Ўзбекистон: Очлик эълон қилган журналистларнинг матбуот анжумани амалга ошмади

11 кундан буён очлик эълон қилаётган Ўзбекистон телевидениеси собиқ икки ходими - Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоноваларнинг матбуот анжумани ўтказиш режаси амалга ошмади.

Журналистларга кўра, ўзларининг ишончли вакиллари этиб танланган Ўзбекистондаги норасмий инсон ҳуқуқларини сақлаш Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва рафиқасидан бошқа ҳеч ким анжуманга келмаган.

Журналист Малоҳат Эшонқулова Би-би-си билан суҳбатида ўз режаларини амалга оширишларига тўсқинликлар бўлганини айтади.

Унга кўра, матбуот анжумани бошланишига 10 дақиқа қолган пайтда, эрталаб маҳаллий вақт билан соат ўн яримлар атрофида электр таъминоти узиб қўйилган.

Журналист, "Фуқаровий ва милиция кийимидаги кўплаб ходимлар ўзи яшайдиган кўпқаватли уйнинг атрофини ўраб олишгани, подъездга кираверишда сув ташувчи катта цистернали машина тўхтатиб қўйилгани ва подъездга келувчи икки йўл эса, ахлат ташувчи йирик машиналар билан тўсиб қўйилган"ини айтади.

Малоҳат Эшонқулова қўшнилари сўзларига таяниб, "Матбуот анжуманида иштирок этиш учун кимлардир машинасига байроқ осиб келгани, аммо йўл тўсиб қўйилгани боис, ўтолмагани, машинасини тўхтатиб, ташқарига чиққанларида фуқаровий кийимдаги одамлар уларнинг ёнларига бориб, нималардир дейишгач, қайтиб кетишган", дейди.

Унга кўра, қандайдир одамлар машиналарда кузатиб ҳам туришган.

Журналистлар, "ёзган мактублари, қилган мурожаатлари ва қўл урган очлик амалларига ҳукумат томонидан бирор бир маънода эътибор кўрсатилмагани боис, матбуот анжумани баҳона ўз мисолларида Ўзбекистон ҳукуматининг фуқароларига нисбатан лоқайдлиги, беэътиборлигини кенг оммага яна бир бор билдириш истагида бўлишган":

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Иштирокчилар кимлар эди?

Журналистларга кўра, бугунга режаланган матбуот анжумани билан боғлиқ барча ташкилий ишларни Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоилов ўз зиммасига олган бўлган.

Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, матбуот анжуманига Тошкентдаги Ғарб элчихоналари вакиллари ва маҳаллий мустақил журналистлардан иборат жаъми 12 тача киши таклиф этилган.

Унга кўра, маҳкама жараёнлари билан боғлиқ бошқа ишлари бўлгани боис, бугунги матбуот анжуманига шахсан ўзи боролмаган ва шу сабабдан ҳам, таклиф этилганларнинг нега келишмагани сабабидан огоҳ эмас.

Суҳроб Исмоилов бунақа тадбирни биринчи бор ташкил қилмаётганликлари боис, таклифномалари уларнинг қўлларига етиб борганига ишончи комиллигини ҳам урғулайди.

У кеча Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкентдаги идораси вакили қўнғироқ қилиб, таклифномаларини олганликлари, бироқ тадбир бирор бир рўйхатдан ўтган ташкилот билан боғлиқ бўлмагани боис, қатнашолмасликларини билдиришганига оид сўзларини ўз гапларига мисол ўлароқ келтиради.

Кутилмаган ташриф

Журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, бугун бошқалар қолиб, кутилмаганда Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг икки ходими уйига ташриф буюришган.

У телевидение ходимларининг матбуот анжуманига расман таклиф этилган бўлмаганлари ва нима учун келишгани сабабидан ҳам бехабар эканини таъкидлайди.

Журналист икковлоннинг "Ёшлар" телерадиоканали Касаба Уюшмалари қўмитаси раиси Жалолиддин Ботиралиев ва "Давр" информацион дастурининг собиқ масъул котиби Дилбар Қосимовалар бўлишганини айтади.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, улар жуда норози кайфиятда бўлишган. Орадаги баҳсу мунозаралар бир неча соатга чўзилган ва бақир-чақирлардан Саодат Амонованинг тоби қочиб қолган.

"Тез ёрдам" чақиришга мажбур бўлдик. Қон босими кўтарилиб кетган экан. Укол қилиб, тинчлантиришди. Шу сафарги текширувдан кейин, юрак уришида ўзгариш борлиги ҳам маълум бўлди".

"Муддао - ёздинглар, кўпчиликнинг айбини ошкор қилишга уриндинглар, оқибатда ҳеч нарсага эришмадинглар ва мана, ўзларингни очлик билан жазолаш ҳолатига тушдинглар, ана шу ҳолларингни кўргани келдик, деган мазмундаги сўзлар бўлди, бундан бошқа нарса эмас," дея фикр билдиради журналист.

Кейинги қадам

Малоҳат Эшонқулова очлик эълон қилиб, 11 кун азоб чеккани, ҳозир орқага чекинадиган бўлса, буларнинг ҳаммаси бесамар кетиши, орзулари саробга айланишини айтади.

У ўзининг 11 кунлик азобларини йўққа чиқармоқчи эмаслиги, ҳукуматнинг беэътиборлигига, лоқайдлигига, телевидениедаги носоғлом муҳитга қаршилик сифатида то вужуди дош бергунча, очлик акциясини давом этдириш мақсадида эканини билдирди.

Шу ҳафта бошида ўзбекистонлик журналистлар ва қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари қарийб икки ҳафтадан буён очлик эълон қилаётган журналистларнинг тақдирларига зудлик билан эътибор қаратишини сўраб, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга ҳам очиқ мактуб йўллашганди.

Очлик амали

Ўзбекистондаги "Ёшлар" телеканали "Давр" ахборот дастурининг собиқ мухбирлари Ўзбекистон Давлат Телерадиокомпаниясидаги, ўз таъбирларида, порахўрлик, маҳаллийчилик ва цензурага қарши норозилик изҳор этиб 27 июнда очлик эълон қилишганди.

Очлик эълон қилишдан аввал икки журналист телерадиокомпанияси устидан шикоятларини тинглашни сўраб, Ўзбекистон президентига 56 та мактуб ва телеграммалар жўнатишгани, бироқ уларнинг бари жавобсиз қолганини билдиришган.

Икки журналист 2010 йил декабридан буён ўз иш жойларидаги муаммолар ҳақида телевидение раҳбариятини огоҳ қилишга уринганлари, бироқ сўнгра босим остига олиниб, ишдан четлатилганларини хабар қилишганди.

Улар шундан сўнг ҳам расмийлар томонидан босим тугамагани, хусусан, Тошкентда яшаш учун олган рухсатномалари бекор қилинганини айтишганди.

Бугун Би-би-си билан суҳбатда ўз очлик амалларини давом этдираётган журналистлар ўзларини жуда ёмон ҳис этишаётгани, ҳоллари йўқлигидан шикоят этишди.