Ўзбекистонлик шоир ва журналист Шукур Содиқ ҳибсга олинган

Image caption Шоир ва журналист Шукур Содиқни Тошкент шаҳар прокуратураси иқтисодий жиноятларга қарши курашадиган департаменти ходимлари ҳибсга олганлар

"Эзгулик" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти хабар қилишича, таниқли шоир ва журналист, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзоси Шукур Содиқ Тошкентда ҳибсга олинган.

Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг пора олиш-беришда воситачилик қилиш банди бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Шукур Содиқ Тошкентда нашр этиладиган "Инсон ва қонун" рўзномасининг мухбири бўлиб ишлаган, газетанинг муассиси Ўзбекистон Адлия вазирлигидир.

"Эзгулик" жамиятига кўра, шоир ва журналистни Тошкент шаҳар прокуратурасининг иқтисодий жиноятларга қарши курашадиган департаменти ходимлари Тошкент шаҳридаги қаҳвахоналардан бирида ҳибсга олганлар.

"Эзгулик" жамиятига маълум бўлишича, прокуратура "Инсон ва қонун" рўзномаси мухбирини порани мансабдор шахсга етказиб беришда гумон этмоқда.

"Бироқ шоирнинг дўстлари, кўпчилик ижодкорлар ҳодисанинг уюштирилганини иддао қилишмоқда", дейилади инсон ҳуқуқлари жамияти тарқатган хабарда.

Шоирнинг саломатлиги яхши эмаслиги, бунга қарамасдан қариндошларига у билан кўришишга рухсат берилмаётгани хабар қилинган.

Шоир, журналист ва таржимон Шукур Содиқ 1959 йили Самарқанднинг Нуробод туманида туғилган.

У Ўзбекистондаги қатор бадиий нашрларда фаолият кўрсатган.