Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Очлик эълон қилган журналистлар дастакланмоқда

Ўзбекистон давлат телевидениесининг собиқ икки мухбири бугун учинчи кундирки очлик амалини давом эттиришган.

Ўзбекистон матбуоти давлат телевидениеси собиқ журналистларининг норозилик амалиётини эътиборсиз қолдирган.

Аммо афтидан, бошка журналистлар ҳам сукутни бузаётган кўринадилар.

Ўзбекистон радиосининг сиёсий шарҳловчиси Нарзулла Охунжоновнинг Би-би-сига айтишича, журналистлар орасида Малоҳат Эшонкулова ҳамда Саодат Амоноваларнинг талабларини қуллаб қувватлаётганлар бор, аммо улар бу ҳақда очиқ гапиришдан қўрқишади.

Уч кундан бери фақат сув ичишаётганини айтган Саодат Омоновага кўра, очлик уларнинг саломатлигига салбий таъсир қилишни бошлаган.

Душанба куни Ўзбекистон Президенти Девони ўнгида норозилик намойишларини бошлашлари билан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилган ва Яккасарой туман суди уларга маъмурий жазо тайинлаган эди.

Сешанба куни Чегара билмас Мухбирлар Ташкилоти кеча Журналистлар куни муносабати билан норозилик намойиши ўтказишга уринган икки журналистнинг ҳибсга олиниб, жазога тортилишини қаттиқ қоралаб чиққан.

Журналистлар Президент Каримов билан учрашувни талаб қилиб келишган ва ундан телевидениедаги "коррупция, маҳаллийчилик ва цензурага эътибор каратишни" сўраганлар.

"Ёшлар" телеканалининг журналистлари Саодат Омонова ва Малоҳат Эшоқуловалар ўтган йил декабрида Тошкентдаги Мустақиллик майдонида норозилик чиқиши ўтказишлари ортидан ишдан ҳайдалишган эди.

Икки журналист тарқатган пресс-релизда Ўзбекистон телевидениесида "содир бўлаётган маҳаллийчилик, ижтимоий тенгсизлик, гуруҳбозлик, иқтисодий ўғирликларга қарши" чиққанликлари ва "мавжуд муаммолар хусусида" ҳукуматнинг барча идораларига мурожаат қилишганликлари таъкидланганди.

Ўзбекистон жаҳон бўйлаб коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида етакчилардан саналади.

Давлатнинг бошқа тизимлари қаторида Ўзбекистон телерадиокомпаниясига ҳам мухбирларга кўра, таъмагирлик ва порахўрлик каби иллатлар бегона эмас.