Британия Тошкентдаги элчихонаси ходими маҳкама ишидан хавотирда

Image caption Девид Лидингтон ўзбек ҳукуматига ўз хавотирлари борасида маълум қилган

Буюк Британия ҳукуматининг юқори мартабали расмийси Ўзбекистонда британ элчихонаси ходими маҳкамага тортилишидан норозилик изҳор қилган.

Буюк Британиянинг Оврўпо масалалари бўйича вазири Девид Лидингтон Тошкентда бўлиб ўтган маҳкамада Британия элчихонасининг матбуот бўлими ходими Леонид Кудрявцев айбдор деб топилиши ортидан гапирган.

"Мен Тошкентдаги элчихонамизда ишлайдиган, маҳаллий фуқаро бўлган ходимимизнинг 15 июлда ўтган маҳкама ишида ўзбек ҳукумати рухсатисиз йиғинлар ўтказишда айбдор деб топилганини эшитиб жуда безовта бўлдим. Биз ишонамизки, элчихона ҳудудида фуқаролик жамияти билан мунтазам равишда ўтказилган йиғинлар ўзбек ва халқаро қонунларга тўлалигича риоя қилинган ҳолда ўтказилган," деди жаноб Лидингтон.

Британия ҳукумати вазири, шунингдек, Кудрявцев иши бўйича расмий Тошкентга ўз хавотирларини изҳор қилганини билдирди.

"Бу йиғинлар Президент (Ислом) Каримовнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасидаги билимни ошириш истагига мос равишда олиб борилган. Биз мазкур маҳкама иши борасидаги жиддий хавотирларимиз борасида ўзбек расмийларини огоҳ қилдик," деди у.

Жума куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани жиноий ишлар бўйича маҳкамасида Леонид Кудрявцев "Ташкилот тартибини бузиш, йиғинлар, митинглар, юришлар ва намойишлар ўтказиш" айби билан суд қилинган ва айбдор деб топилган.

Маҳкама ишига ўтган йил октябрида "Америка овози" радиостанциясининг мухбири Абдумалик Бобоевни туҳмат ва ҳақорат қилишда айбдор деб топган Саъдулло Аширматов ҳакамлик қилган.

Ҳакам Аширматов Британия элчихонаси ходими Кудрявцев 80та энг кам иш ҳақи, яъни 3.978.800 сўм жарима тўлаши керак деган ҳукм чиқарди.

Image caption Леонид Кудрявцев ўзига қарши очилган ишдан ҳайрон

Фергана.ру веб саҳифасига муносабат билдирган жаноб Кудрявцев ўзига қарши фуқаролик иши очилганидан 9 июнда огоҳ бўлгани ва бу ишга икки маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари Константин Степанов ва Ольга Красноваларнинг Ўзбекистон ички ва ташқи ишлар вазирликларига ёзган шикоятлари асос бўлганини айтган.

Веб саҳифада нусхаси чоп қилинган шикоятда икки фаол Британия элчихонаси "экстремист элементлар" йиғиладиган яширин ўқув марказига айлангани ва у ерда баъзи фаоллар "муайян акциялар"ни амалга оширишга ўргатилиши даъво қилинади.

Жаноб Кудрявцев тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳақиқатдан ҳам Буюк Британия элчихонаси билан учрашиб туриши, бироқ учрашувлар фақат ўқув-тарбия мазмунига эга эканини билдирди.

"Биз маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаолларига кўп маҳаллий қонунлар ва Ўзбекистон имзолаган халқаро келишувларни тушунтириб берамиз. Бу элчихона уюштирган тадбирлар ва мен уларда матбуот ва жамоатчилик билан мулоқот бўлими вакили сифатида иштирок этаман, холос. Шундай экан, мени маҳкама тортишаётганидан ҳайронман," деб айтган у.