Жаҳон чемпионати: Ўзбекистон миллий терма жамоаси чорак финалда!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мексикада бўлиб ўтаётган ўсмирлар орасидаги Жаҳон чемпионатининг плэй-офф босқичида Австралия миллий терма жамоасини йирик 4:0 ҳисоби билан мағлуб этган ўзбекистонлик футболчилар чорак финалга йўлланмани қўлга киритишди.

Бу Ўзбекистон ёшлар миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатида қайд этган яна бир тарихий ютуқдир.

Чунки ўзбекистонлик ўсмирларга шу пайтга қадар Жаҳон биринчилигининг чорак финалига чиқиш насиб этмаган.

Ўзбекистонлик ёш футболчилар Мексикада кетма-кет тарихий натижаларга эришишмоқда.

Улар гуруҳ босқич учрашувларида америкалик рақибларини енгиб, ўз тарихларида илк ғалабаларини қўлга киритишганди.

Бунинг ортидан, кимсан чехларни мағлуб этиб, ўзлари тўп сураётган "Д" гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб, плэй-офф босқичига чиқишди.

Плэй-офф беллашувларида эса, Осиёнинг энг кўзга кўринган жамоаларидан бири - Австралияни йирик ҳисоб билан енгишга муваффақ бўлишди.

Улар эришган ғалабанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Ўзбекистон катталар миллий терма жамоаси айнан австралияликларга йирик ҳисоб билан ютқазиб, сўнгги Осиё Кубогининг ярим финалидан пастга қулаганди.

Ўзбекистонлик ёш футболчилар австралиялик рақиблари билан бундан аввал 2010 йилги Осиё чемпионатининг ярим финалида учрашишганди.

Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоаси уларни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Аммо финалда шимолий кореяликларга ютқазиб қўйган футболчиларимиз Осиё чемпионатининг кумуш медали билан кифояланишга мажбур бўлишганди.

Торреонда бўлиб ўтган плэй-офф учрашувида яна Аббосбек Махсталиев, Тимур Ҳакимов ва Давлатбек Ёрбековлар ўзларини кўрсатишди. Ҳужумнинг устига ҳужум уюштиришди.

Австралия миллий терма жамоаси эса, ўзбекистонликлар дарвозабони Ғанишер Холмуродовнинг дарвозасига бирор бир жиддийроқ таҳдид солишнинг ҳам уддасидан чиқишмади.

Энди эса, Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг чорак финалдаги рақиби Уругвай бўлади.

Икковлон орасида учрашув 3 июл куни Мексиканинг Монтеррей шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистонлик футболчилар ўзларининг қойилмақом ўйинлари билан Мексикада катта шов-шувларга сабаб бўлишмоқда.

Биз ўзбекистонлик фахрий футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевни суҳбатга чорлаб, Австралия устидан ғалаба ўзлари учун қанчалик кутилмаган бўлганини сўрадик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди