Олмониянинг Яшиллар партияси Ўзбекистон билан муносабатларни ислоҳ қилмоқчи

Image caption Яшиллар партияси таклифи Бундестагда кўрилиши мумкин

Олмониядаги Яшиллар партияси парламентга Ўзбекистон билан муносабатларни қайта кўриб чиқиш ҳақидаги таклифни киритган.

Би-би-си қўлга киритган таклиф лойиҳасида икки томонлама алоқалар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларарининг аҳволи билан тўғридан тўғри боғлиқ бўлиши кераклиги айтилади.

Хабарларга кўра, ҳозирда Бундестагнинг ташқи алоқалар қўмитаси томонидан ўрганилаетган таклиф келаётган ойларда овозга қўйилиши мумкин.

Яшиллар партияси анчадан бери Олмониянинг Ўзбекистон билан алоқаларини танқид остига олиб келади.

Инсон ҳуқуқлари ва ахлоқий ташқи сиёсат юргизиш масаласи олмон сиёсатчилари ва айниқса яшиллар учун ҳамиша муҳим масала бўлиб келган.

Бу партия 1980 йилларда ядро қуролига қарши тинчлик ҳаракати асосида сиёсий саҳнага чиққан.

Ўзбекистон билан муносабатлар масаласи эса ўтган май ойида Олмонияга Ташқи ишлар вазири Владимир Норов сафар қилган чоғи яна кун тартибига кўтарилган эди.

Сафар давомида Берлинда бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистонда ҳибсда ушлаб турилган ҳуқуқ фаолларининг озод этилиши талаби билан қатор намойишлар ўтказишди.

Image caption Ташқи ишлар вазирининг Берлинга сафари давомида Ўзбекистон халқ ҳаракати шаҳар марказида қурултой ўтказган эди

Бу борада олмон сиёсатчилари ҳам ўз фикрларини жаноб Норовга изҳор этдилар. Учрашувлар чоғида ҳозир бўлган баъзи манбаларнинг айтишларича, бу изҳоротлар жаноб Норовнинг жиғига теккан.

Жаноб Норовнинг сафари чоғида ўзбек мухолифати аъзоларининг Берлинда очиқчасига ўз қурулойини ўтказгани ҳам унга ёқмагани аниқ.

Шундан сўнг яқинда Ўзбекистон томони Олмония парламенти ҳайъатининг Ўзбекистонга куз ойларида режаланган сафарини бекор қилди.

Бунга сабаб жаноб Норовнинг Берлинга сафари яхши ўтмаганими ва ё Олмон яшиллари бу вазиятни Тошкентга нисбатан сиёсатни қатъийлаштириш учун омил сифатида кўрмоқдаларми айтиш қийин.

Лекин икки ўртадаги муносабатлар рисоладагидек эмаслиги борасида аниқ белгилар зоҳир бўлмоқда.

Парламент петициясида нималар дейилади?

Image caption Олмон сиёсий арбобларининг танқиди Норов жанобларининг "жиғига" теккан...

Петицияда Ўзбекистонга нисбатан анчайин кескин танқидлар янграган. Лекин Олмон ҳукумати ҳам бу танқидлардан холи қолмаган.

Унда айтилишича Олмония ҳукумати Ўзбекистоннинг Оврўподаги энг муҳим ҳамкорларидан бири ролида эга бўлган таъсири ва мавжуд сиёсий босим йўлларига қарамай Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш учун етарлича чораларни амалга оширмаган.

Шунинг учун қўшимча қилинишича, амалда Берлин бу соҳада деярли сукут сақлаб келмоқда ва инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган мулоқот дея аталаётган жараёндан ҳам Оврўпо Иттифоқи ва ҳам Ўзбекистон учун айни масалада чуқурроқ ҳамкорликдан бош олиб қочиш учун баҳона сифатида фойдаланмоқда.

Петицияда аниқ амаллар ҳам талаб қилинади. Масалан, Олмониянинг Тошкентдаги элчихонасида маҳаллий инсонн ҳуқуқлари фаолларига ёрдам бериб биргаликда ишлаш учун алоҳида бир мансаб тайинлаши, давлат томонидан тазйиққа учраётган Ўзбекистон фуқаролари учун визалар берилиши ва Термиздаги қароргоҳда жойлаштирилган олмон аскарларига мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида маълумот берилиши кераклиги айтилган.

Ҳаммаси бўлиб бу каби 22 таклиф Олмон ҳукуматидан талаб қилинган.

Танқид остига олинган соҳалар рўйхатида эса ўзбек расмийларидан тортиб, қийноқлар, журналист ва фаолларнинг ҳибга солиниши ва мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланишгача бор.

Танқиддан наф бўладими?

Image caption Расмий Тошкент танқидлардан "жонланадими" ё ...

Бир нарса аниқ, бу Олмонияда Ўзбекистон борасидаги баҳсларнинг яна жонланишига олиб келади, айниқса бу петиция парламентда мубоҳаса қилиниб овозга қўйиладиган паллада "жонланиш" кўзга ташланиши мумкин.

Олмон ҳукуматидан анчайин қатъий саволлар сўралаши ҳам тайин, ҳукумат эса бу масалалар икки томонлама мулоқотлар ва Оврўпо Иттифоқи орқали мунтазам муҳокама қилиниши ҳақида айтади, албатта.

Лекин эътиборга лойиқ ери шуки, петиция айнан ана шу масалага эътибор қаратмоқда, яъни бу айтилаётган мулоқот шунчаки хўжакўрсинга эканлиги урғуланмоқда.

Яшиллар партияси Олмон сиёсатида анчайин йирик куч, ҳукумат таркибида ҳам ҳозир ва бугун қатор маҳаллий ҳокимиятларда вакилларига эга.

Хуллас, бу қадамни ён-атрофдаги кучлар томонидан қилинган деб бўлмайди. Умуман олганда Олмон сиёсий саҳнасидаги кўплаб шахслар бу петицияда айтилган фикрларга қўшиладилар.

Лекин парламентда бўлиб ўтадиган баҳслар икки томонлама муносабатлардаги ноқисликлардан ҳам кўпроқ, Олмониянинг Афғонистондаги 5 минг аскарига таъминот етказишда Термиздаги ҳаво базасига қарамлиги масаласини ҳам очиб берса керак.