Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Булғористонда Оврўпода паноҳ топган андижонлик қочқин ҳибсга олинган

Олмониядаги Андижон Адолат ва Тикланиш ташкилоти тарқатган хабарда айтилишича, Лутфулло Бозоров 29 май куни Руминия билан чегарадаги Русе шаҳрида полиция томонидан тўхтатилган.

Булғористон расмийлари унинг экстремизмда айбланиб, қидирилаётганини айтишган. Би-би-сига гапирган Лутфулло Бозоров ўзи ушланган маҳал дўсти билан Туркияга кетаётган бўлганини айтди.

"Ўзбекистон давлати мени жиноятчи бошқа-бошқа деб Интерполга берган бўлган. Андижон воқеалари билан боғлиқ", дейди у.

Лутфулло Бозоров Андижон ҳодисаларига иштироки ҳақида гапираркан, 2005 йил 13 май кунги митингда иштирок этгани ва ҳукумат қўшинлари одамларга қарата ўт очганига гувоҳ бўлганини айтади.

Ҳозир Лутфулло Бозоров Булғористон ҳибсхонасидан қўйиб юборилган, аммо у ҳали ҳам Булғористон чегарасидан ўтишига рухсат берилмаётганини айтади.

"Маҳкамага олиб чиқишди. Маҳкамада менга озодлигимни, уч кун ичида чиқиб кетишим кераклигини айтишди. Лекин, Булғористон чегарасидан қўйиб юборишмаяпти", дейди у.

2005 йил майидаги Андижон воқеалари ортидан юзлаб қочқинлар Оврўпо ва Америкада паноҳ топишган.

Ўзбекистон ҳукумати уларни диний экстремизм ва терроризмда айблайди.