Ўзбекистон мусулмонлар идораси 'Бахшиллочилик'дан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда

Ўзбекистондаги масжидларда Жума намози маъвизаларида мусулмонлар "Бахшиллочилик" адашган гуруҳидан огоҳлантирилмоқдалар.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раҳбари ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансурнинг айтишича, Жума намози маърузаларига асли бухоролик Бахшилло Алиевнинг ўзини сўнгги пайғамбар, Маҳдий деб эълон қилгани ва айрим мусулмонларнинг бу сохта пайғамбарга эргашаётганлари сабаб бўлган.

Хабар қилинишича, Бахшилло Алиев рафиқасини "мусулмонлар онаси", фарзандларини "мусулмонларнинг амири" деб эълон қилган, кимки уни зиёрат қилса, Ҳаж амали савобига эришишини даъво қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси бундай даъволарнинг Ислом динига зид эканини эслатган.

Бахшилло Алиевнинг 2006 йилдан буён Россия Федерацияси ҳудудида истиқомат қилаётгани хабар қилинган.

Диний идорадан билдиришларича, Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида "Бахшиллочилик" гуруҳининг 70 тача аъзоси борлиги аниқланган, бироқ Россияда Бахшилло Алиевга эргашган инсонлар сони маълум эмас.

"Бахшиллочилик" гуруҳи 1997 йилда ташкил этилгани айтилади.

Шундан сўнг Бахшилло Алиев озодликдан маҳрум этилган.

Озодликка чиққанидан кейин у Россияга кўчиб кетган ва ҳозир ҳам пайғамбарлик даъвосини қилаётгани хабар қилинган.

"Бахшиллочилар ўзларининг мусулмон эканликларини даъво қилсалар-да, аслида уларнинг диний-ақидавий қарашлари асл Ислом таълимотига буткул зиддир. Бунга Бахшиллонинг Маҳдийлик, пайғамбарлик, Ҳаж, намоз, охиратдаги савол-жавоб каби ақидавий масалалардаги ботил иддаолари далил бўлади", дейилади Диний идора баёнотида.

Ислом таълимотига кўра, Қиёматга яқин инсонларни яхшиликка чорлайдиган, одамларни бир дин байроғи остида бирлаштирадиган Маҳдий келади.

Ўзбекистон Мусулмонлари Диний идорасига кўра, Бахшилло Алиев Ислом дини ақидаси ва ҳадисларни назар-писанд қилмай, асоссиз равишда ўзини мусулмонлар томонидан охирзамон арафасида пайдо бўлишига ишониладиган Маҳдий деб эълон қилган.