциялардан максимал фойда олишга уринади. Аммо бу Ўзбекистон ҳукумати билан ғарбнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқоти самара бераётганини англатмайди. Бу бир савдолашувга айланган", -дейди ҳуқуқ фаоли.

Юсуф Жуманинг озод этилиши Ўзбекистон қамоқхоналаридаги ўнлаб бошқа сиёсий маҳбусларнинг оилаларида ҳам умид ҳисларини уйғотган.

Аммо 12 йилдан буён қамоқда ўтирган ва ўтган йили етмиш ёшини қаршилаган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов билан бугун атиги беш дақиқа телефонда гаплашганини айтган аёли Муқаддас опанинг сўзларидан англашилишича, бу фақат бир умид, холос.

"Биз ҳам умид қилаяпмиз, холос. Бугун ўзлари ҳам бировнинг телефонидан сим қоқиб, бир-икки нарса олиб келишни тайинладилар. Ҳар уч ойда беш дақиқа гаплашишга рухсат беришади. Шошиб-шошиб гапирдилар, аммо амнистия ҳақида ҳеч нарса деганлари йўқ. Ёшлари етмишдан ўтди, муддатларини бир ойга ҳам камайтиришгани йўқ. Охирги марта кўрганимизда соғлиқлари яхши эмас эди. Юраклари безовта қилиб туради, нафас олишга қийналиб қолганлар",- дейди қамоқдаги адибнинг аёли.