Миржалол Қосимов: 'Олимпиячиларимизнинг 'Ўлим' гуруҳидан чиқишларига ишонаман'

Куала Лампурда бўлиб ўтган қуръа натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш учун "Ўлим" гуруҳидан чиқиши лозим бўлади.

Футбол мутахассислари Ўзбекистон тушган "В" гуруҳига ана шундай баҳо беришмоқда.

Чунки учинчи босқич саралаш учрашувларида ўзбекистонлик футболчилар ашаддий рақиблари Австралия, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларига қарши тўп суришлари керак бўлади.

"В" гуруҳига тушган миллий терма жамоаларнинг кучи деярли бир хил эканини назарда тутиб, ҳар тўрт бош мураббий бир овоздан ягона йўлланма учун курашнинг аёвсиз бўлишини башорат этишмоқда.

Ўзбекистонликларга рақиб бўладиган бу уч давлатнинг футболи эса, Осиё қитъасида муносиб ўринга эга. Озми, кўпми, Жаҳон футболида ҳам ўзини яхшигина кўрсатишга муваффақ бўлган.

Дейлик, ўзбекистонлик футболчиларнинг илк учрашувлари 2004 йилги Афина Ёзги Олимпиада Ўйинларини тўртинчи ўрин билан якунлаган ироқлик рақибларига қарши бўлади.

Бирлашган Араб Амирликлари Олимпия миллий терма жамоасининг ютуқлари эса, ҳатто, ўзбекистонлик мураббийларнинг шахсан ўзлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Амирлик ёшлари 2008 йилда 19 ёшгача бўлганлар орасида Жаҳон чемпиони ва Хитойда бўлиб ўтган Осиё Ўйинларининг финалига чиқиш билан ўзларининг нималарга қодирликларини амалда исботлаб қўйишган.

Австралия Олимпия миллий терма жамоаси эса, гуруҳдаги бошқа рақиблари билан солиштирганда, Олимпида Ўйинларида энг катта тажрибага эга жамоадир.

Австралиялик футболчилар ўз тарихларида икки бор Олимпида Ўйинларининг чорак финалига чиқишган, 1992 йилда эса, Барселонада тўртинчи ўрингача кўтарилишга муваффақ бўлишган.

Ўзбекистоннинг имкониятлари...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзбекистонлик футболчилар ҳам ўз рақибларидан заррача қолишмайди.

Учинчи босқич саралаш учрашувларида Марказий Осиё минтақасини фақат Ўзбекистон намоён этмоқда.

Улар сўнгги беллашувларида ҳонг-конглик рақибларини мағлуб этиб, бу каби шарафга нойил бўлишганди.

Бугун Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси таркибини ташкил этувчи аксарият футболчилар 2008 йилда Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритишган.

20 ёшгача бўлганлар орасида Мисрда бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этишган.

Ўтган йил Хитойда бўлиб ўтган 16-Осиё Ўйинларининг чорак финалигача чиқишга муваффақ бўлишган.

Ўзбекистонлик футбол юлдузи ва таниқли мураббий Миржалол Қосимов ҳам футболчиларнинг узоқ йиллар давомида бирга тўп суриб келишгани, бир-бирларига яхши синашта эканликлари бўлажак учрашувларда уларга қўл келишини айтади.

Унга кўра, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси яхши шаклланган ва сўнгги йилларда ёмон ўйин кўрсатаётгани йўқ:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов "В" гуруҳига тушган миллий терма жамоалар билан бемалол ўйнаш мумкинлиги, ўзбекистонлик футболчилар ўз гуруҳларидан чиқишни уддалашларига ишончи комиллигини айтади.

"17 ёшгача бўлган футболчиларимизнинг Мексикадаги сўнгги Жаҳон чемпионатидаги иштироклари бунга мисол. У ерда ҳам футболчиларимизга қийин бўлади дейишганди. Аммо, бунга қарамасдан, улар чиройли ўйин кўрсатиб, дунёнинг кучли саккизталигига киришди," дейди у.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, осиёлик кўплаб футбол мутахассислари "В" гуруҳида Австралия миллий терма жамоасининг имкониятлари яхши, деган фикр билдиришмоқда.

Аммо Миржалол Қосимов ҳар бир миллий терма жамоа гуруҳдан чиқиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши, ўзига хос ўйин услубига эга эканликларидан келиб чиқиб, улардан алоҳида биттасини йўлланма учун курашда ўзбекистонлик футболчиларнинг ашаддий рақиблари, деб атамаган бўлишини айтади.

Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоаси яқинда Исроил, Словения ва Сурияга қарши Австрияда ўтказган барча халқаро ўртоқлик учрашувларини ҳам ғалаба билан якунлаган.

Бундан ташқари, учинчи босқич саралаш учрашувларининг дастлабки ва якуний беллашувларининг Тошкентда бўлиб ўтиши ҳам ўзбекистонлик футболчиларга яхшигина қўл келиши айтилмоқда.

Ўзбекистонлик футболчиларнинг гуруҳдаги сўнгги учрашуви эса, келаси йилнинг 14 март куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши бўлиб ўтади.

Тўрттагина йўлланма

Ҳозирги босқичда 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига бор-йўғи тўртта йўлланмани қўлга киритиш учун қитъанинг 12 миллий терма жамоаси кураш олиб боради.

Йўлланмани нақд қилиш учун эса, қай бир миллий терма жамоа бўлишидан қатъиназар, ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиши лозим бўлади.

Иккинчи ўрин билан якунлаган миллий терма жамоа эса, шу йил март ойи охирларида бўлиб ўтажак плэй-офф беллашувларида ҳам иштирок этади.

Сиз, азиз ўқувчи, Ўзбекистон Олимпия миллий терма жамоасининг 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?