Футбол: Ўзбекистоннинг плэй-оффдаги рақиби - Австралия

Жаҳон Чемпионати рамзи
Image caption Ўзбекистонлик ёш футболчилар энди Австралия жамоасига қарши майдонга тушишади

17 ёшгача футбол бўйича жаҳон чемпионатида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоасининг плэй-оффдаги рақиби Австралия жамоаси бўлди.

"Ф" гуруҳида 4 очко билан кейинги босқичга чиққан Австралия ёшлари Ўзбекистон билан 29 июнь куни Мексика вақти билан соат 15:00 да беллашади.

Мексикадаги футбол чемпионати ҳақидаги фотолавҳани томоша қилинг

Ўзбекистонликлар ушбу жамоа билан Осиё чемпионати доирасида 2010 йилда Тошкентда учрашган ва муҳим учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўсмирлар чемпионатнинг финал босқичига йўл олганди.

Бўлажак ўйинда ўзбекистонликлар яна зафар қучиши башорат қилинмоқда.

Бунинг учун ўсмирларга ҳамма шароитлар борлиги ҳам сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Мексиканинг Торреон шаҳрида ўйинларини ўтказаётган Ўзбекистон ўсмирларини қўллаб қувватлаётган маҳаллий ишқибозларнинг ғалабаларда ҳиссаси катта эканлиги айтилмоқда.

Дўппи кийган мексикаликлар

Ўзбекистонликлар ўзларининг ажойиб ўйинлари ва очиқ юзлиги билан маҳаллий ишқибозларнинг меҳрини қозонган.

Ўзбекларнинг дўпписини кийиб, байроқларини кўтариб олган ушбу фанатлар ўйин давомида тинмасдан “Ўзбекистон” дея ҳайқиришлари футболчиларга қўшимча куч бермоқда.

Мексикадаги ўйинларга Ўзбекистондан бирорта ҳам мухлис бормаган.

Аммо маҳаллий мухлислар ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг ўрнини билинтирмаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Футбол Федерациясининг саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган ушбу маҳаллий фан клуб Австралия миллий жамоасига қарши бўлажак учрашувда ҳам, Ўзбекистоннни қўллаб-қувватлашга тайёр турибди.

Гуруҳда биринчи ўринни киритиб кейинги босқичга йўл олган Ўзбекистонлик ўсмирлар Австралия билан айнан "уй стадиони"га айланиб қолган Торреон шаҳридаги "Корона" стадионида тўп суришади.

Қоқ тушдаги ўйинлар

Мексикада ҳаво ҳудди Ўзбекистондаги каби жазирама иссиқ бўлади, айрим вақтлари ҳарорат 46-49 даражага чиқиши мумкин.

Аммо, номаълум сабабларга кўра, ўсмирлар ўртасидаги ўйинлар иссиқ авжига чиққан 15:00 да бошланади.

Ўйинларни ўтказишга масъул ФИФА бош мувофиқлаштирувчиси Гари Моретти Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Алексей Естафеевга, бу - ФИФА ва маҳаллий ташкилий қўмитанинг қарори бўлгани ва ҳозирги кунга келиб, футбол жадвалини ўзгартиришнинг иложи йўқлигини айтган.

Аммо Ўзбекистон Футбол Федерациясининг веб саҳифаси ушбу қарорга норасмий жавоб ҳам келтиради.

Федерация сайтида ёзилишича, ФИФА мутасаддилари норасмий суҳбатда ўйинларнинг тушда ўтказилишини бизнес билан боғлаганлар.

Маълумки ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилаётган бир вақтда АҚШда "Копа Америка" турнири ўтказилди.

ФИФА вакилига кўра, Мексика учун миллий терма жамоа иштирок этадиган ушбу турнир кўпроқ аҳамиятга эга эди.

Маҳаллий телеканаллар айнан мана шу мусобақа орқали даромад орттиришга ҳаракат қилишди.

АҚШдаги ўйинлар кечки салқинда ўтказилгани боис ўсмирлар учрашувлари эътибордан четда қолмаслиги учун ҳам ўйинчиларга ва ҳам мухлисларга ноқулай вақтда ўтказилмоқда экан.

Бу футболчилар учун ноқулайлик туғдириши табиий, ҳозирча матбуот анжуманларида мураббийлар томонидан бу масала йирик бир муаммо сифатида кўтарилмаган.

Аммо шундай бўлса-да, Ўзбекистонга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берган Чехия футболчиларининг беш нафари хасталаниб қолгани эътиборни тортади.

Чехияликлар ўйиндан олдинги журналистлар учун очиқ машғулотларни ўтказмади.

Буни бош мураббий ўйинчиларнинг беш нафари ич оғриғи билан хасталаниб қолгани билан изоҳлади.

Ҳали 17 га тўлмаган ўсмирларга жазирама иссиқда ўйнаш қандай таъсир қилишини тиббиёт вакиллари ҳали ўрганиб асоратларини маълум қилиши мумкин.