Сўнгги янгиланиш 2 июл 2011 - 14:35 GMT

Сенатор Ортиқова: 'Журналистларнинг очлик амали ноқонуний'

Журналистлар талаблари бажарилмагунича очликни тўхтатмасликларини айтишмоқда

Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовага кўра, журналистлар Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоноваларнинг очлик амали ноқонунийдир.

Би-би-си билан суҳбатда Ортиқова хоним олти кундан буён очлик қилаётган давлат телевидениеси собиқ журналистларининг норозилик амалидан бутунлай бехабарлигини айтди.

Журналистларнинг очлик амалидан таажжуб изҳор қилган Светлана Ортиқовага кўра, Ўзбекистонда барча фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланган ва айниқса, матбуот ходимларининг фаолияти учун барча шароитлар яратилган.

Миллий қонунчилигимизда очлик қилиш мумкин, деб айтилмаган. Бу ноқонунийдир

Светлана Ортиқова, Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси

У журналистларнинг норозилик амалини "шармандали ва уятли ҳол" деб атади.

"Миллий қонунчилигимизда очлик қилиш мумкин, деб айтилмаган. Бу ноқонунийдир", деди мамлакатнинг бош қонуншуноси Би-би-си билан суҳбатда.

Сўнгги чора

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов эса Ортиқова хонимнинг фикрларига қўшилмайди.

Унга кўра, очлик қилиш учун алоҳида қонунга эҳтиёж йўқ.

"Бу давлат идораларидан адолат топмаган ҳар бир фуқаронинг сўнгги чораси, қонуний ҳаққидир".

"Бу сиёсий акция, бу мен ўлимга ҳам тайёрман, аммо ҳаққимни талаб қиламан", дегани дейди Суръат Икромов.

Айни пайтда очлик бошланганидан буён бир неча марта шифокорларга мурожаат этган журналистлар тиббий ёрдамдан воз кечганликларини айтишмоқда.

Жума куни ўзларини ёмон ҳис қилган журналистларни кўриш учун келган "Тез тиббий ёрдам" шифокори Малоҳат Эшонқуловага невроз ташхисини қўйиб кетган.

Икки журналист бундан "бизни руҳий бемор деб эълон қилмоқчилар", деган хулосага келганлар.

"Уларни кўмакка чақиришни хоҳламаймиз. Шифокорларнинг бизга қўйган "невроз" деган сохта ташҳизи билан руҳий касалликлар шифохонасига бадарға бўлишни истамаймиз, биз ўз ишимизни охирига етказишни истаймиз. Токи президент қабулига кирмас эканмиз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида, хусусан, "Ёшлар" телерадиоканалида содир бўлаётган ғайриқонуний ишлардан И. А. Каримовни шахсан огоҳ этмас эканмиз, барча ҳақсизликларга чек қўйилмас экан, биз ўз аҳдимиздан қайтмаймиз", - дейишади журналистлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.