Freedom House: Ўзбекистон яна "Ёмонларнинг энг ёмони" рўйхатида

рўйхат Фото муаллифлик ҳуқуқи freedomhouse
Image caption Ўзбекистон "Ёмонларнинг энг ёмони" рўйхатига ўтган йил ҳам киритилган эди

АҚШда жойлашган Freedom House ташкилоти дунёнинг энг репрессив мамлакатлари янги рўйхатини чоп этган.

Ташкилот бу йилги ҳисоботда фуқаролари ўта репрессив муҳитда умр кечираётган 17 мамлакат ва 3 ҳудуд аниқланганини айтади.

“Ушбу ҳисоботда биз фуқаролари энг тамал ҳуқуқлардан баҳраманд бўлмаган мамлакатларни, фуқаролари мустақил фикр ёки амаллари учун оғир жазоларга тортилган, мухолифатга жуда чекланган ҳолда ёда умуман фаолият юритишга изн бермаган режимларни аниқлаганмиз," - деди Freedom House вакили Паула Скрифер.

Ҳисоботда Ўзбекистон инсон ҳақлари вазияти энг ёмон бўлган тўққиз мамлакатдан бири сифатида тилга олинган.

Ҳам сиёсий ва ҳам фуқаровий эркинликлар кўркаткичи бўйича энг ёмон тўққиз мамлакат қаторида шунингдек Бирма, Эваториал Гвинея, Эритрея, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Хитойнинг Тибет минтақаси ва Туркманистон бор.

Бу рўйхатдаги мамлакатларнинг ярмидан кўпроғида сиёсий ва фуқаровий ҳақ-ҳуқуқлар тажрибаси умуман йўқ. Бу йил "Ёмонларнинг энг ёмони" рўйхатига киритилган мамлакатлар ўтган йил ҳам айни рўйхатда эдилар," - деди Freedom House вакили.