'HRW ваколатхонасининг ёпилиши - ҳуқуқ ҳимоячилари истеҳкомининг вайрон қилинишидир'

Image caption "Эзгулик" ташкилоти Олий маҳкама қарори инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи жамиятларга берилган жиддий зарба дейди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамиятининг баён қилишича, мамлакат Олий маҳкамасининг "Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш қарори ушбу соҳада шуғулланувчи жамиятларга берилган зарбадир.

Ташкилот ўз баёнотида маҳкама ҳукми фуқаролик жамияти вакиллари истеҳкомларидан бирининг вайрон этилиши эканини урғулайди.

"Эзгулик" жамиятига кўра, "мамлакат расмийлари томонидан огоҳлантирувчи қўнғироқ сифатида янграган бу садо инсон ҳуқуқлари масаласини яна жиддий хавотир остида қолдиради".

Ўзбекистон Олий Суди куни кеча Адлия вазирлигининг Human Rights Watch ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини ёпиш ҳақидаги сўровини қондирганди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги халқаро ташкилот устидан 2010 йил охирида Олий маҳкамага даъво аризасини киритганди.

Адлия вазирлигига кўра, Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси вазирликка талаб қилинган ҳисоботларни топширмаган.

"Эзгулик" жамиятининг айтишича, Ўзбекистон Олий суди судьяси Холов раислигида ўтган қисқагина маҳкамада "Хьюман Райтс Вотч"нинг ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этилиши, яъни ишнинг адвокат Сергей Майоров ва ташкилот вакилларининг иштирокисиз кўрилиши сиёсий аҳамиятга молик воқеадир.

Олий маҳкама ҳукуми ортидан адвокат Сергей Майоров ўзларига маҳкама қарори устидан шикоят билан мурожаат қилиб ўтиришга эҳтиёж йўқлиги айтилганини билдирганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг Тошкентдаги ваколатхонасини 1996 йилда очган.

2007 йилда эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Human Rights Watch ташкилоти вакилига мамлакатда иш олиб бориш ҳуқуқини берадиган аккредитацияни бермаган эди.

2008 йил ёзида халқаро ташкилотнинг Тошкентдаги аккредитациясиз вакили Игор Воронцов Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Ўтган йили Human Rights Watchнинг Тошкентга юборилган вакили Стив Свердлов икки ой мобайнида рухсатнома олишни кутиши ва мамлакатдан чиқиб кетишига тўғри келганди.

Халқаро ташкилотдан билдиришларича, бу Human Rights Watch тарихида илк бор ҳукумат томонидан ишчи идораси фаолиятини тўхтатишга мажбурлашдир.

Ташкилот вакиласи Рейчел Дэнбер хонимлари эса, Тошкент маҳкамасининг қарори ҳуқуқ ҳимяочиларини ҳаракатдан тўхтата олмаслигини таъкидлаганди.