Ўзбекистонда фош этилган 'Жиҳодчилар' гуруҳи 'Доғистонда тайёргарликдан ўтган'ми?

Россиянинг "Регнум" ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистон хавфсизлик идоралари 12 кишидан иборат "жиҳодчилар" номли диний экстремистик гуруҳни ошкор этганлар.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига иқтибосан айтилишича, Андижон вилоятидан бўлган ушбу гуруҳ аъзолари Россиянинг Доғистон минтақасида қўпорувчилик ва террорчилик тайёргарлигидан ўтганлар.

"Регнум" хабарида таъкидланишича, ёшлари 25-35 орасида бўлган шахслар тергов пайтида Доғистон маркази Махачқалъа яқинидаги "Абдулла Суғурий" мадрасасида таълим олганлар.

Уларнинг Исломий таълимлар билан бир қаторда жисмоний тарбия, қўпорувчилик соҳаларига ҳам алоҳида эътибор қаратганликлари айтилади.

Биз "Регнум" тарқатган хабарни текшириш учун Доғистон Дин ишлари вазири Бекмурза Бекмурзаевга боғландик:

Бекмурза Бекмурзаев: "Регнум" ахборот агентлиги гўёки Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўн икки кишидан иборат "Жиҳодчилар" диний экстремистик гуруҳ ошкор этилгани ҳақида хабар тарқатди. Мазкур шахслар гўёки Доғистонда ғоявий ва террорчилик таълимотини олишган экан. "Регнум" ахборот агентлиги хабарида Доғистон пойтахти Махачқалъа ташқарисида жойлашган "Абдулла Суғурий" мадрасасига таянади. Доғистон Республикаси ҳукумати ва жамоатчилиги ушбу хабарни "иғвогарона, жамоатчиликка ёлғон хабар тарқатиш ва республикада тинчлик ва барқарорликни издан чиқаришга йўналтирилган", дея баҳолайди. Терроризмга қарши террорчи ахборот технологиялари билан курашиб бўлмайди. Терроризмга қарши янги яхши усул террор ҳақида, уни ташувчилар ва ғоявий раҳнамолари ҳақида ҳақиқатни ошкор этишдир. Махачқалъа шаҳрида "Абдулла Суғурий" номли мадраса йўқ. Мен ҳозир аслида "Абдураҳмон Суғурий" номли мадраса ҳудудида турибман. Абдураҳмон Суғурий Нақшбандий тариқатининг буюк шайхларидан бўлган. Бу инсон "Нашқбандия" тариқатининг дунёда энг йирик 60 та шайхлари сафидан ўрин олган. Мадраса бу шайх номи шарафига аталган.

Би-би-си: Жаноб Бекмурзаев, бу мадрасада ростдан ҳам Ўзбекистон фуқаролари таълим олишганми? "Регнум" хабарида, шунингдек, мадрасада террорчилик ва қўпорувчилик таълимлари бериши хабар қилинган. Бу хабар қанчалар асосли?

Бекмурза Бекмурзаев: "Абдураҳмон Суғурий" мадрасасида бирорта хорижий талаба, бирорта хорижий муаллим ҳеч қачон таълим ҳам бермаган, таълим ҳам олмаган. Бироқ Махачқалъа шаҳри марказида, бош майдонидан узоқ бўлмаган жойда "Аш-Шофия" мадрасаси жойлашган. Бу мадрасада 3-6 ой муқаддам Ўзбекистон фуқаролари олти ойча таълим олишган. Улар бу ерга Ўзбекистондан диний таълим олиш учун келганлар. Бу университетга таниқли шайх раҳбарлик қилади. Ўзбекистонлик талабалар ушбу мадрасада берилаётган дарслардан қониқмай, Доғистонни тарк этганлар. Кейинчалик улар ўз ватанларида қандайдир қўпорувчи-террорчи гуруҳ аъзолари сифатида қўлга олинганлар. "Аш-Шофия" мадрасаси фаолияти Доғистон жамияти томонидан эътироф этилган, у ерда таниқли шахслар ишлашади. У ерда ҳеч қанақа суриялик ўқитувчилар ишлашмайди. Аммо бу мадрасага хориждан талабалар келиб, анъанавий Исломий илмларни ўзлаштиришади.