"Нурчилар"га ов давом этмоқда ёҳуд бу оқимдан қўрқиш керакми?

Image caption Туркияда бир неча ўнлаб ўзбекистонлик собиқ "турк" талабалари қочиб юргани ишонилади

Ўзбекистонда турк лицейлари ва Туркия университетларида таълим олган ва сўнгра "Нурчилар" оқимига аъзоликда айбланган ёшларга нисбатан босим ва тазйиқлар даъвом этмоқда. Туркиялик мустақил журналист хабар қилади.

Туркиялик марҳум имом Саид Нурсининг назарияларига ишонган ва амал қилганликда гумон қилинган ёшларни овлаш айниқса ўтган уч йил ичида Ўзбекистонда авж олган.

Ўнлаб ёш йигитлар ноқонуний диний ташкилотларга аъзолик ва экстремистик руҳдаги адабиётларни тарқатиш айблари билан қамоқ жазосига ҳукм этилдилар. Юзлаб ёшлар эса Қозоғистон, Россия, Туркия каби давлатларга қочишган. Бироқ, уларга бўлган босим ва тазйиқлар шу пайтгача қамчи шаклида бўлиб келаётган бўлса, энди ўзбек ҳукумати афтидан қанд шаклини ҳам синаб кўрмоқчи.

Туркияда Би-би-си билан суҳбатда бўлган Жавлон исмли кишининг айтишича, унинг Ўзбекистондаги оиласи маҳаллий ҳокимиятда бўлиб ўтган махсус мажлисга чақирилган ва ўғли Туркиядан ватанга қайтиб ўз айбига иқрор бўлса, авф этилиши ваъда қилинган.

Мажлисда сўзга чиққанлар президентнинг бу ваъдаси ортидан ватанга қайтганлари ва авф этилганларини айтиб, бошқа ота-оналарни ҳам ўғилларини ортга чорлашга ундашган.

Расмийлар Ўзбекистон президентининг 2000 йилда қабул қилган "Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида"ги фармонига биноан "адашганлар" авф этилишини билдиришган.

Жавлонга Ўзбекистон Жиноий Кодексининг 244-1 моддасида (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) қайд қилинган барча айбларга тўла иқрор бўлганини айтиб, ариза тўлдириш таклиф этилган.

Image caption Қувғинликда юрган гумондорлардан барча айбларга иқрор бўлиб ариза ёзиш сўралган

Бу иқрорнома асосида эса уларга исм-шарифлари халқаро қидирув рўйхатларидан ўчириб ташланиши ваъда қилинган.

"Қаерда экани аниқ бўлиши учун ўша яшаб турган давлатидан, почта орқали ўз ватанидаги вилояти бош ҳакамига "мен барча айбимни тан оламан ва президентимиз мени кечиришини сўрайман" деб ариза ёзиб жўнатиши керак экан", дейди у.

Лекин, Жавлон йўқ айбини бўйнига олишни истамаётганини айтади.

"Ўзбекистон бизни алдаб, бундай аризани ёздириб олиб, кейин ишингиз халқаро судга ошса, улар "мана у ўз айбини тан олган-ку" деб ўз аризангизни сизга қарши ҳужжат сифатида кўрсатишлари мумкин", дейди у.

Бир неча йилдан бери Туркияда қувғинда яшаб келаётган 34 ёшли Жавлон "Нурчилар" деган ташкилотга аъзо бўлгани ё бу оқимни тарғиб қилганини рад қилади.

"Айбнинг асоссизлиги ўзи бошидан маълум. Мен Ўзбекистонга неча йиллардан бери бормаганман, ҳеч қандай ташкилотга аъзо ҳам бўлмаганман. Танишларим фақат бир синфда ўқиган оғайниларим бўлган. Ноқонуний материаллар тарқатмаганман", дейди у.

Туркияда яшаб келаётганига қарамай, Жавлон Ўзбекистонда қидирувда бўлганидан безовта. Унинг сурати она шаҳри бўйлаб темир йўл бекатлари, аэропорт ва бозорларда осилган.

У нафақат Ўзбекистон бўйлаб, балки халқаро қидирувга эълон қилинганига ишонади.

Қувғин

Жавлон тўққиз йилдирки доимий тарзда Туркияда яшайди. Ундан аввал у Ўзбекистондаги турк лицейларидан бирида, кейин эса Туркиядаги университетлардан бирида таълим олган.

Image caption Ўзбек президенти фармонига биноан, Жавлон каби қочиб юрган кишилар авф этилишлари керак

Унинг ўзи ишонишича, ўзи ва дўстларига қарши ўзбек хавфсизлик кучларининг босими дўстларидан бирининг электрон мактуб орқали оч-наҳор африкалик болаларнинг суратларини тарқатганидан сўнг бошланган.

Унга кўра, Миллий Хавфсизлик Хизмати бу суратларни тарғибот амали дея талқин қилган ва суратни тарқатган ёшнинг дўстларини чақириб, тергов қила бошлаган.

Терговчи рўйхатига тушган ҳар бир йигитнинг уйи тинтув қилинган. Шу жумладан, Туркияда бўлган Жавлоннинг ота-онаси ва ака-укалари яшайдиган уй ҳам.

Жавлоннинг уйида диний ибодатни намойиш қилувчи компакт диск топилган.

"Арабистон телевидениеларини қўйсангиз, ҳамиша каъбани ва намоз ўқиётган одамларни кўрсатиб турадиган каналлар бор, шундай нарсалар ёзилган бир компакт диск бўлган менда. Ҳўўв студент пайтимда олгандим. Ўшани олиб кетишибди", дейди у.

Қатор дўстлари ҳам ўхшаш "далил-исбот" билан бир неча йилга озодликдан маҳрум этилганини эшитган Жавлон бугун қувғинда. У Туркиянинг ўзида яна ўнлаб ўзбекистонлик собиқ "турк" талабалари қочиб юришганига ишонади, уларнинг кўпи оилалари билан қочишган.

Бу каби қочқинларнинг аниқ сонини айтиш қийин, чунки улар ким биландир мулоқотга киришга қўрқадилар.

"Идеал одамлар"

Жавлон мен билан суҳбатда турк лицейидаги таълимни хотирлар экан, диний ё экстремистик руҳда билим берилмаганини қайта-қайта таъкидлайди.

"Тўрт йил ўқиганман. Ўқитувчиларимиз бари турк эди. Улар бизга ҳақиқатан идеал бир одамлардек туюлганлар, чунки ёмон иллатлари йўқ эди, фақат яхши нарсаларни ўргатишарди. Одоб, ахлоқ, ота-она ва ватанга ҳурмат... Шундай нарсаларни кўп ўргатишган. Одамга сингар экан барибир, биз ўзгардик. Ота-оналаримиз ҳам буни кўрган", дейди Жавлон.

Турк лицейларига ва "нурчи" муаллимларга қарши янграйдиган айблов ва иддаолар орасида кўп учрайдигани уларнинг мактаб ҳудудида ибодат қилгани ва ибодат қилишни талабалар орасида тарғиб қилгани. Бироқ, Жавлон бунга ҳеч бир талаба мажбурланмаганини айтади.

Image caption Турк мактабларида талабалар қўшимча диний таълим берилмагани, аммо ўқитувчилари ўз диний турмуш тарзлари билан уларга ўрнак бўлишганини айтишади

"Иккинчи-учинчи йилларда биз секин-секин уларнинг намоз ўқишини ўргандик. Биз ҳам қизиқиб, намоз ўқиганмиз. Бир синфда қизиқиб 90 фоиз бола ўқигандир, у ҳам бўлса беш-олти ойга чўзилди. Бориб-бориб беш-олтиси намоз ўқишда давом этди, холос. Қолганлар тўхтатди."

Бироқ, Жавлон ва мен билан суҳбатда бўлган бошқа собиқ "турк" лицейи талабалари асосий урғу дунёвий илм беришга қаратилганини айтишади. Улар ўзларининг алкоголь ичмайдиган, тамаки чекмайдиган ва намоз ўқийдиган муаллимларига тақлид этишлари эса табиий равишда юзага келган жараён эканини англатишга уринадилар.

Қўрқитиш ва севдириш

Айни дамда ўқувчиларнинг Исломга қизиқиши турк муаллимлари таъсири доирасидан ҳоли тарзда ўзбек жамиятида юз бераётган диний уйғонишнинг бир қисми эди. У йилларда жума намозини канда қилмайдиган ёшлар сони тобора кўпайиб бораётганди.

Бироқ, бу жараён Жавлон каби ўсмирларга ўзбек масжидларидаги Ислом ва турк муаллимлари орасидаги Ислом фарқини кўришга имконият берди.

"Буларнинг Исломи "модерн" эди. Намознинг "модерн"и бўлмайдию, лекин тушунчалар замонавий эди. Бизда ўша пайтда масжидга борсам, бошимда дўппи бўлмаса киритмасди. Масжидда фақат қарияларнинг гапи ўтарди. Сал қаттиқроқ гапирсанг ё нимадир қилиб қўйсанг, қариялар урушиб берарди. Қисқаси, одам қўрқарди масжидга боришга. Фақат қўрқитиш кўп эди, жаҳаннам, дўзах... Севдириш эмас, қўрқитиш билан овора эдилар. Туркларда ундай эмасда, улардаги усул Исломни севдириш эди", деб эслайди Жавлон фарқларни.

Туркиядаги нурчилар

Туркияда бугунда "Нурчилар" Саид Нурсининг таълимотини тарғиб этувчи ва анъанавий Исломни замонавийлаштиришни мақсад қилиб олган машҳур имом Муҳаммад Фатҳулла Гулан номи билан чамбарчас боғлиқ.

АҚШда истиқомат қилувчи Гулан ҳар қандай террорчиликни қоралашини ва ўзга динлар билан мулоқотни тарғиб қилишини айтади, ва Ватикан, ҳамда қатор Яҳудий ташкилотлар билан диалогни йўлга қўйганини урғулайди.

Дунёвий туркларнинг ўзлари учун Гулан таълимоти замонавий эмас, балки анъанадор, чунки у, мисол учун, аёллар ҳижоб ўрашини тарғиб қилади.

Ўз веб саҳифасида жаноб Гулан Ислом ва демократия тушунчалари зинкор қарама-қарши эмаслигини айтади. Унга кўра, дунёвийлик динсизликни англатмайди.

Гуланнинг таълимоти бизнесга катта эътибор қаратади. Туркияда амал қилувчи қатор жамғармалар ва уюшмалар Лотин Америкасию Африкадаги тадбиркорлар ва турк ишбилармонлари орасида савдо-сотиқни ривожлантиришни мақсад қилиб олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fethullahgulen.org
Image caption Саид Нурсининг энг машҳур муриди Фатҳулла Гулан ўз веб саҳифасида ўзга динлар билан мулоқотни тарғиб қилади

"Улар Туркияда жуда кучли, уларнинг газеталари, телеканаллари бор. Ундан ташқари, уларнинг тадбиркорлик федерациялари бор. Уларга аъзо бўлсангиз, сизга имтиёзлар беради, мижозлар топиб беради. Туркияда бу федерацияларнинг аъзоси бўлмаган фирма йўқ. Динга ишонса ҳам, ишонмаса ҳам. Чунки тадбиркорлик бу пул. Савдо керак", дейди Жавлон.

Гулан муридлари йирик маблағга эга бўлиб, бутун дунёда мактаблар очишда давом этишмоқда. Уларнинг турк ҳукумати ва халқаро бизнес саҳнасидаги қудрати тобора ойдинлашмоқда.

Нурчилар ё Гулан ҳаракати ўзи нималигини бир жумлада ифодалаш ўта мушкул.

Нурчилар ё "гуланчилар" ҳақиқатан муайян таълимотга бўйсунишларини айтишади, бироқ қандайдир ташкилотга аъзо эканларини рад этишади - чунки аъзо бўлиш мумкин бўлган ташкилотнинг ўзи йўқ.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган Истанбулдаги "гуланчи" мактаблардан бирининг ўқитувчиси Алпа Дуружи турк лицейларининг диний йўналиши борлигини рад этади. Ва ҳатто Фатҳулла Гулан номи тилга олинмаслигини айтади.

"Биз унинг исмини тилга олмаймиз. Тўғри, мен унинг китоблари ва қарашларининг катта тарафдориман, у мени тўйинтиради, мен ундан ўрганаман ва ўрганганимни ўқувчиларимга ўргатаман. Ўқувчилар сўрамагунча, қўшимча диний сабоқ бермаймиз", дейди у.

Обрў

Гулан тарафдорлари Туркияда Исломнинг замонавийлашишига ва Исломга бўлган янги ҳурмат-эътиборнинг ошишига энг катта ҳисса қўшганликларини айтишади.

Уларга кўра, Туркиянинг энг ибратли мусулмон мамлакат сифатида халқаро саҳнада тақдим этиб келиниши айнан уларнинг ақидапараст эмас, балки замонавий эътиқодни тарғиб қилишларига боғлиқ.

Жавлон ўзини "нурчи" деб ҳисобламайди, бироқ унга кўра бу каби оқимлардан Ўзбекистон қўрқмаслиги керак.

Image caption Ўзбекистонда "нурчилар" шариат қонунларига асосланган давлат қуришни мақсад қилувчи радикал гуруҳ дея кўрилади

"Ўзбекистон ҳукумати нима учун қўрқади, мен тушунмадим. Туркия ҳукумати нурчиларни қўллаб-қувватлади, ва шу орқали ўзининг дунёдаги обрўсини оширди. Бутун дунёда турклар кимлигини турк мактаблари орқали билишади. Ўзбекистон, майли, Туркияни ёмон кўриши мумкин, лекин ўзи бир шундай ўзидаги оқимни қўллаб-қувватласа, ўз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий обрўини кучайтириши мумкин. Мен ўйлайманки, турклар бу оқимни қўллаб-қувватлаб тўғри қилди. Ўзбекистонга ҳам шундай бир оқим керак".

Унинг айтишича, бу каби "замонавий оқим"ларнинг дунёга келиши ақидапараст ва экстремистик руҳдаги диний гуруҳларнинг жамиятда илдиз отишининг олдини олади.

"Туркияга Ҳизбу Таҳрир ва Ал Қоида деган оқимлар кира олмаган, чунки Туркиянинг ўзида ижобий оқимлар кучли бўлган. Чунки Нурчилар ва, масалан, Нақшбандийлар жаҳолатни қоралайди ва замонавий илм-фанни дин билан бир маромда ўқитишни тарғиб қилади. Афғонистонда одамлар нимага алданиб Толибонга қўшилади? Чунки жоҳил, дунёдан хабари йўқ, технологиядан хабари йўқ", дейди Жавлон.

Хўш, нурчилар, ёки бугунга келиб Гулан таълимотига бўйсунадиган инсонлар гуруҳи хусусий тадбиркорлик ва мўътадил Исломни уйғунлаштирган оқимми ёки куч-қудратга эришишни мақсад қилиб олган фитна аъзоларими?

Гулан таълимотини яқиндан ўрганган Би-би-си журналисти Эдвард Стоуртонга кўра, иккови ҳам бўлиши мумкин.

"Фатҳулла Гулан муваффақиятли бир формулани ишлаб чиқарган кўринади ва бу оқим ўсишда давом этади. Унинг тарафдорлари пайдо бўлаётган эътибордан бироз ноқулай сезишаяпти ўзларини, лекин бу ҳаракат шунчалар йирик ва муваффақиятлики, унга кўз юмишни иложи йўқ", дейди у.

Har qanday yahudiy-sionist borki Islomni modernlashishi va musulmonlar rivojlanishini hohlamaydi. Ahborot urushini olib borib,musulmonlarni dinsizlashtirishga urinadilar. Har narsani intihosi bor. Sizlar targ'ib qilayotgan "mutadil" Islom qaysi uzi? Ayollar yalong'och bulishi-yu, ben ladenni suvga kumilishimi? Muhammadazim, O'sh