Ватандан чиқмай "чёрний"га айланганлар ҳақида...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption "Ғишкўприк" ўтиш нуқтаси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун асосий ўтиш нуқтаси.

Шўролар қулашидан сўнг аввал шаффоф бўлган чегаралар эндиликда қаттиқ қўриқланади ва назорат нуқталаридан ўтиш осон иш эмас. Шу каби ўтиш нуқталаридан бирида бўлиб қайтган журналист ҳикоя қилади.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги асосий чегара ўтиш нуқталаридан бири "Ғишткўприк"ка эрта соат 8 яримларда етиб келдик. Чегара қўшинлари аскарларидан бири бўлса керак, ҳарбий форма кийган бир йигит чегара-назорат биносига олиб борувчи 600-700 метрча келадиган кенг йўлакнинг икки четида ул-бул сотиб ўтирганларни олдига солиб ҳайдаётганди. "Мумкин эмас дедимми, мумкин эмас, туш олдимга!". Норози савдогарлар истар-истамас ўринларидан туриб, бор-будларини кўтариб, аскарнинг "олдига тушадилар". Аскар қўлидаги таёқчасини пода ҳайдаётгандек ўнгдан сўлга солиб келаверади: "Тур дедим, тур!" Биринчи текшириш "нуқтаси" божхона ҳудудини белгиловчи темир панжара ора дарвоза. Дарвозанинг икки четида каска кийган икки аскар пасспортларни кўздан кечириб, киритади. 30-35 чоғлик одам бир-бирини туртиб-суртиб, баъзида ким аввалроқ тургани борасида тортишиб, тезроқ ўтиб олишга интилади. Келгуси нуқта божхона ва чегара пасспорт текшириш биноси. Нимагадир бинога кириш битта, кириш учун навбат эса иккита. Қайси бирига қўшилишни билмай, иш сафарига кетаётганлигимни "рўкач" қилиб, тезроқ ўтиш илинжида икки навбатнинг ўртасига туриб, ичкаридан бирон "мансаблироқ" одам чиқишини кута бошладим.

"Чёрний"лар учун алоҳида навбат...

Навбат нима учун иккита эканлиги тез орада аёнлашди. Божхона биноси томон кўринишларидан меҳнат муҳожирлари эканлигини адашмасдан айтиш мумкин бўлган бир гуруҳ яқинлаша бошлади. Божхона эшигига яқинроқ бўлган биринчи навбатга энди туришай деганди, шу ўртада югуриб юрган бир киши бақириб қолди. "Ў, қаёққа! Ҳаммаларинг бу ёққа турларинг! Биттаям "чёрний" у ёқдан кирмайди! Битта битта турларинг!". Ҳаммалари мутелик билан, ҳарбий хизматда ҳам эришиш қийин бўлган тартиб билан офтобнинг тиғида навбатда тизилдилар. Бақираётган одам чегарада "воситачилик" қилавериб ўзи ҳам қорайиб кетган бир киши. Эгнида чанг босган, тиззасидан пастига тушган қора шорти, оёғида пластик шиппак, устида ғижим кўйлак, ўзининг ҳам ташқи кўриниши ўша ўзи айтмоқчи "чёрний"лардан фарқ қилмайди. Унинг чегара расмийлари билан "келишуви" қандай асосда, ким унга навбатни "тартибга солиш" салоҳиятини берган, нега унга ҳеч ким индамайди - буларнинг ҳаммаси бизга қоронғулигича қолди... Меҳнат муҳожирлари тақдирлари шу онда бутунлай ана шу "хўжайин" қўлида эканлигини ҳис қилиб, навбатда турган ерларида ун чиқармай "воситачи" дан кўзларини узмайдилар. Чеҳраларида фақат тобелик ва илинж... Онда-сонда "воситачи"нинг олдига кимлардир келиб, қулоғига бир нима шипшийдилар, ҳамманинг кўз олдида қўлига бир даста минг сўмликни тутқизадилар. У эса бинога олиб борадиган йўлни тўсиб турган паст темир панжарани бир четга суриб, уларни ўтказиб юборади. Кимдир "аввал хизмат кўрсат, кейин ҳақини оласан", дея савдолашмоқчи эди шекилли, "ака, ичкарида камера бор, ҳозир беринг", дея талаб қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption Чегаранинг икки томонида ҳам ўтишга ошиққанлар талайгина.

Буларнинг ҳаммасини обдон тамоша қилгандан сўнг, бекор кутиб тургандан кўра, божхона қоғозини тўлғизиб турай деб, асосий навбат яқинидаги маҳсус устунга яқинлашдим. "Бланка йўқ, овора бўлманг", деди навбатда турганлардан бир нечаси бираваракайига. Навбат эмас, оломон шаклини олган одамларни зина тепасида сигарет бурқирситаётган формадаги шахс бепарво кузатиб турибди. Божхона биноси эшиги очилгандек бўлди шекилли, оломон олдинга интилди. "Қаёққа шошасизлар, пересменка бўляпти, одам ўтмаяпти, ичкари тўла, иссиқ, сассиқ!", дея ўзича тартибга чақирди божхона хизматчиси. Бир соатлар деганда ниҳоят бино ичкарисга кирдик, иш сафарига кетаётганим туфайли менга ёрдам беришга ошиққан хизматчи бланк излаб кетди. Бир амаллаб, ундан-мундан сўраб, битта топиб келди. Бир неча кундан кейин ортга қайтишимни билиб, яна биттасини излаб кетди. Божхона текширувидан ҳам ўтдик. Охирги нуқта пасспорт текшируви. Биттагина туйнук ортида, бир бармоғи билан шошмасдан пасспорт маълумотларини компютерга ураётган чегарачи ҳам ана шу "охирги нуқта" дан ўтиб олишга ошиқаётларни тартибга солишга ҳаракат қилади. "Йўқол орқага, орқага дедим, эшитвосанлами!" Хуллас виза тартиби бўлмаган икки давлат ўртасидаги чегарадан ўтишга тахминан икки соатларча вақт кетди. Қозоқ томонидаги божхона-чегара назорати анчайин тартибли, эди. Лекин бу ерга бугун журналистлар келишини билишган. Шунинг учун "тартиб" журналистлар келиши шарофати биланми, ё доимийми, айтиш қийин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek
Image caption "Сўмингни шиғар, суретга тусамиз!"

Назорат нуқтасидан чиқиш билан бизни биринчи бўлиб "кутиб олган" икки аёл валюта савдогари эди. Уларни саволга тутиб, савдо қандай кетаётганлиги билан қизиқдик. Кейин суратга тушириш мумкинми, дея сўрадик. "Сўмингни шиғар, суретга тусамиз", деди бири иккинчисига ҳаяжон билан. Бу чегаранинг ўзбек томонидаги савдогарларда бўлмаган эркинлик белгисимикан ? ...