Россия "Булгария" ҳалокати муносабати билан мотам эълон қилди

Булгария кемаси Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Сув остидан 40 дан ошиқ одам жасади чақириб олинган

Россия Президенти Дмитрий Медведев 12 июлни Волга дарёсида "Булгария" йўловчи теплоходи ҳалокатида қурбон бўлганлар хотирасига миллий мотам куни эълон қилди.

Душанба куни эрталаб Россия президенти Татаристондаги Куйбишев сув омборида якшанба куни ғарқ бўлган теплохот ҳалокатига бағишланган мажлис ўтказди.

Медведев Россияда йўловчи ташувчи мавжуд барча нақлиёт воситаларини қайтадан текшириб чиқишга топшириқ берди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Сергей Шойгунинг президентга берган ҳисоботига кўра, теплоход бағрида 208 одам бўлган.

Улардан фақат 79 нафари қутқариб олинган.

Вазирликнинг Татаристондаги идораси тарқатган сўнгги маълумотга кўра, ғарқ бўлган кема ичидан 40 дан ортиқ инсон жасади чиқариб олинган. Яна 100 га яқин одам дом-дараксиз йўқолган.

Қутқарувчилар сўзларига кўра, ҳозирга келиб тирик инсонни топиш имкони деярли қолмаган.

Мавжуд маълумотга кўра, пароходда 59 ёш бола саёҳат қилаётган бўлган. Кема ҳалокатидан бир мунча аввал болаларнинг аксарини кўнгил очар дастур намойиш этиш учун ўйин хонасига тўплашган.

Айни дамда мутахассислар "Булгария" кемасини сув остидан чиқариб олиш режасини туза бошлашган.

Режа бир неча соат ичида ишлаб чиқилиши кутилмоқда, дедя хабар беради Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, бироқ кемани сув остидан тортиб олиш учун бир неча кун вақт керак бўлади.