Президент Ислом Каримов ўзбекистонлик ўсмир футболчиларни тақдирлашга қарор қилди

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Мексикадаги сўнгги Жаҳон чемпионатида ўз тарихларида илк бор чорак финалга чиқишга муваффақ бўлган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини тақдирлаш ҳақида махсус фармойиш берди.

Президент Каримов фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон терма жамоаси раҳбарияти, мураббийлари ҳамда аъзолари фахрий нишон ва автомобиллар билан мукофотланадиган бўлишди.

Аён бўлишича, терма жамоа мураббийлари Алексей Евстафеев ва Аҳмаджон Мусаевлар "Ласетти" (Lacetti) русумидаги енгил машиналар билан тақдирланади.

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг 13 аъзосига эса, "Спарк" (Spark) русумидаги автомобиллар берилади.

Фармойишда айтилишича, Мексикада бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшишгани учун уларни тақдирлашга қарор қилинган.

Муносабат

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сардор Собирхўжаев Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида сўнгги янгиликдан бошлари осмонда эканини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бизни бу даражада тақдирлашади, деб кутмагандик. Ўзимизда йўқ хурсандмиз. Ҳозир битта қозонда ош дамлаб, сўнгги хушхабарни оила аъзоларимиз билан байрам қилишга ҳозирлик кўриб турибмиз," дейди Сардор.

Сардор ўзи гаплашишга муваффақ бўлган бошқа жамоадошларининг ҳам жуда мамнун эканликлари ва аллақачон мураббийларини ҳам табриклашга муваффақ бўлишганини айтади.

Ўзбекистонлик ўсмирлар ярим ҳимоячиси илк бор Жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқишган бўлишса ҳам, Мексикадаги ўйинларимиздан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмадик, дейди.

"Биз сўнгги Жаҳон чемпионатида ўзимизнинг нималарга қодирлигимизни исботлашга улгурмагандик ҳали. Энди, омад келмай қолди-да, бу - футбол..."

Унга кўра, биринчиликнинг финал босқичига чиқишни кўзлаган бўлишган.

Сардор Жаҳон чемпионатининг якуний босқич учрашувларидаги илк иштироклари бўлгани учун ҳам, ўз орзуларига етишишда халқаро тунирларда тажрибаларининг бироз камлиги панд бериб қўйганини айтади.

"Бундан буёғига ҳаммамиз устимизда янада қаттиқроқ ишлаб, навбатдаги Жаҳон чемпионатига ҳам чиқиш ва Ўзбекистон байроғини янада баландроқ кўтариш режасидамиз", дейди Сардор.

Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоаси кетма-кет тарихий натижалар қайд этиб, ўзининг кўрсатган ўйини билан Мексикада катта шов-шувларга сабаб бўлганди.

Кўплаб футбол танқидчилари эса, майдонда қанчалик ҳужумкорликларини кўриб, ўзбекистонлик футболчиларга "довюрак" сифатини ҳам беришганди.

Мексикада Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқишини башорат қилаётганлар ҳам озмунча эмасди.

Уругвайлик рақибларига бой бериб қўйишларига қарамай, ўзбекистонлик футболчилар бир мағлубият ва уч ғалаба билан чемпионатнинг чорак финалига чиқишганди.

Айрим хабарларга кўра, ўзбекистонлик ўсмир футболчиларнинг Мексикадаги кўрсатган ўйини оврўполик футбол мутахассисларининг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

Ўзбекистонлик футбол мутахассислари ҳам келажакда ёш футболчиларидан кўп нарсага умид қилишаётганини яширишаётгани йўқ.

Янги чемпион

Юз мингга яқин томошабин кўз ўнгида Ўзбекистон ўсмирлар миллий терма жамоасининг ашаддий рақиби Уругвайни 2:0 ҳисобида мағлуб этган мезбон Мексика эса, 2011 йилнинг Жаҳон чемпиони, деб топилди.

Бу Мексика ўсмирлар миллий терма жамоасининг жаҳон майдонида қўлга киритган иккинчи ютуғидир.

Мексикалик ёшлар 2005 йилда Перуда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ҳам ғолибликни қўлга киритишганди.