Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: Риштонликлар тунни ваҳима билан ўтказишди

Ўтган ҳафта Фарғона водийсининг зилзиладан зарар кўрган Риштон тумани аҳолиси 25-дан 26-июлга ўтар тунни ваҳима билан ўтказган.

Риштонликлар зилзиланинг қайталанишидан хавотирда эканликларини айтишади.

Зилзила ортидан Фарғона водийсида қурилиш моллари нархи ва мардикорлар хизмат ҳаққи кўтарилгани кузатилган.

Ўтган ҳафта сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида юз берган кучли ер силкиниши оқибатида, Ўзбекистон Фавқуллода вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, 13 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 90 га яқин одам жароҳат олганди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етганини маълум қилганди.

Зилзила ўчоғи Қирғизистоннинг Ўзбекистон чегарасига яқин Боткен вилоятида экани хабар қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати зилзиладан зиён кўрган оилаларга зарурий моддий ёрдам кўрсатилишини билдирган эди.

Бироқ, Фарғона вилоятининг Риштон тумани аҳолиси ҳукумат ваъда қилган ёрдам уларга ҳозиргача етиб келмаганидан шикоят қилишади.

Айни ҳолат зилзила ўчоғига яқин бўлган бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда.

Ҳукумат ёрдамидан умидини узган Риштон аҳолиси ер силкинишидан зарар кўрган уйларни ҳашар йўли билан тиклаш ҳаракатига тушган.

Ўзбекистонда норасмий Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг Фарғона вилоятидаги фаоли Баҳодир Элибоев Риштон туманидаги сўнгги вазиятни Би-би-сига тасвирлаб берди.