Қозоғистон: ўзбекистонлик баъзи қочқинлар экстрадиция этилиши мумкин

Ўзбекистонлик бошпана изловчи аёллар

Қозоғистон ҳибсхоналарида ушлаб турилган ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга юборилаётган бўлиши мумкин.

Уларнинг яқинларидан бугун озиқ-овқат олинмаган ва учрашувга рухсат берилмаган.

Олма Ота шаҳар прокуратураси эса, уларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилингани борасида бирор аниқ хабар бера олмаслиги, аммо, қонун бўйича, бошпана изловчиларни Қозоғистонда ушлаб туришга асос қолмаганини билдирган.

Бошпана изловчилар роппа-роса бир йилдан бери ҳибсхоналарда сақланмоқда.

Олма ота шаҳар вақтинчалик тергов изоляторида сақланаётган ўзбекистонлик бошпана изловчиларнинг 14 нафари ҳибсхонадан номаълум жойга олиб кетилган.

Бугун турмуш ўртоғи Холбоев Шуҳрат билан учрашувга борган Рита Абишева уни тополмаганини айтади.

"Навбатчи менга бошпана изловчиларни бошқа жойга ўтқазганини айтди. Шунинг учун мени ичкарига киритишмади. Навбатчи менга уларни қаерга кўчиргани ҳақида ҳеч қандай маълумот беролмаслигини айтди," - дейди Рита Абишева.

Ичкарида қолган бошпана изловчилар билан гаплашган яқинлари сўзларига кўра, 14 нафар бошпана изловчи номаълум томонга олиб кетилган.

Бошпана изловчиларнинг аёллари ҳозир шошиб қолишган.

Улар БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш олий комиссарлигига вазиятни ўрганиш учун келишди.

Ташкилот ходимлари уларни ҳаттоки қабул қилишмади ва ариза қолдиришни сўрашди.

Аёллар шаҳар прокуратураси томон йўл олишган.

Сўнгги маълумотга кўра, уларнинг айримларини полиция куч билан машинага солиб, номаълум томонга олиб кетган.

Олма ота шаҳар прокуратураси бошпана изловчиларнинг ҳолати борасида айни дамда аниқ маълумот беролмаслигини айтди.

Шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Ташкенбай Аубакировнинг айтишича, бошпана изловчиларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш талаби маҳкама томонидан ўтган йилдаёқ қондирилган.

Прокурор ёрдамчисига кўра, шу вақтгача қонунга ўзгартиришлар киритилгани учун бошпана изловчиларга Бош прокуратуранинг қароридан шикоят қилиш ҳуқуқи берилди ва улар шу кунгача ҳамма босқичдан ўтиб бўлишган.

"Аммо мен айни дамда бошпана изловчиларнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ёки қилинмагани ҳақида сизга бирор аниқ гап айта олмайман. Прокуратурага ёзма равишда мурожаат қилинг ва бир ой ичида сизга жавобини айтамиз," - деди Ташкенбай Аубакиров.

Қочқинларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи юрист Денис Живага Бош прокуратура бошпана изловчиларни Ўзбекистонга экстрадиция қилишга ҳақли деб ҳисоблашини айтади.

"Бошпана изловчилар Бош прокуратуранинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарордан шикоятини касацион маҳкама кўриб чиқди ва шикоят қондирилмади. Бошпана изловчиларнинг Олий маҳкамага шикоят қилиш ҳаққи бор. Аммо прокуратура касацион маҳкамадан сўнг қарор кучга кирди, деб ҳисоблайди ва Олий маҳкаманинг ечимини кутиб ўтирмасдан, қидирувга берган давлатга топшириши мумкин," - деди Денис Живага.

Бошпана изловчилар, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг талаби билан, 2010 йили 9 июнда ҳибсга олинганди.

Улар Ўзбекистонда турли диний экстремистик ташкилотларга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш каби айблар билан қидирувга берилган.

Бошпана изловчиларнинг ўзлари ушбу айбловларни рад этишади ва Ўзбекистонда диний эътиқодлари туфайли тақибга учрашганини таъкидлашади.