Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

АҚШ Афғонистондаги қўшинлари учун маҳсулотни ўзбек деҳқонидан сотиб олмоқчи

Хабарларга кўра, Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги қўшинлари учун сабзавот ва меваларни ўзбекистонлик фермерлардан сотиб олмоқчи.

Ўзбекистонда чиқадиган рус тилидаги "Экономическое обозрение" журнали АҚШ Савдо палатаси президенти Доналд Николсоннинг шу ҳақдаги сўзларини келтирган.

Жаноб Николсонга кўра, Қўшма Штатлар ҳозирда Дубай орқали Афғонистондаги ҳарбийлари учун кунига 40 тонна тоза мева ва сабзавотларни сотиб олади ва ушбу лойиҳа ўзбекистонлик фермерлар учун "ажойиб имконият"дир.

Ўзбекистонлик фермерларни ўзида бирлаштирган Тошкентдаги Фермер хўжаликлари Уюшмаси Би-би-сига айни лойиҳа борасида маълумот бергани йўқ.

Фермерлар муаммоларини ўрганиб келаётган Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари Марат Зоҳидовга кўра, унинг қўмитасига айни лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган фермерлар мурожаат қилишган, аммо лойиҳа бошланиб-бошланмагани ҳақида маълумот йўқ.

Унинг фикрича, ўзбек деҳқонлари ўз маҳсулотларини сотишда бир томондан, воситачиларнинг қаршилиги, иккинчи томондан эса, чегарадаги чекловларга дуч келишмоқда.

"Фермерлар бу муаммолардан чарчашган", - дейди Марат Зоҳидов.

Унинг сўзларига кўра, америкаликлар ўзбек деҳқонининг маҳсулоти учун баландроқ нарх тўлашади ва шартномаларни сўзсиз бажарадилар.

Аммо Марат Зоҳидов Ўзбекистондаги коррупция амалга оширилиши режаланаётган лойиҳани ҳам четлаб ўтмаслиги эҳтимоли ҳам катта эканини ҳам тан олади.

"Ўша ерга албатта коррупция, тўралар аралашади, албатта шу нарса бўлади. Лекин ҳозирча режанинг ўзи ёмон эмас", -дейди Марат Зоҳидов.