Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек матбуотидаги қочқинларни ҳақоратловчи мақолаларга нима сабаб?

Ўзбекистон матбуотида Андижон қирғинидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган, кейинроқ Андижон Адолат ва Тикланиш, Ўзбекистон халқ ҳаракати каби сиёсий ташкилотларда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ шахсларга қарши кампания бошланган.

Ҳукуматпарастлиги билан танилган интернет нашрларидан бири Андижон Адолат ва Тикланиш ташкилотининг раҳбарлари Нурулло Мақсудов ва Шамсуддин Атаматовларни гўёки фош қилувчи мақола чоп қилса, Ўзбекистон телевидениеси ва айрим ижтимоий сайтларда ватанга қайтишга мажбур бўлган андижонлик қочқинлар ва ё уларнинг яқинлари - ватандан ташқарида қолган қариндошларини ёмон отлиқ қилиб чиқишмоқда.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг ана шундай кампаниявозлигида одатда қонунлар, инсон қадриятлари, шахсий дахлсизлик чегараларини мутлақо назар писанд қилмайди.

Маҳкама ҳукмини чиқармасдан туриб гумон остида бўлганлар - "ватан хоини "га ҳам чиқарилаверади, террорчи деб ҳам айбланаверади.

Ҳукуматнинг расмий нашрларидан бирида ишлаган собиқ мухбирнинг айтишича, бу каби кампаниявозлик ҳар доим ҳокимиятдагилар ва ё президент маъмурияти ташаббуси билан уюштирилади.

Шу ўринда бу каби кампаниявозликнинг муаллифлари қандай мақсадларни кўзлашади ва нималарга эришишади деган савол ҳам бор. Мақсад, собиқ журналистга кўра, бу каби ҳаракату шахсларни ўзбекистонликларга нафақат қоралаб кўрсатиш, балки уларга яқинлашиб қолишга қарши огоҳлантириш ҳамдир.

Мақолаларда Андижон Адолат ва Тикланиш Ташкилоти аъзолари ҳақида баъзи маълумотлар келитирилади, аммо бу маълумотларнинг манбалари ёда далиллари умуман йўқ.

Журналистик қонун қоидаларга бу не қадар мос келади, мақолаларнинг оҳанги журналистика этикасигачи? Ва умуман омма кўз ўнгидаги шасхнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ маъулумотлар ёритилиши нима билан оқланади?

Америка Овози радиосининг мухбири Абдумалик Бобоевнинг айтишича, сайланган мулозим ёки жамоатчиликка яхши таниш бўлган шахс борасидаги маълумотни билишга халқнинг ҳаққи бор, аммо бунда этика қоидаларидан келиб чиқиш керак.