Косонда бедаво юқумли касаллик ваҳимаси тарқаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Қашқадарёдаги хавфли юқумли касаллик борасида расмийлар вазиятни ойдинлаштиришгани йўқ

Қашқадарёдан келаётган хабарларга кўра, Косон туманида бедаво юқумли касаллик чиққани ҳақида ваҳималар кучайган.

Расмийлар ҳалигача вазиятни ойдинлаштириш учун аҳолига ҳеч нарса дейишмаган. Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги вакили Би-би-си билан телефон мулоқотида мазкур хабарни на рад этди, на маълумот берди. "Бу борада бирон маълумот керак бўлса Тошкентдаги вазирлигимизга келинг" - деб суҳбатни калта кесди.

Аммо Қашқадарёдаги ҳуқуқ фаолларига кўра, касалхоналарда эҳтиёт чоралари кўриш, бир неча қават ниқоб тақиш ва қандай қилиб ўзини ҳимоя қилиш мумкинлиги борасида тиббиёт ходимлари махсус ўқув машғулотлари ўтишмоқда.

"Косоннинг узоқ қишлоғида яшовчи аёл туғруқ пайти қон тўхтамаслигидан жуда қийналган, аммо вафот этганидан кейин ўлатга ўхшаш касалликка чалингани айтилган" - дейди Қаршидан ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева.

Унинг билдиришича, бемор яшайдиган қишлоқ карантин қилинган, уни даволаган шифокорлар ҳам текширилган. Тасдиқланмаган хабарларга мувофиқ, айрим касалхона ходимларига ҳам бу касаллик юққани ҳақида ваҳималар тарқалган. Лекин бу хабарлар қанчалик асосли экани маълум эмас. "Шифокорлар бу гемаррогик безгак бўлиб, унинг канадан тарқаганини тахмин қилишмоқда" - дейди Гулшан Қораева - "Ҳамма касал чиққанмиш, кимдир ўлган эмиш, деб айтади, лекин расмийлар аҳолига маълумот беришмаяпти. Санитария-эпидемиология вакиллари эса масъуллар ишлаётганини айтишмоқда".

Эбола вируси келтириб чиқарадиган гемаррогик безгак одатда Қора Африкада учрайди. Бу касаллик Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда кузатилгани борасида эса маълумотлар йўқ.

"Бу бизда учрамайдиган касаллик. Уни даволаш бўйича бизда тажриба ҳам йўқ" - дейди Тошкентдаги шифокорлардан бири -"Бироқ бу жуда юқумли касаллик ва агар мабодо бирон ҳолат аниқланган бўлса, шаксиз, ҳамма жойга маълум қилишарди".

Бироқ Би-би-си Ўзбек Хизматининг бир неча бор уринишларига қарамасдан, Ўзбекистон тиббиёт мулозимлари гаплашишдан бош тортишди. Шу асно Косонда тарқагани айтилаётган бедаво юқумли касаллик хабари ҳозирча тўла аниқланмай қолмоқда.