Ўш бозорига ўзбек тожирлари қайтишмоқда, аммо хавотирлар аримаган

Image caption Бешиксоз Алишер тинчлик бўлиб тургани учун Худога шукроналар айтади

"Олдин савдогарлик қилардим. Бизнесим бор эди. Ҳаммасини ташиб кетишди" - дейди йиғисини тута олмай ўшлик аёл -"Бизнесим, қизларимга йиққан сепларим, ҳеч нарса қолмади. Буларни 25 йил йиққанман. Майли, уларга ҳам Оллоҳ бордир".

Иложсиз бу аёл йўқотган ашёлари ва тижорати учун етарли товон олмаган. Талончилар эса тутилгани йўқ.

Бозор яқинида қатор-қатор ошхона ва дўконлардан бирини юритган бу аёл бугун ҳеч вақосиз қолган. Бир йил олдин ишбилармон бўлган оиласи ҳозир ёрдамга муҳтож. У ҳатто ўз муаммоларини айтгани учун номини ҳам ошкор этишдан хавотирланади.

Нарироқда эса бошқа тадбиркор батамаом куйиб кетган ошхонасини таъмирлаш билан овора.

"Ўша воқеалардан бери кўчага ҳам чиқиб бўлмай қолди. Бошқа томондан куйиб кетган ошхонамни тиклаш учун пул ҳам йўқ" - дейди исмини айтмасликни сўраган бу ўшлик тадбиркор -"Мана бир йил ўтди, ошхонадан қолган-қутган темирларни ишлатиб, бир амаллаб кўтариб, томини ёпиб олдик".

Аммо томи ёпилган бўлса-да, бу бинони ошхонага айлантиргунча ҳали кўп маблағ, меҳнат ва вақт керак кўринади. Қўшимча мебель ва жиҳозлар сотиб олиш зарур. Иш бошлаш учун ҳам қўшимча сармоя лозим.

Ёниб кетган тижоратлар учун берилаётган товон пули бир-икки минг долларни ташкил этмоқда. Бу маблағ эса ҳатто кичик тижоратни тиклашга ҳам етмайди.

"Ҳозир 150 минг сўм кредит беришмоқчи" - дейди тадбиркор суҳбатдошим -"Аммо уни олсак, аввало қарзларимизни узишимиз керак. Ака-укаларимиздан олган қарзларни-ку, ишлаб узармиз. Лекин бошқа қарзлар ҳам кўпайиб кетди шу бир йил ичида".

Бугун кўплаб тадбиркорлар қайтадан тижорат бошлашга бироз хавотирланиб ҳам туришибди. Айниқса, июн хунрезлиги бир йиллиги олдидан Ўшда таҳликалар урчиган эди.

Қатор ўзбек ошхона ва тижоратлари эса ҳозир қирғизча ном билан қайта очилмоқда. Бу, ҳойнаҳой, тижоратнинг хавфсизлиги учун кафолат, деб кўрилади.

Бозор жонланмоқда, аммо...

Июн зўравонлигида қарийб вайрон бўлган Ўш бозори ҳам жонланаётганга ўхшайди. Бугун қирғиз сотувчилари ёнида ўзбеклар ҳам савдо қилишаяпти. Лекин кўпчилик кўнглидан хавотир аримаган.

"Баъзилар энди-энди ишга чиқишмоқда" - дейди бозордаги косиблардан бири-"Олдин қўрқишарди ўт-пўт кетмайдими, деб... Мана кеча қандил бозоридагилар келишди. Энди секин-секин иш бошлашади".

Яқиндаги бешиксозлар ва тикувчилар эса зўравонлик босилиши билан ишга қайтишганини айтадилар.

"Ишни тўхтатмадик. Туғилиш кўп, бешикларимиз яхши кетади" - дейди толдан бешик ясаб сотадиган Алишер - "Тинчлик бўлиб турибди, Худога шукур. Бозор ишлаяпти".

Аммо Ўш бозорида ҳувиллаб ётган расталарни, бўм-бўш контейнерларни кўриш мумкин. Сотувчиларга кўра, буларнинг эгалари ҳозир Бишкекда. Ўшга келиб, ўз тижоратларини қайта очишадими ё йўқми - номаълум. Зўравонликдан олдин тикланаётган бу тижоратлар шу асно қолиб кетган.

Дарҳиқиқат, одамларнинг асосий хавотири - яна қандайдир зўравонлик рўй бериб, бор тижорат ва мол-мулкларидан ажралиб қолиш эҳтимоли. Қирғизистондек нотинч мамлакатда бундай қўрқув асоссиз ҳам эмас.

Бунинг устига, Қирғиз матбуотида ҳали-ҳамон аксилўзбек кайфиятидаги чиқишларни учратиш мумкин. Ҳуқуқ фаолларига кўра, расмий доираларда ҳам, ҳуқуқ тартибот идораларида ҳам ҳамон миллатига қараб ажратиш кўзга ташланади.

Бугун Ўш марказида ўзбекларни кам учратасиз. Аёллар умуман, соат бешдан кейин кўчага чиқмасликларини айтишади. Эркаклар эса зарур иш билангина марказга тушадилар.

Марказдаги хиёбонлар ва дам олиш масканларида, асосан, қирғизларни учратасиз.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, ўзбеклар ҳануз кўча-кўйда ва бозор жойларида ҳақорат ва таҳқирга дуч келиб туришади. Лекин улар ўзларини ҳеч ким ҳимоя қилмайди, деб ишонадилар.

Қирғиз ҳукумати эса ҳалича ўз фуқароларини миллатидан қатъий назар бирдек ҳимоя қилишига ўзбекларни ишонтира олгани йўқ.