Тожикистон Бош прокурори: Ўринбой Усмонов иши ниҳоясига етди

Шерхон Салимзода

Тожикистон Бош прокурори Би-би-сининг ҳибсга олинган мухбири Ўринбой Усмонов устидан қўзғатилган иш ниҳоясига етгани ва тергов натижалари юзасидан мамлакат президентига ҳисобот берилишини айтган.

Бу ҳақда Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзода 12 июл куни журналистлар учун уюштирилган матбуот йиғинида маълум қилган.

Жаноб Салимзода "Ўринбой Усмоновга нисбатан қўзғатилган жиноий иш юзасидан" мамлакат президентига тўлиқ ҳисобот тайёрлаётганини айтган.

"Давлат раҳбари бу ишга эътибор қаратмоқда," деди у.

"Мен журналистлардан иш адлия органлари томонидан тўлалигича ўрганилгунга қадар бу ҳақда эрта хулоса чиқармасликларини сўрайман," деди Шерхон Салимзода

Би-би-си Жаҳон Хизмати бошлиғи Питер Ҳоррокс 24-июн куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга мактуб йўллаб, ундан Ўринбой Усмоновни озод этишга изн беришни сўраган эди.

18 июн куни Ўринбой Усмонов оиласи ҳам Тожикистон президентига айни мазмундаги нома йўллаган эди.

Ўринбой Усмоновнинг адвокати Файзинисо Воҳидова ҳам тергов иши якунланганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Ўринбой Усмонов устидан қўзғатилган жиноий иш бўйича тергов хулосаларини Суғд вилояти прокуратурасига йўллашдан олдин яна бир бор адвакат иштирокида кўздан кечирилишини айтди.

Бироқ жаноб Салимзоданинг айтишича, Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Ўринбой Усмонов устидан иш Миллий Хавфсизлик Қўмитаси томонидан ниҳоясига етказилиб, аллақачон Суд вилояти прокуратурасига юборилган.

Ўринбой Усмонов шу йил 13 июнда Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари томонидан мамлакатда фаолияти таъқиқланган партия - "Ҳизд ут-Таҳрир"га алоқадорликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди.

Ўшандан буён кўплаб халқаро ташкилотлар, ғарб элчихоналари, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари баёнотлар тарқатиб, расмий Душанбедан Ўринбой Усмоновни дарҳол озод этишни талаб қилдилар.

Би-би-си раҳбарияти қарори билан Би-би-си ходимлари Ўринбой Усмонов озодлигини талаб қилиб, ҳар чоршанба куни Лондонда намойиш ўтказмоқдалар.

Ҳозирда Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси Би-би-си мухбирини Тожикистонда фаолияти тақиқланган "Ҳизбут-Таҳрир" фирқаси ҳақида расмий идораларга хабар бермаганликда айбламоқда.

Бир неча кун муқаддам Би-би-си муҳаррири ва журналисти Ўринбой Усмонов билан учрашганди.

Улар ҳамкасблари саломатлиги ва руҳиятидан хавотирларини изҳор қилишган.

Ўринбой Усмон ўз ҳамкасблари билан суҳбат чоғида ҳеч қачон "Ҳизбут-Таҳрир" диний фирқасининг аъзоси бўлмагани ва "Ҳизбут-Таҳрир" ғояларини мутлақо қўллаб-қувватламаслигини айтган.

59 ёшли Ўринбой Усмон қанд диабети ва юрак хасталигига чалинган.