Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон қирғиз мулозимларини чегара вазиятини танглаштиришда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати Давлат чегара қўмитаси Ўзбекистоннинг Сўх анклави ва Қирғизистон ўртасидаги чегара ҳудудларида вазият таранглашиб бораётганидан ташвиш билдирган.

Қўмита бунинг учун Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги айрим маҳаллий мулозимларни айблаган.

Давлат чегара қўмитаси қирғиз томони Сўх анклавига ўтиш нуқталаридан бири - "Газпром"ни беркитиб қўйиши ортидан Ўзбекистон ҳам айни чегера нуқтасининг ўзига тегишли қисмини беркитишга мажбур бўлганини билдирган.

Давлат Чегара қўмитасининг маълум қилишича, ўзбек томонининг айни қадами айрим қирғизистонликлар томонидан кескин норозилик билан қарши олинган. Минтақа аҳолиси баъзи қирғиз мулозимлари раҳбарлиги остида "Риштон-Сўх" йўлини беркитиб қўйган.

Қўмита Боткен вилояти маъмуриятини Қирғизистон аҳолисини бундай "ноқонуний амалларга" ундаш билан "Сўх тумани чегарасида вазиятни беқарорлаштириш"га уринаётганликда айблаган.

Ўзбекистон шунингдек қирғиз томонини икки мамлакат ҳукуматлари ваколатига кирувчи масалаларни "бир томонлама ҳал этишдан тийилишга" чақирган.

1999 - 2000 йил ёз ойларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг Боткен ва Сўхга сизиб кириши ортидан Ўзбекистон Сўх ва унга қўшни Шоҳимардон анклави бўйлаб ўтган чегараларини миналаган эди.

2004 йилда Ўзбекистон Қуролли кучлари чегарани миналардан тозалагани киришгани хабар қилинган.

Би-би-си сўхлик журналист Мирасрор Аҳроровга боғланди ва чегара ҳудудларидаги ҳозирги вазият ҳақида сўзлаб беришни сўради.