Human Rights Watch ваколатхонасини ёпиш қарори қабул қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Кеннет Росс: Human Rights Watchни қувиб солиш билан Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасидаги танқидга тоқат қилмаслигини намойиш этаяпти

Ўзбекистон Олий Суди Адлия вазирлигининг Human Rights Watch ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш ҳақидаги сўровини қондирган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти устидан 2010 йил охирида Олий маҳкамага даъво аризаси киритган.

Адлия вазирлигига кўра, Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси вазирликка талаб қилинган ҳисоботларни топширмаган.

Ўзбекистон Олий суди Адлия вазирлиги даъвосини май ойининг охирида кўриб чиқишга киришган, бироқ суд мажлисида халқаро ташкилот вакили қатнашмаган.

Маҳкама жараёнини кузатишга ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва Тошкентдаги хорижий мамлакатлар элчихоналари дипломатлари борганлар, бироқ мажлисга фақат дипломатлар киритилган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги даъвоси бўйича илк мажлис 3 июн куни бўлиб ўтган, кейинги мажлис 13 июнга мўлжаллангани эълон қилинган.

Бироқ Human Rights Watch ташкилотининг маҳкамада манфаатларини ҳимоя қилган тошкентлик адвокат Сергей Майоровнинг айтишича, 9 июн куни соат 11 ларда Ўзбекистон Олий суди маҳкамани 9 июн куни соат 15 гача кўчиргани ҳақида телеграмма олган.

Маҳкамада прокурор Адлия вазирлиги даъвосини қондириш, бу даъвони асоссиз деб чиқаётган Human Rights Watch важларини эътиборсиз қолдиришни сўраган.

Маҳкама ҳайъати вазирлик даъвосини қондириш ҳақида қарор қабул қилган, бу Ўзбекистондаги Human Rights Watch ташкилоти ваколатхонасининг фаолияти расман ёпилишини англатади.

Ҳуқуқшунос Сергей Майоровнинг айтишича, маҳкама қарори устидан шикоят билан мурожаат қилиб ўтиришга эҳтиёж йўқлиги айтилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг Тошкентдаги ваколатхонасини 1996 йилда очган, 2007 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Human Rights Watch ташкилоти вакилига мамлакатда иш олиб бориш ҳуқуқини берадиган аккредитацияни бермаган эди.

2008 йил ёзида халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги аккредитациясиз вакили Игор Воронцов Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Ўтган йили Human Rights Watchнинг Тошкентга юборилган вакили Стив Свердлоунинг икки ой мобайнида рухсатнома олишни кутиши ва мамлакатдан чиқиб кетишига тўғри келганди.

Халқаро ташкилотдан билдиришларича, бу Human Rights Watch тарихида илк бор ҳукумат томонидан ишчи идораси фаолиятини тўхтатишга мажбурлашдир.

"Human Rights Watchни қувиб солиш билан Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасидаги танқидга тоқат қилмаслигини намойиш этаяпти. Бироқ биз ҳам бунга тоқат қилмаймиз ва аввалгидек Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари поймол этилиши ҳақида ҳисобот тайёрлайверамиз", деб айтган ташкилот ижрочи директори Кеннет Росс.