Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекзабон жиҳодчилик Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилиши билан кучайиши мумкин - тадқиқот

Тошкентда жойлашган Эксперт Ишчи Гуруҳи ўзбекзабон жиҳодчилик, унинг мафкуравий асослари, асосий йўналишлари ва унинг минтақа ва жаҳондаги, хусусан Афғонистондаги жиҳодчилик билан алоқалари борасида олиб борган тадқиқотини чоп қилган.

Тадқиқот муҳаррири, Эксперт Ишчи Гуруҳи директори Суҳробжон Исмоиловнинг ёзишича, ҳужжатда ўзбек жиҳодчилиги мафкурасига мувозанатли баҳо берилади, ҳамда унинг асосий хавф ва таҳдидлари, ва бу муаммонинг ечими йўллари ёритилади.

27-бетли ҳисобот муаллифи, Парижда жойлашган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов ўз тадқиқоти асосан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Ислом Жиҳод Иттифоқи гуруҳларини ўрганишга қаратилганини билдиради.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Раббимов жиҳодчи гуруҳларнинг фаолияти жиддий тарзда кучаймаётгани, лекин Афғонистондаги вазият ўзгараётгани ва бу ўзбекзабон жиҳодчиликни кучайтириши мумкинлигига ишора қилади.

"Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ёки Ислом Жиҳоди Иттифоқи Толиблар билан биргаликда фаолият олиб боради. Шу икки ўзбек тилида гаплашувчи гуруҳнинг раҳбарияти Толиблар раҳбари Мулло Умарга байъат, яъни қасамёд қилган. АҚШ Президенти Обама Афғонистондан ҳарбий чиқиб кетиш вақтини белгилади. Толибларнинг сони ҳатто 50 мингга етмаслиги мумкин. Лекин, Толибларга ҳамдардлик билдираётган аҳоли 3-4 миллион бўлиши мумкин. Ғарб чиқиб кетадиган бўлса, бу муаммо анча кучаяди, назаримда," дейди у.

Image caption Жиҳодчиларнинг қасамёд маросими

Унинг айтишича, ЎИҲнинг аъзолари камида 500-600 киши бўлиши мумкин. Лекин, соннинг афтидан кам кўринишига қарамай, бугунги глобаллашув даврида уларнинг интернетда хабар тарқатиш усуллари ривожланган. Ҳукуматлар эса интернетни назорат қилишга борган сари қийналмоқда.

Ҳукумат босими

Жиҳодчилар сафининг кенгайиши сабаблари ҳақида ёзар экан, муаллиф ўзбек ҳукуматининг диндорларга нисбатан репрессив сиёсатини асосий омил дея тақдим этади.

"Бу одамлар қамоқда қийноқларда ўлишдан кўра, хорижда курашиб ўлишни афзал кўрадилар," дейилади ҳисоботда.

"Ҳукуматнинг қаттиқ сиёсати натижасида бу пайдо бўлди деб ҳисоблайман. Чунки тўқсонинчи йилларнинг бошида пайдо бўлганида (ЎИҲ марҳум раҳбари) Тоҳир Йўлдошев жиҳодчи эмас эди. Унда ёки атрофидагиларда жиҳод ғоялари мавжуд эмасди. Уларни сиёсий исломчилар дейиш мумкин эди," дейди таҳлилчи суҳбатда.

Жаноб Раббимовнинг Би-би-сига айтишича, айни дамда диний босим ягона сабаб эмас. Жиҳодчилар сафига келиб қўшилаётганларнинг дин борасида ўта юзаки маълумотга эга бўлганлари ҳам бор.

Қирғизистондаги зўравонлик

Унга кўра, Қирғизистондаги ўзбек аҳолига қарши юз берган зўравонликлар ҳам Қирғизистондаги ўзбекларнинг жиҳодчи гуруҳлар сафига қўшилишига етаклаган.

"Ҳар йили, озми-кўпми, жиҳодчиларга Ўзбекистондан бориб қўшилаётган одамлар мавжуд. Ёки Қирғизистондаги вазиятдан кейин ҳам, ЎИҲнинг материалларини кузатадиган бўлсангиз, ўшликлар ёки Қирғизистоннинг бошқа ҳудудларидан ўзбеклар бориб қўшилганлиги, улар шу фаолиятда иштирок этаётганини очиқ ёзишаяпти. Ичкарида биз билмаган каналлар мавжуд деб ўйлайман," дейди таҳлилчи.

Тадқиқот муаллифи ўзбекзабон жиҳодчилиги муаммосини Ўзбекистондаги сиёсий ислоҳотлар билан ечиш мумкинлигига ишонади.

"Дин соҳасидаги, фуқаролик жамияти борасидаги сиёсат бутунлай қайта кўриб чиқилиши керак. Ҳаттоки либерал қарашдаги сиёсатчилар ҳам Исломни изоляция қилишни таклиф қилаяпти. Мана бу хавфли. Менинг назаримда, фуқаролик жамияти тўлақонлик фуқаролик жамияти бўлиши керак. Дин намоёндаларига ҳам ижтимой ва сиёсий соҳасида иштирок этиш имконияти берилиши керак."