Ўзбекистон 8 нафар АҚШ фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди

Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, маҳаллий аҳолини насроний динига киришга тарғиб этишда айбланиб, америкалик саккиз фуқаро мамлакатдан чиқариб юборилган.

Бу ҳақда gorizont.uz веб саҳифаси хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, "ўзларини бизнесмен ёки инглиз тили ўқитувчиси деб таништирган саккизовлон ўзбек талабаларини протенстанлик мазҳабига жалб этиш учун ноқонуний миссионерлик фаолиятини олиб боришган".

Аён бўлишича, Америка фуқаролари ўзбек тилида равон сўзлашишган ва ўзларини Жаҳонгир, Ҳусан, Жасур, Фарҳод каби ўзбекча исмлар билан аташган.

Франс-Пресс ахборот агентлигининг билдиришича, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси "фуқароларининг шахсий ишлари" эканини айтиб, ушбу хабарни шарҳлашдан бош тортган.

Аҳолисининг 90 фоизи мусулмон саналувчи Ўзбекистонда барча турдаги миссионерлик фаолияти тақиқланган.

Бундан бир неча ҳафта бурун эса, Алабама штати федерал маҳкамаси Америкада ноқонуний яшаëтган 22 яшар Ўзбекистон фуқароси Улуғбек Қодировни президент Барак Обама ҳаëтига таҳдид қилишда айблаганди.

Агар ўзбекистонликнинг айби судда тасдиқланса, ўзбекистонлик собиқ талаба Америка президенти ҳаëтига таҳдид қилиш билан боғлиқ банднинг ҳар бири учун 5 йилдан, ноқонуний қуролга эгалик бўйича қўйилаëтган бандларнинг ҳар бири учун 10 йилдан қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Аммо АҚШ матбуоти прокурорлар бу айбларни тасдиқловчи далил-исботни маҳкамага тақдим қилмагунларича, айбсизлик презумпциясига мувофиқ Улуғбек Қодиров айбсиз саналишини баён қилганди.

Ўзбекистон ва АҚШ орасидаги алоқалар эса, биртекис эмас.

Расмий Вашингтон Ўзбекистонни Натонинг Афғонистондаги амалиётларини қўллаб-қувватлаб келаётгани учун олқишлайди.

Аммо расмий Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор кўрсаткичларини ҳам давомий равишда танқид этиб келади.

Бу Ўзбекистоннинг миссионерликда айблаб, хорижий фуқароларни илк бор ортга қайтариб юбориши эмас.

Ўтган йили ҳам бир АҚШ ва уч нафар Жанубий Корея фуқароси Ўзбекистонда яширинча миссионерлик фаолиятини олиб боргани учун жаримага тортилгани ва мамлакатдан чиқарилиб юборилгани хабар берилганди.