Жош Фридман: Тожикистон - журналистлар учун бехавотир мамлакат эмас

Ўринбой Усмон

Хўжандаги Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоннинг Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси томонидан ҳибсга олинганига 20 кун тўлди.

Хавфсизлик Қўмитаси журналистни Тожикистонда фаолияти таъқиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" фирқаси ҳақида расмий идораларига хабар бермаганликда айбланмоқда.

Айни дамда Ўринбой Усмонни озод этишни талаб қилиб, баёнотлар тарқатаётган халқаро ташкилотлар сони тобора ортиб бормоқда.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўринбой Усмон ишини кунма-кун кузатиб бораётган матбуот эркинлигини тарғиб этувчи ташкилотлар жумласидандир.

Ташкилот раҳбарларидан бири таниқли америкалик журналист Жош Фридмандир.

Жаноб Фридман Эфиопиядаги очарчилик борасида тайёрлаган хабарлари учун халқаро Пулитзер унвонига лойиқ деб топилган.

Би-би-си ундан Ўринбой Усмонга қандай мужда йўллаган бўлардингиз, деб сўради.

Жош Фридман: Менинг унга етказмоқчи бўлган муждам шуки - биз уни ҳибсхонадан чиқариб олишга ҳаракат қилаяпмиз, у ўзини ташлаб қўйилган, деб ҳис қилмасин. Тожикистон - журналистлар учун бехавотир мамлакат эмас. Шундай даврлар бўлдики, мамлакатда журналистлар ўлдириб кетилди, ғойиб бўлди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг қатор йиллар мобайнидаги босимларига қарамасдан, журналистларнинг ўлими тергов қилинмади. Шунинг учун ҳам бугун журналист ўзини Тожикистонда хавфсиз ҳис қила олмайди.

Би-би-си: Ўринбой Усмон ишида у Тожикистонда таъқиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" гуруҳи аъзолари билан учрашган, бу фирқага оид материалларни сақлаган, дейилмоқда. Би-би-си, бу нарсалар журналистнинг кундалик фаолиятидаги вазифаси эканини айтган. Сиз нима деб ўйлайсиз, ўзининг ишини эркин олиб бораётган, ўз манбаларини ошкор этмаётган журналистга бундай айблов қўйилиши нақадар кенг тарқалган?

Жош Фридман: Мен ўйлайманки, улар журналист қандай фаолият юритишини тушунмайдилар. Тожикистон орқага - яна Советлар замонига қайтаётган мамлакат. У ердаги ҳаракатлар Совет замонидаги ҳаракатларни эслатади. Матбуотга бўлаётган муносабат тўғри эмас. Улар оммавий ахборот воситаларининг вазифасини тушунмайдилар. Сен агар таъқиқланган гуруҳ фаолиятини ўрганаётганингни билиб қолсалар, сенинг бу гуруҳга мойиллигинг бор, деган хулосага келадилар. Сени ўзларига қарши шахс, деб тушунадилар. Бу - эркин жамиятдаги журналистика қандай фаолият юритишини англамаслик.

Би-би-си: Сизнингча, бу нарсани расмийларга қандай етказиш мумкин?

Жош Фридман: Жуда қийин. Мен Тожикистонда бир неча йил илгари бўлган эдим. Ўшанда қатор расмийлар билан учрашганмиз. Шундай хулосага келганманки, расмийларнинг бирор масалани ўрганиб тагига етишдан кўра, журналистни жазолаб, қутулиш улар учун осон йўл туюлади. Бу мамлакатда журналистнинг ўз ташаббуси билан мавзуларни ўрганиши, тадқиқот олиб боришини эмас, расмийлар чизган чизиқдан чиқмасдан, расмийларга қуллуқ қилишини исташади.

Би-би-си: Сизнингча, ташқаридан босимлар натижа бериши мумкинми? Мана АҚШ, Американинг Тожикистондаги элчиси Ўринбой Усмон ишига эътибор қаратди. Яна Америка расмийлари нима қилишади, деб ўйлайсиз?

Жош Фридман: Ҳойнаҳой, Тожикистоннинг айрим моддий ёрдамларини йўқотиб қўйиш масаласига эътибор қаратишади. Биз бирор масалага аралашишни сўраб мурожаат қилганимизда Обама маъмуриятининг Буш маъмуриятига нисбатан масъулиятли муносабат кўрсатаётганига гувоҳи бўлмоқдамиз. Ҳозир мен қайси даражадаги Америка расмийлари бу масалага жалб этилганини билмайман. Умид қиламизки, Америка Конгрессининг аъзолари бунга эътибор қаратадилар.