Бокс: Девид Ҳей мағлубиятдан сўнг синган жимжалоғини кўрсатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Image

Ўта оғир вазнли боксчилар орасида Жаҳоннинг супер чемпионлиги учун украиналик Владимир Кличкодан очколар бўйича мағлубиятга учраган британиялик Девид Ҳей "агар жароҳат олмаганимда учрашув бошқача якунланган бўларди," деди.

Ҳамбургдаги футбол майдонида 45 минг бокс мухлислари, жумладан 10 минг британиялик тарафдорлари ўнгида Девид Ҳей рақиби Владимир Кличкодан 12 раунд давомида яққол мағлубиятга учради.

"Ўнг оёғимни ерга тўлиқ қўя олмасдим," - деди Девид Ҳей. - "Чунки уч ҳафтача муқаддам жимжалоғимни синдириб олгандим."

35 ёшли Владимир Кличко ўзидан 5 ёшга кичик Девид Ҳейдан ҳам маҳорат ва ҳам жисмоний жиҳатдан яққол устун эканини кўрсатиб қўйди.

Рингга янги жанг режаси билан тушишини айтган британиялик боксчи украиналик рақибининг масофадан туриб берган мушт зарбаларидан ўзини ҳимоя қила олмади.

Муштлашув сўнгида ринг четидаги уччала ҳакам ҳам 117-109, 118-108 ва 116-110 ҳисоби бўйича ғалабани Владимир Кличко фойдасига ҳал қилишди.

Аслида дунёнинг энг шов-шувли деб кўрилган бокс учрашуви ҳали бир неча ой аввал, рингдан ташқарида даҳанаки жанглар билан бошланган эди.

Девид Ҳей рақибини "сохта боксчи" деб атаган ва оғир вазнли боксчилар орасида янги даврни бошлашга ваъда берганди.

Аммо ниҳоий сўзни айтган Владимир Кличко бўлди: у эндиликда ўзининг IBF ва WBO йўналишларидаги чемпионлик камарларига ҳозирга қадар Девид Ҳейга тегишли бўлган WBA камарини ҳам қўшиб олди.

13 октябрда 31 ёшини қарши олажак Девид Ҳей аввалроқ туғилган кунида боксдан кетишини эълон қилганди.

Охирги 7 йилда илк бор мағлубиятга учраган британиялик спортчи энди боксдан кетиш муддати ҳақида "чуқурроқ" ўйлаб кўришини айтмоқда.

Оғир вазнли боксчилар орасида собиқ мутлақ чемпион Девид Ҳей профессионал боксда 27 жанг ўтказиб, улардан 25 ғолиб келган ва 2 тасида мағлуб бўлган.

Владимир Кличко эса 56 ғалаба ва фақат уч мағлубиятга эга.

WBC таснифидаги чемпионлик камари соҳиби эса Владимирнинг акаси Виталий Кличко ҳисобланади.

Шу кунларда 40 ёшини қарши олаётган Виталий ҳозирга қадар 44 жанг ўтказиб, уларнинг 42 тасида ғалаба қозонган.