Rue89 нашри мухбири Париж маҳкамаси ҳукмини қандай кутиб олди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Париж маҳкамаси кеча жума куни Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаевани "диктаторнинг қизи", деб атаган француз нашрига қарши бўҳтон қилиш даъвосини рад этди.

Маҳкама Rue 89 нашри Каримова-Тиллаева хонимнинг шахсини ҳақоратламагани, балки Ўзбекистондаги яккаҳокимлик тузумини асосли равишда танқид этганини айтди.

2010 йил майида эълон қилинган мақолада президент Ислом Каримовнинг қизи Париждаги дабдабали хайрия зиёфатида иштирок этиш учун машҳур актрисага катта миқдорда пул тўлагани иддао қилинганди.

Биз мақола муаллифи Августин Скалберг билан боғланиб, Париж маҳкамаси қарори нимани англатади, деб сўрадик:

Августин Скалберг: Хабарингиз бор, маҳкамада уч киши гувоҳлик берди. Улардан бири бўлган француз журналисти Лола Каримова-Тиллаева машҳур италян актрисаси Моника Белуччига хайрия кечасида қатнашиш учун пул тўлаганини тасдиқловчи далилни тақдим этди. Кейинги икки гувоҳ эса, Ўзбекистонда қийноққа солинган ва қамоққа ташланган тузумнинг сиёсий мухолифлари эди. Улар президент Каримов бошқаруви остидаги Ўзбекистон диктаторлик тузуми эканини маҳкамага исботлаб беришди. Махкама ҳукмида, "Ҳа, Лола Каримова-Тиллаевани диктаторнинг қизи, деб ёзиш асосли", деб айтилади. Шундай экан, маҳкама қарорига мувофиқ, биз "Лола Каримова-Тиллаева диктаторнинг қизи", деб ёзишимиз мумкин.

Би-би-си: Ҳукм ўқиб эшиттирилганда, Лола Каримова-Тиллаеванинг вакили ҳам маҳкамада ҳозир эдими?

Августин Скалберг: Биласиз, ҳукмнинг эълон этилиши атиги бир-икки дақиқа давом этади ва одатда, даъвогар ҳамда жавоб берувчи томонлар у ерда ҳозир бўлмайдилар. Фақат ҳимоячилар бўлишади. Менинг шахсан ўзим ҳукмни эшитиш учун маҳкамага борганим йўқ. Шунинг учун Лола Каримова-Тиллаеванинг вакили бўлган-бўлмагани менга маълум эмас. Аммо, менинг хабарим бор, журналистлар Лола Каримова-Тиллаева томони билан боғланиб, маҳкама ҳукми юзасидан шарҳ беришни сўрашган. Аммо улар ҳеч қандай шарҳ беришмаяпти. Лекин уларнинг маҳкама ҳукмидан мамнун эмасликларини тасаввур қилса бўлади. Улар ютқазишди ва бу улар учун яхши янгилик эмас.

Би-би-си: Лола Каримова-Тиллаева томони маҳкама ҳукмидан шикоят қилиши мумкинми? Бу ҳақда бирор нарса маълумми?

Августин Скалберг: Улар бу ҳақда ҳеч нарса дейишгани йўқ. Шунинг учун шикоят қилиш-қилмасликлари менга қоронғу. Аммо бу ҳукм француз маҳкамаси учун ғайриодатий эмас. Француз адлия тизими сўз ва матбуот эркинлигини ҳурмат қилиши ҳаммага маълум.