Ўзбекистон қозоқ алпинистларини давлат чегарасини бузишда айбламоқда

Cайрам чўққиси
Image caption Cайрам тоғлари Ўзбекистон ҳудудларига туташиб кетган

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қозоғистонлик алпинистларни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ва қурол олиб киришда айблашмоқда, деб айтди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Иляс Омаров Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг бу шарҳи Қозоғистон ҳукумати қозоқ-ўзбек чегара ҳудудида Ўзбекистон чегарачилари томонидан ҳибсга олинган 12 қозоғистонлик алпинистни озод этиш ҳаракатларини кучайтирган бир пайтга тўғри келмоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонга нота йўллаб, 12 Қозоғистон фуқаросининг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ талаб қилган.

Қозоғистон сай-ҳаракатларини мамлакат Бош вазири Карим Масимовнинг шахсан ўзи назорат этмоқда.

Шу ойнинг 10-сида Чимкент шаҳрида истиқомат қиладиган алпинистлар гуруҳи Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасига яқин Сайрам чўққисига чиқишга қарор қилиб, йўлга тушадилар.

Яқинларига кўра, гуруҳда ёши 9 дан 15 гача бўлган 9 ўспирин бўлган ва уларга уч киши етакчилик қилган.

Улар 20 июл куни ортга қайтиш режаси билан кетганлар.

Бироқ, алпинистлар белгиланган пайтда қайтмагач, яқинлари талаби билан Қозоғистон жанубида қидирув ишлари ишлари бошланган.

Кейинчалик Қозоғистон фуқароларининг Ўзбекистон хавфсизлик ходимлари томонидан 14-июлда ушлангани маълум бўлган.

Ҳозирда, хабарларга кўра, ёши катталар Тошкент вилоятининг Қибрай шаҳри вақтинчалик сақлаш марказида ушлаб турилибди, болаларни эса айни вилоятнинг Янгийўл шаҳридаги балоғатган етмаганлар учун махсус қабулхонада сақланмоқда.

Жанубий Қозоғистон бўйича Фавқулодда ҳолатлар департаменти матбуот хизмати бош мутахассиси Армон Асибековнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистон фуқаролари тоғли сўқмоқларда адашиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб қолган бўлишлари мумкин.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати котиби Иляс Омаров Би-би-сига қозоғистонликлардан бирида ов милтиғи бўлганини тасдиқлади.

Қурол эгасида, Иляс Омаровнинг айтишича, қонуний олиб юришга изн берувчи ҳужжатлар бўлган.

Матбуот котибига кўра, балоғатга етмаган тўққиз болакай 30 июл куни озод этилиши кутилмоқда.

У болалар ота-оналари улар билан кеча учрашишганини тасдиқлади.