Қозоғистон 28 нафар ўзбекистонлик бошпана изловчини экстрадиция қилди

Қозоқ ҳаками Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қозоғистон ҳукумати ўзбек фуқароларини ватанларига қайтаришда Минск шартномасига риоя этганини айтади

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Би-би-сига Ўзбекистонлик 28 қочқиннинг ватанларига экстрадиция этилганини билдирди.

Бугун аввалроқ Олма ота шаҳар прокуратураси бошпана изловчиларни Қозоғистонда ушлаб туришга асос қолмаганини айтган эди.

Бироқ, Олма Ота шаҳар прокуратураси уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилингани борасида бирор аниқ хабар бера олмаслиги билдирган эди.

Бошпана изловчилар роппа-роса бир йилдан бери ҳибсхоналарда сақланаётган эди.

"Бугун Ўзбекистонга бу мамлакатнинг 28 фуқароси экстрадиция этилди. Улар ўз ватанларида оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланишмоқда," деб Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Иляс Омаров Би-би-си билан суҳбатда.

Бошпана изловчилар, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг талаби билан, 2010 йили 9 июнда ҳибсга олинганди.

Улар Ўзбекистонда турли диний экстремистик ташкилотларга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш каби айблар билан қидирувга берилган.

"Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан экстрадиция этилган ўзбек фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя этиш ҳақида ёзма кафолатномалар тақдим этилди," деб айтган Иляс Омаров.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган 29 бошпана изловчидан фақат бир нафари - Ниғматулло Набиевга кейинчалик қочқинлик мақоми берилган ва у ҳибсдан озод этилган.

Бошпана изловчиларнинг ўзлари уларга нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этишган ва Ўзбекистонда диний эътиқодлари туфайли тақибга учрашганини таъкидлашган.

Аввалроқ дунёнинг етакчи беш инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қозоғистон Бош прокурорига мактуб йўллаб, ўзбекистонлик бошпана изловчиларни ватанларига экстрадиция этмасликни сўрашган эди.