Иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов ҳукуматнинг "ғирром" сиёсати ҳақида

Жаҳонгир Шосалимов
Image caption Жаҳонгир Шосалимов 1999 йилдан буён фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади

Ҳуқуқбон ва иқтисодий масалаларда таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимов bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Жаҳонгир Шосалимов 1953 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

1974 йилда Тошкент Халк Хўжалиги Институтининг савдо иқтисоди бўлимини тугатган.

1999 йилдан буён ҳуқуқбонлик билан шуғулланиб келади.

Жаҳонгир Шосалимов Тошкентнинг "Чорсу" бозорида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун ички ишлар ходимлари тарафидан унга нисбатан тазйиқлар бўлганини айтади.

2002 йилдан буён "Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи" аъзоси.

Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган кўплаб маҳкамаларни кузатиб боради.

2003 йилда Тошкент шаҳрида пикет ўтказгани учун қўлга олиниб, маъмурий жазога тортилган.

Интернет саҳифаларида мустақил иқтисодчи сифатида эркин бозор муносабатларига ўтишда, унинг ўзи айтмоқчи, Ўзбекистонда кузатилаётган қонунбузарликлар ҳақида қатор танқидий мақолалар нашр этган.

Охирги йилларда хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан Би-би-си ўзбек хизмати дастурларида иқтисодий мавзуларда ўз фикрларини бериб келади.

Би-би-си: Тошкентдан Алишербек сизнинг ҳуқуқбонлик соҳасига кириб келишингиз сабабларини билмоқчи бўлган.

Жаҳонгир Шосалимов: Мен 2000-йиллар атрофида “Чорсу” бозорида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ниҳоятда зарур бўлган қадамларни қўйишга мажбур бўлдим Тошкент шаҳар ҳокимиятига, текширувчи органларга. Аввало ўзимни, кейин эса тадбиркорларни ҳимоя қилиш мақсадида “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташаббус гуруҳи”га кириб, ўша ерда қатор ишларни бажардим. Тошкент шаҳар ҳокимиятида тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил қилдик. Бундан ташқари қатор-қатор, жумладан аҳолининг газ, электр, коммунал хўжаликлари ҳамда турли сиёсий масалаларда курашишга тўғри келиб қолди. Натижада, мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга киришиб кетдим.

Би-би-си: “Жаҳонгир Шосалимовга саволим шундай: Нега ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистондаги камчиликлар қолиб, доимо бир-бирларини танқид қилиш билан овора?” - деб сўраган Тошкентдан яна бошқа мухлисимиз Одил.

Жаҳонгир Шосалимов: Албатта, ҳуқуқ ҳимоясига, Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, чин қалбдан киришган инсонлар эмас, балки айрим бошқа тоифадаги одамлар кириб қолгани учун шундай бўлаяпти. Бундан ташқари бунга ҳукуматнинг ғирромлиги, айниқса терроризмга қарши кураш бўлими одамларининг ўзи ишлари қолиб, ҳуқуқ ҳимоячилари орқали ўзларининг рақибларига қарши курашаётганликлари учун бундай ҳолат вужудга келаяпти. Бунинг 80-90 фоизи терроризмга қарши кураш бўлимининг иғво-найрангларидир, деб ўйлайман.

Би-би-си: “Президентликка ўз номзодингизни қўйганингиздан хабардорман. Ўшандан буён сизга тазйиқлар бўлдими?” - деб сўрапти Асакадан Абдуллоҳ.

Жаҳонгир Шосалимов: Хабарингиз бор, 2006-йил 30-апрел куни мен шундай қарорни қабул қилдим. Чунки Ўзбекистонда мавжуд бўлган сиёсий партиялар жасорат қилиб, ўзларининг сиёсий ҳуқуқларини намоён этишни эплай олмаганлари учун, мен Бишкекда инсон ҳуқуқлари трейнингида мамлакатни виждонан бошқариш тамойиллари бўйича БМТнинг қатор экспертларидан таълим олганимдан кейин, шундай қадамни ташладим. Аммо менинг бу амалим натижаси жудаям яхши бўлди. Мен Ўзбекистондаги ҳақиқий сиёсий аҳволни кузатдим, Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг аҳволини кузатдим ва сиёсатга кириб борувчилар жасорати, матонати, уларнинг нимага қодир эканлигини кўриш бахтига муяссар бўлдим. Иккинчи тарафдан эса ҳукумат амалдорлари, асосан Миллий Хавфсизлик Хизмати, Ички Ишлар Вазирлиги, Президент Девони ва яна қатор одамлар билан мулоқот қилишга, улар билан рўбарў келиш бахтига муяссар бўлдим. Лекин, ватанпарвар бўлганим, барча ҳаракатларим миллий хавфсизлигимизга хавф солмаганлиги, аксинча уни кучайтиргани, давлатчилик тамойилларига мос келгани ва, энг асосийси, конституция рамкасида бўлгани учун мен ҳаттоки рақибларим ҳурматига ҳам сазовор бўлдим. Менинг жасоратимни, матонатимни ва кўтариб чиқаётганим масалаларнинг ўзбек давлатчилиги, миллатимиз учун ниҳоятда долзарб, ниҳоятда зарур бўлганлигини ҳис этган рақибларим менга деярли таъқиб қилишмади, десам ҳам бўлади.

Би-би-си: Жаҳонгир ака, хабарингиз бор, кўплаб мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоллари босим ва тазйиқлар туфайли чет давлатларга чиқиб кетганлар. Сиз ҳам бу ҳақда ҳеч ўйлаганмисиз?

Жаҳонгир Шосалимов: Мен мутлақо ўйламаганман. Ҳаттоки хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мен ўзим иқтисодчиман. Ўзим бу система одами бўлмасам ҳам, Совет Иттифоқидан қолган Ўзбекистон тузумининг одамиман. Мен шу системада бўлаётган ҳар бир нарсани мукаммал биламан. Ҳаттоки, бу системага мен Ислом акадан олдин келганман. Ислом ака система томонидан тайинланган бўлса, мен система одамиман. Тузумда мавжуд барча нуқсонларни, ютуқли тарафларни мукаммал биламан. Аксинча, бошқа сиёсатчилар система билан мулоқот қилмадилар, унинг кучли тарафлари, нозик тарафларига эътибор бермадилар. Албатта, бу ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Ҳаётда ҳамма нарсанинг ичида бўлиш керак. Менинг назаримда, сиёсатчилар шу ҳаёт ичида эмас, аксинча шу ҳаётдан, ватандан, миллатдан сал бошқачароқ йўлни танлаганликлари сабабли улардан ажралиб қолишди. Бунинг натижасида ҳеч кими бўлмаган одамлар сифатида кўринганлари учун ҳукумат улардан осонгина қутулиб қўя қолди.

Би-би-си: Шоҳин исмли хўжандлик мухлисимиз йўллаган савол: “Сиз ҳозир Ўзбекистондасиз. Сизга қандай босимлар бўлаяпти?”

Жаҳонгир Шосалимов: Хабарингиз бор, мен президент сайловларидан кейин президентнинг қатор жиддий масалалари билан танишиб чиқдим. Ўзбекистонда товар-пул муносабатлари ишдан чиққанлиги, сиёсий рақобатнинг бўлмаганлиги, айниқса Марказий Банк воситасида ҳийлагарлик қилиниши ва Ўзбекистонда нарх-навонинг кундан-кунга ошиб бориши асл сабаблари тўғрисида ҳукуматга чиқдим ва ҳукуматни бунда айбдор, деб кўрсатдим. Лекин, қайсидир маънода, ҳукумат менга индамади. Индамаслик – аломати ризо, дейдилар. Ҳукумат бизнинг нарх-навонинг ошиб кетиши, ўзбек сўмининг қадрсизланиб кетиши ҳақидаги хабарномаларимизни кузатиб боришди. Ҳукумат амалдорлари коррупцияга қарши курашишда улардан ташаббусни олиб қўяётганимизни эътироф этишди. Ҳукуматнинг айрим юқори амалдорлари коррупция – демократия йўқ эканлигининг амалий исботи, деган фикрларимизга қўшилишди. Шунинг учун ҳам ҳозир бизга деярлик... Албатта босимлар бўлади фарзандларимизга, аёлларимизга бўлади. Лекин унақа хунук кўринишдаги босим бўлмаяпти.

Би-би-си: Айни мухлисимиз “Ўзбекистон ҳам бозор иқтисодиётига ўтадими, матбуот эркин бўладими, коррупция йўқоладими ва умуман демократия тузиладими?” - деб сўраган

Жаҳонгир Шосалимов: Бу – жудаям мураккаб жараён. Ҳозир амалдаги президент Ислом Каримов ўзи тузган конституцияни, ўзи имзолаган конституцияни инкор қилган ҳолда, ҳокимиятда учинчи марта - қонундан ташқари, яъни конституциянинг 90-моддасини бузган ҳолда - ўтирибди. Ҳозирги Ўзбекистон ҳукумати, уни ташкил қилган одамлар назарида, ислоҳотларни амалга ошириш имконсиз. Чунки Ўзбекистонда коррупциянинг йўқолиши, демократиянинг бўлиши, ҳокимиятнинг тинч йўллар билан қўлдан-кўлга ўтиши масаласи Ички Ишлар Вазирлиги, Миллий Хавфсизлик Хизмати ва армиянинг генераллари бу жараёнларга қанчалик тайёр эканлигига боғлиқ. Хўш, куч ишлатар тизимларининг ходимлари, Президент Девонининг ўзи мамлакат тараққиётини қандай тушунадилар? Ҳозирги ҳокимият бу жараёнларнинг бўлишини истамаяпти. Хоҳлаган тақдирда ҳам, демократия ва коррупцияга қарши кураш амалга ошса, мамлакатда тўс-тўполон бўлиб кетади, деб одамларга ваҳималар тарқатаяпти. Одамларга ваҳима тарқатиш эмас, тер тўкиб, Ўзбекистон давлатчилигига хавф солаётган тўртта масала: коррупция, қашшоқлик, миллий валютанинг кескин тушиб кетиши ва суд ҳокимиятининг қабоҳатга ботиб қолиши каби балолардан қутулиш йўлларини чуқур англаб етгандагина бу ўзгаришлар бошланади, деб ўйлайман.

Би-би-си: Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма йиллиги арафасида давлат корхоналарида ишлайдиган аҳоли маошлари 15 фоизга кўтарилди. Аммо бошқа тарафдан нарх-наволар унданда баландроққа сапчиган. Иқтисодчи сифатида бунга нима сабаб бўлаяпти, деб ўйлайсиз?

Жаҳонгир Шосалимов: Мен ҳукуматни, аввало мамлакат раҳбарини яна танқид қилишга мажбурман. Сабаби бу ҳолат 1992 йилдан буён давом этаяпти. Деярли 20 йилдан бери нарх-навонинг кўтарилиши одамларнинг эмин-эркин нафас олишига имкон бермаяпти. Бунинг бош сабаби Ўзбекистон ҳукумати, унинг профессионализмга эга эмаслиги, унда фақат бир шахсга садоқатли одамларнинг тўпланиб қолганида, деб биламан. Агар Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишни ўша 92-йилдан бошлаганида эди, Ўзбекистон раҳбарлигига даъвогарлик қилаётган одамлар ғирромлик қилмасдан товар-пул муносабатларини ушлаб турганларида эди... Мен “ғирромлик” деганда мамлакат раҳбариятининг Марказий Банк воситасида қонунийлаштирилган ўғирлик, қонунийлаштирилган босқинчилик, қонунийлаштирилган талончилик сиёсатини олиб борганини назарда тутаяпман. Бу ўта ғирром сиёсатни пул эмиссиясини ўйламасдан, оқибатини билмасдан, нимага олиб келишини ҳис қилмасдан амалга оширилиши, мана 20 йил давомида нарх-наволарнинг кескин ўсишига, харажатларнинг кўпайишини ҳисобга олмасдан, даромадларнинг мутаносиблигини сақламаган ҳолда иш юритиш мана шундай хунук ҳолатларга олиб келаяпти. Бу ҳолатни тугатишнинг ягона йўли – очиқ бозор муносабатларига ўтиш, Марказий Банкда ҳақиқий, адолатли сиёсат олиб бориш ва пул эмиссиясини тўхтатиш. Шу ерда яна бир нарсани айтмоқчи эдим. Ўзбекистон ҳукумати, Ўзбекистон президенти мана 20 йилдан бери нарх-наволарни ошириш бўйича фармон чиқаради, лекин ишчилар, давлат хизматчиларининг ойликлари қайси манба ҳисобидан олинаётгани – ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳисобиданми ё қандайдир қўшимча кредитлар ҳисобидан - халқдан беркитиб келинаяпти. Маошлар эмиссия ҳисобига амалга оширилган бўлса, бу – ғирт аҳмоқлик, деб ўйлайман.