АҚШ дипломати Толибоннинг Қозоғистонга қилган таҳдидини писанд қилмади

Image caption АҚШ дипломати Толибоннинг Қозоғистонга таҳдидини жиддий қабул қилмади

Американинг Қозоғистондаги вақтинчалик элчиси Жон Ордвейнинг айтишича, Афғонистонга ўз контингентини юбориш билан Қозоғистон "Толибон" ҳаракатининг жиддий таҳдиди билан рўбарў келмайди.

"Биргина Толибоннинг баёноти билан таҳдид пайдо бўлиб қолмайди. Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда бевосита иштирок этиш-этмаслигидан қатъиназар, террорга қарши урушга бош қўшган ҳар бир давлат у ёки бу даражада ўзини шундай хавф остига қўйган," дейди жаноб Ордвей.

АҚШ дипломатига кўра, Толибоннинг жавоб амаллари ҳақида сўз кетганда, Марказий Осиё давлатлари ўз мамлакатидан кўра ҳам кучлироқ хавф остидалар.

Жаноб Ордвейнинг айтишича, худди шу омил назарда тутилганда, бу каби ҳарбий ҳамкорлик ва тажриба ниҳоятда қўл келиши мумкин.

Америка вакили бу - ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва саъй-ҳаракатларни яхшироқ мувофиқлаштиришга ёрдам беради.

Ўтган ҳафта Толибон Қозоғистонни Афғонистондаги иттифоқ кучларини дастаклаш мақсадида қўшин юбориш қарори кескин оқибатларга олиб келиши билан огоҳлантирганди.

Шанба куни матбуотга тарқатилган баёнотида Толибон бу минтақа манфаатларига хизмат қилмаслигини айтганди.

18 май куни Қозоғистон парламенти қуйи палатаси бу хусусда Қозоғистон билан НАТО ўртасидаги битимни ратификация қилганди.

Битим шартларида Қозоғистон агар НАТО розилик бериб маъқулласа, Афғонистондаги АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари қўшилиш учун 6 ой муддатга ўз контингентини юбориши кўзда тутилган.

Парламентнинг Халқаро ишлар, Мудофаа ҳамда Хавфсизлик қўмитаси тарқатган баёнотда "бу муддат ўзаро келишилган ҳолда яна узайтирилиши мумкин"лиги ҳам айтилганди.

Агар бу иш амалга ошса, Қозоғистон Афғонистонга қўшин жўнатган биринчи Марказий Осиё мамлакати бўлади.

Айрим маҳаллий таҳлилчиларга кўра эса, Ўзбекистон ёки Тожикистон каби Афғонистон билан бевосита чегарага эга бўлмаса ҳам, Толибоннинг таҳдидлари жиддий қабул қилиниши керак.

"Чунки Толибонга ўхшаш радикал экстремистик ҳаракатлар учун Қозоғистоннинг мазкур қарори мусулмон дунёсига хоинлик қилишдек туюлиши мумкин. Бундан ҳам жиддийроғи, энди толиблар АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчиларига қарши жиҳод эълон қилган мусулмонларга Қозоғистонни душман сифатида кўрсатишлари мумкин," дейди таҳлилчи Дўсум Сатпаев.

Қозоғистон ҳукумати эса, рамзий маънода қўшин юбориш билан кенг оммага Афғонистонда халқаро кучлар олиб бораётган ҳарбий амалиётларни қўллаб-қувватлагандек қилиб кўрсатмоқчи.

Шу пайтгача аксарият Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги иттифоқ кучларига таъминот етказиш ишлари билангина шуғулланиб келишаётганди.