Сўнгги янгиланиш 15 июн 2011 - 17:20 GMT

'Қашшоқлик Марказий Осиёда кенг тарқалган'

Халқаро Валюта Жамғармасининг огоҳлантиришича, расмий рақамлардан фарқли ўлароқ Марказий Осиё давлатларида нотенглик ва қашшоқлик кенг тарқалган.

Халқаро ташкилот бундай хулоса чиқаришга мавжуд далиллар асос беришини алоҳида урғулайди.

Бу ҳақда жамғарманинг ўтган ҳафта Тожикистонда тақдим этилган Марказий Осиё ва Қофқоз давлатларидаги вазиятга оид сўнгги шарҳида айтилади.

Asia-Plus ахборот агентлиги хабар беришича, халқаро ташкилот бутун минтақани назарда тутиб, аҳоли даромадларидаги нотенглик ва ишсизлик кўлами хавотирга лойиқ эканини таъкидлаган.

"Минтақанинг айрим давлатларида турли кўринишдаги ижтимоий ёрдам дастурлари амал қилади. Аммо етарлича маблағнинг йўқлиги, ташкилий муаммолар, маъмурий бошқарувнинг заифлиги ва коррупция ҳоллари уларнинг самарадорлигини пасайтиради," дейилади ҳисоботда.

Жамғарма таҳлилчиларига кўра, Россияга оммавий миграция минтақа давлатларида хавфсизлик кафолати бўлиб турибди.

Чунки айнан меҳнат муҳожирлиги минтақанинг аксарият аҳолиси учун иш ўринлари ва даромад манбаидир, дейишади улар.

Ўз ўрнида халқаро ташкилотнинг огоҳлантиришича, қашшоқлик, нотенглик, ижтимоий ҳимоянинг кўнгилдагидек эмаслиги коррупция ҳоллари билан қўшилиб, минтақада ижтимоий тангликлар хавфини кучайтиради.

Яқинда Жаҳон Банки ҳам Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиёда қашшоқлар сони кўпайиши билан огоҳлантирганди.

Аксар собиқ социалистик мамлакатларни қамраб олувчи бу улкан минтақа сўнгги йилларда иқтисодий тараққиёт йўлига чиққан эди.

Аммо сўнгги глобал молиявий инқироз минтақанинг аксарият давлатлари иқтисодий тараққиётига жиддий зарба бермай қолмади.

Бошқа омиллар

Маҳаллий кузатувчилар минтақада камбағаллар сони кўпайишида яна мавжуд сиёсий тузумларни ҳам айблашади.

Уларга кўра, ушбу давлатларда жорий этилган иқтисодий тизимлар самарасиз ва улар одамлар ҳаёт даражасини яхшиламайди.

Кузатувчиларнинг наздларида бу каби тизимлар даромад ва бойликларни одил тақсимлашмайди.

- Қандайдир 10 фоиз одам бу мамлакатлардаги бутун иқтисодий бойликларни назорат қилишади ва бойиб кетишган. Аҳолининг 70-80 фоизи эса қашшоқлардир, дейишади улар.

Минтақада жойлашган Қирғизистон ва Тожикистон эса, мустақилликларидан 20 йил ўтиб, бугун бутун собиқ Шўро давлатлари ичида энг камбағаллари саналишади.

Дейлик, Тожикистонда аҳолининг ярмига яқини камбағалликда ҳаёт кечириши айтилади.

Ўзбекистон

Қатор халқаро ҳисоботларга мувофиқ, ўтган икки ўн йилликда Ўзбекистонда ҳам камбағаллар сони ортган.

Қолган минтақа давлатлари билан солиштирганда, Ўзбекистон энг катта сондаги аҳолига эга.

Маҳаллий кузатувчиларнинг урғулашларича, Ўзбекистондаги меҳнат бозори мамлакатдаги ишчи кучи талабларига жавоб бера олмайди.

- Ўзбек ҳукумати ё янги иш ўринлари ярата олмаяпти ёки яратишни истамаяпти. Ҳозир ўзбеклар аксар қора ишчи кучига айланишмоқда, дейишади улар.

Кузатувчилар, ҳатто, расмий рақамларга қаралганда ҳам, бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлганларнинг аксарияти ўзбекистонликлар эканига эътибор қаратишади.

Уларнинг таъкидлашларича, Ўзбек ҳукумати уларни юқори малакали мутахассисларга айлантириши керак.

Ўз ўрнида, таҳлилчилар орасида инсоний сармоя сифати бузилиб, заифлашиб бориши Ўзбекистоннинг давлат сифатида мустаҳкамлигига таҳдид солишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Уларнинг урғулашларича, президент Ислом Каримов ҳукумати худди ана шу муаммони ҳал этиш устида бош қотириши керак.

Биз Ўзбекистондан мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов билан боғланиб, мамлакатдаги камбағаллик миқёси билан қизиқдик:




BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.