Петербургдаги тақирбошлар раҳбари бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилди

Тақирбошлар

Санкт-Петербург шаҳар маҳкамаси ўта ўнг қанот гуруҳ раҳбари Алексей Воеводинни миллий адоват асосидаги ҳужумлар ва қотилликларда айбдор деб топиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Маҳкама Алексей Воеводинни "жамиятга хавф солувчи шахс" деб топди.

Унинг жиноий шериги Артем Прохоренко ҳам бир умрга озодликдан маҳрум этилди.

Тақирбошлар гуруҳининг яна бошқа 10 аъзосига 18 йилга қадар турли жазолар тайинланди.

Тергов хулосаларига кўра, Воеводин ва Дмитрий Боровиков тақирбошлар ташкилотини 2003 йилда тузганлар.

Бунга қадар уларнинг иккаласи ҳам турли экстремист гуруҳларга аъзо бўлишган.

Гуруҳ аъзолигига 16 дан 22 ёшга қадар бўлган йигит ва қизлар қабул қилинган.

Уларнинг барчаси 2006 йилда ҳибсга олинган.

Маҳкама ҳайъати аъзолари май ойи охирида миллатчи гуруҳнинг 14 аъзосидан 12 нафарини айбдор деб топди.

Тақирбошлар бандитизм, миллий адоват асосида инсон умрига қасд қилиш ва одам ўлдириш каби жами йигирмага яқин турли жиноятларни содир этишда айбланган эдилар.

Тергов жараёнида ташкилот аъзоларининг славян қиёфасида бўлмаган инсонларни калтаклаганлари ва ўлдирганлари аниқланган.

Россия барча учунми?

Левада маркази жамиятшунослари маълумотига кўра, охирги 10 йилда Россияда миллатчилик руҳидаги шиорлар кучайган: "Россия руслар учун" номли шиорни россияликларнинг 58% қўллаб-қувватлашади.

1998 йилда ушбу шиорни россияликларнинг 43% дастаклаган эди.

2010 йилда Россияда 37 нафар одам ирқий ва миллий зўравонликлар қурбони бўлишган, 386 инсон жароҳат олган, дейилади "Сова" инсон ҳуқуқлари маркази ҳисоботида.

Ўтган ой бир неча миллатчи ташкилотлар янги "Русские" ("Руслар") ҳаракати тузилганини эълон қилдилар.

Ушбу ҳаракатга фаолияти таъқиқланган Ноқонуний муҳожирликка қарши ҳаракат ҳамда "Славянская сила" ("Славян кучи") ва "Русский марш" ("Рус марши") ташкилотлари қўшилган.

Дмитрий Медведев шу йил бошида Москва марказида руслар ва рус бўлмаган миллат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувлар ортидан унда иштирок этганларни қаттиқ жазолашни талаб қилди.

Россия президенти маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Владислав Сурков эса Москвадаги тартибсизликлар учун мухолифат гуруҳларини айблади.