Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонда давлат расмийлари ва хонандалар муносабати қандай?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ozoda.net
Image caption Озода Нурсаидова ва Шерали Жўраев ман қилинган хонандалардан

Ўзбекистонлик таниқли қўшиқчи Озода Нурсаидова билан Би-би-си дастурида янграган ва интернет саҳифамизда чоп қилинган суҳбатга кўпгина тингловчи ва ўқувчиларимиз турли муносабатларни билдиришган: кимдир қўшиқчига раҳми келса, кимдир уни бировнинг буйруғи билан можаро келтириб чиқаришда айбламоқда.

Озода Нурсаидова шу ҳафта ўз интернет саҳифасида ўзининг Ўзбекистон ҳукуматидаги аксил-Каримов мулозимлар томонидан босим остига олинаётгани, ҳамда наркобизнес ва диний экстремистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга мажбурланаётганини даъво қилган видеофильмини чоп қилди ва бунинг ортидан Би-би-сига эксклюзив интервью берганди.

У яқин кунларда рус тилида "Паутина власти" (Ҳокимият тўри) деб номланган видеофильмини тўлалигича интернетда чоп этишини билдирди.

Озода Нурсаидованинг видеофильми ҳақидаги Би-би-си лавҳаси учун бу ерга босинг

Озода Нурсаидованинг Би-би-сига берган интервьюсини тинглаш учун бу ерга босинг

Би-би-сининг аксар тингловчилари Озода Нурсаидованинг баёнотларини шубҳа остига олишган.

Муносабат

"Менимча, Озода Нурсаидова неча йиллик аламларини олиш учун ўзини кўрсатиб қўймоқчи. Лекин гапида мантиқ йўқ. Гап айланиб келиб Ислом Каримовнинг оппоқ эканига ишора бериб кетаяпти. Ўзбекистондаги ҳолатга фақат амалдорлар айбдор эмиш... Тушингни сувга айт дейдиган одам йўқ... Ўзи ҳам тушунмаган нарсаларни гапириб нима қилади? Бир гапи иккинчи гапига раддия бўлиб кетаяпти-ку. Айни пайтда "экстремист" деган сўзни кўп ишлатганидан буюртмага ҳам ўхшайди", деб ёзган Ўзбекистондан Ворис Усмонли.

Шунга ўхшаш яна бир мактуб Канададаги тингловчимиз Арслон Арслоновдан келган.

"Озодахон, сиз сиёсатга аралашмасдан қўшиғингизни айтиб, тўйма-тўй элнинг хизматини қилиб юраверинг, сиз хонандасиз, сиз гапга устасиз. Сизни роса тайёрлашибди. Сиз буёғдагилар калласи йўқ деб ўйламанг", деб ёзади у.

Англиядан Феруза исмли тингловчимиз қўшиқчининг гапларида ҳам жон бор деган фикрда.

Image caption Феруза Жуманиёзованинг лицензияси ҳам "Ўзбекнаво" томонидан бекор қилинган

"Эҳ, роса куюниб гапирибди. Ҳақиқатга яқин жойи ҳам бор кўп гапини. Лекин гапидан Ўзбекистонда бирон чет давлатга қочоқ бўлмоқчилиги кўриниб турибди" деб ёзади Феруза.

Қирғизистонлик Нодира эса Озода Нурсаидованинг хавфсизлигидан хавотирда.

"Баракалла, Озода, очиқча гапиришга қўрқмади. Афтидан сабр косаси тўлган ва йўқотадиганини йўқотган. Бир хавотирли жойи, у Тошкентда туриб шундай қаттиқ гапларни гапирмоқда, ўз ҳаёти ё яқинлари ҳаёти учун қўрқмаганми? Бу ҳикоянинг ҳамма томони ҳам аниқ эмас", деб ёзади Нодира.

Айни дамда Ўзбекистонда кўп хонандаларнинг нуфузи ва бойлигига қарамай, ижодига тўсиқлар қўйилиши тез-тез учраб турадиган ҳол. Шерали Жўраев, Юлдуз, Шаҳзода, Феруза Жуманиёзовалар бунга мисол.

Ким бу тўсиқларни яратади ва нима учун? Ўзбекистонда ўзи давлат расмийлари ва санъаткорлар ўртасидаги алоқа қандай? Санъаткорлар нақадар эркин?

Расмийнинг инжиқлиги

Бир неча йиллар ўзбек эстрадаси соҳасида продьюсер бўлиб ишлаган, аммо ўз исмининг ошкор этилишини истамаган санъаткорнинг айтишича, Ўзбекистонда қўшиқчининг карьераси якун топишига одатда бирон мулозимнинг инжиқлиги сабаб бўлади дейди.

"Масалан, қайсидир бир чиновник, ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда, мен фалон артистни текинга тўйимда келиб хизмат қилишини хоҳлайман дейди. Бормасанг, дарров лицензиянгни бекор қилишади", дейди у.

Лицензиядан айрилиш эса қўшиқчи учун радио ва телевидениеда ўз қўшиқлари билан чиқиши ман этилганини англатади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи yulduz.uz
Image caption Юлдуз Усмонова раҳбалар томонидан бўлган босим туфайли хорижда ижод қилишга мажбур бўлганини билдирган

"Артистлар сиёсатчиларми, ёки давлатда бир кучга эга бўлган одамларнинг қўлида манекендек нарса. Телевизорда кўрамиз, даҳшат, зўр клип қилибди, деймиз. У бечора артистнинг саҳна ортидаги ҳаётида қандай кетаётганини фақат ўзи билади, ё уни атрофида юрган одамлар билади. Халқ буни кўрмайди. Артистларнинг кўпчилиги ҳам ўзидан қўрққанидан ҳам гапира олмайди", дейди суҳбатдош.

У бир неча ёш истеъдодли ўсмир қиз хонандаларни катта саҳнага олиб чиқишга урингани, бироқ мулозимларнинг тегажоқлиги ва очкўзлигидан хонандалар азоб чекишганини ҳам айтади.

"Ўзбекистонда ҳамма билади, артистнинг даромади қаердан келади, фақат тўйдан. Тўйга олиб борасан бир чиройли ёш қизни, у ашуласини айтади, ўзини кўрсатади. Бир пули бор, лавозими бор одам, давлатнинг прокурорими ё бир чиновниги "мен шуни олиб кетаман ҳозир" дейди" деб айтади продьюсер.

Унга кўра ёш хонандалар сўнгра жинсий хизматлар ёки кўнгилхушлик учун ишлатилади.

"Жинсий хизматлар хам, бошқаси учун хам. Масалан, тадбирларда "Мен билан бирга ўтириб овқатланасан" дейди, у ўз ўртоқларига "Қара мен шу ашулачини олиб ўтирибман" деб, унинг устидан кулиб, аския қилиб, ерга уриб ўтиришади", дейди у.

Суҳбатдош бу ҳол нафақат ёш хонандалар, балки катта нуфузга эга "беш юлдузли" санъаткорлар билан ҳам юз беришини даъво қилади.

"Кўп биламан санъатдан юраги синиб, кўнгли қайтиб, "бор-эй" деб кетвориб, бошқа юртда, Америкада, ё бошқа чет мамлакатларда қаердаги ишларни қилиб юрган одамларни нечтасини шахсан биламан. Алам қилади" дейди у.