Интернет ким учун қўпорувчи куч?

Матбуот хабарларига кўра, Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси қўмитаси раҳбари Интернетдаги қўпорувчи кучларга қарши курашга чақирган.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникацион технологиялар қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоевнинг айтишича, Ўзбекистонга қарши Интернетда ахборот уруши олиб борилаяпти.

Ўзбек расмийлари "қўпорувчи кучлар" деганда нима назарда тутилганини очиқламаганлар, бироқ шарҳловчилар фикрича, бунга "Араб инқилоблари" ортидан Ўзбек мухолифатининг Интернетда фаолликни кучайтиргани сабаб бўлмоқда.

Матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникацион технологиялар қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев Интернетдаги қўпорувчи кучларга қарши курашиш зарурлиги ҳақида парламент мажлисида гапирган.

"Интернет бизнинг давлатимиз, ҳукуматимиз ва ҳатто президентимизга қарши иғвогорона ахборотга тўла. Бу қўпорувчи кучлар, ғаламислар бизнинг муваффақиятларимизни бадном қилаяптилар. Уларга қарши режали кураш олиб борилиши керак", дея Абдурашид Жўрабоевдан иқтибос келтирган оммавий ахборот воситалари.

Ўзбекистонда тўсиқ қўйилган "Uzmetronom.com" Интернет саҳифасининг Бош муҳаррири Сергей Ежков, парламент қўмитаси раҳбари Ўзбекистон президентининг нуқтаи назарига қарши фикр билдириши мумкин эмас, деб ҳисоблайди.

"Ўзбекистон президенти аксинча, Интернет глобал миқёсда ахборот алмашиш воситасига айланганини урғулади ҳамда Ўзбекистон ўз келажагини ушбу вазиятдан келиб чиқиб қуриши лозимлигини айтди", дейди Сергей Ежков.

Парламент қўмитаси раҳбари Интернетнинг ҳар қандай кучнинг бўлгани сингари ҳам яратувчанлик ва ҳам қўпорувчилик хусусиятига эга эканини таъкидлаш ниятида бўлгандир, дейди "Uzmetronom.com"

Кўплаб таҳлилчилар фикрича, шу йил бошида қатор Яқин Шарқ мамлакатларида аксилҳукумат намойишлари узоқ йиллик ҳукмдорларни қудратдан кетказгани ҳамда оммавий чиқишлар Интернет воситасида ташкиллаштирилгани Ўзбекистон мулозимлари томонидан хавотирлик билан қабул қилинди ҳамда Ўзбекистонда бундай ҳодисалар такрорланмаслиги чоралари кўрилди.

"Араб баҳори"дан руҳланган хориждаги Ўзбек мухолифати шу йил май ойида бирлашишга қарор қилган ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати ташкил этилган, бу ҳаракат Ўзбекистонда ҳукуматни нозўравонлик йўллари билан алмаштириш мақсадини ўз олдига қўйганини эълон қилган.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати ўз фаолиятида Интернетдан кенг фойдаланишини билдирган.

Мустақил журналист Қудрат Бобожон айтишича, Халқ ҳаракати фаолларининг Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қўнғироқ қилиб, фуқароларни таъқиб этманг, деган мазмундаги қонуний талабни қўйганлари, Ўзбекистон расмийлари томонидан қўпорувчилик амали, деб кўрилаётганининг бир исботидир.

Ўзбекистонда ҳукумат нуқтаи назаридан фарқ қиладиган қарашларни ёритиб борадиган Интернет сайтларига тўсиқ қўйилган. Аммо аҳолисининг сони сони расман 28 миллиондан ошган деб айтилаётган мамлакатда Интернет фойдаланувчилар сони тезлик билан кўпаяётгани, шу йил апрелида уларнинг сони 7 миллиондан ошгани хабар қилинган.

Интернет маконида "Президент Каримовни диктатор деб аташ мумкинми?" деган сарлавҳалар билан мақолалар ҳам пайдо бўлаётган экан, кузатувчилар бундан кейин Ўзбекистонда Интернет назорати кучайтирилишини кутиш мумкинлигини билдиришади.